Жаҳон | 12:16 / 18.12.2023
6079
3 дақиқада ўқилади

Берлин, Лондон ва Париж Ғазо секторида сулҳ тузишга чақирди

Ғазо секторида сулҳ зарур, чунки «жуда кўп тинч аҳоли» уруш қурбонига айланди, дея маълум қилди Анналена Бербок ва Дэвид Кэмерон.

Фото: Ibraheem Abu Mustafa/REUTERS

Германия ва Британия ташқи ишлар вазирлари Ғазо секторида янги сулҳ тузишга чақирди. Анналена Бербок ва Дэвид Кэмерон 17 декабр, якшанба куни чоп этилган Sunday Times газетасидаги қўшма мақоласида: «Биз доимий тинчликка олиб келадиган доимий сулҳга эришиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак», деб ёзган. 

Бербок ва Кэмерон ўз мақоласида «бу можарода жуда кўп тинч аҳоли ҳалок бўлгани» учун имкон қадар тезроқ сулҳ тузиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, вазирлар Исроилга «тўлиқ ва зудлик билан сулҳ» тузиш талабини рад этди. «ҲАМАС Исроилга ҳужум уюштирди ва ҳар куни ракета отяпти», — дейилади мақолада. ҲАМАС, муаллифларнинг талаб қилишича, қуролларини ташлаши керак.

Буюк Британия бош вазири ўринбосари Оливер Дауден шу куни Исроил оғир аҳволда экани, чунки ҳамасчилар тинч аҳоли, хусусан касалхонадаги беморлар ортига яширинганини айтди. 

Бундан олдин Франция ташқи ишлар вазири Катрин Колонна ҳам Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн билан учрашувда сулҳ тузишга чақирган эди. Бироқ Коэн Исроилнинг айни вақтда ўт очишни тўхтатиш ҲАМАС учун фойдали бўлиши ҳақидаги позициясини такрорлади. Бир кун аввал Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлар давом этишини айтган эди. Улар гаровга олинганларни озод қилиш ва «душманлар устидан ғалаба қозониш» учун зарур, деб таъкидлади бош вазир. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 18 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

1 декабргача давом этган вақтинчалик оташкесим доирасида 100 дан ортиқ гаровга олинган шахс қўйиб юборилди, Исроил 240 га яқин фаластинликни қамоқдан озод қилди. Исроил расмийларига кўра, 7 октябр куни асирга олинган яна 138 киши ҲАМАС қўлида қолмоқда.

Мавзуга оид