Жаҳон | 08:14 / 18.12.2023
4447
3 дақиқада ўқилади

Брюсселда Фаластинни қўллаб-қувватловчи оммавий акция ўтказилди

Белгия пойтахтида 27 мингга яқин киши Ғазо секторида ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Кўпчилик Фаластин фуқароларининг драматик ҳаёт шароитларига эътибор қаратди ва уларни ҳимоя қилишни сўради.

Фото: HATIM KAGHAT/AFP/Getty Images

17 декабр, якшанба куни 27 мингга яқин киши Брюссел кўчаларига чиқиб, Ғазо секторида ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирди, деб хабар бермоқда RTBF Белгия телеканали.

Хабарда айтилишича, акция ташкилотчилари қатор жамоат ташкилотлари, жумладан, Human Rights League, Amnesty International Belgium, Union of Jewish Progressives of Belgium ва бошқалар бўлган. Канал веб-сайтида International Federation of Human Rights вакили Алексис Десваефнинг Ғазо секторидаги кескин вазиятга ишора қилган баёноти келтирилган: «Сув ва озиқ-овқатнинг барча манбалари узилиб қолган, очарчилик хавфи бор. Касалхоналар эса ўзбошимчалик билан бомбардимон қилинмоқда». 

Ўз навбатида, Белгия-Фаластин уюшмаси вакили Грегори Мауз телеканалга берган интервюсида «можаронинг таркибий сабабларини бартараф этиш ва фаластинликларга тенглик ва адолатни тақдим этиш, шунингдек, уларни ҳимоя қилишни таъминлашга чақирди». «Чунки бу можаронинг ҳарбий ечими йўқ ва можарога ечим топилмаса, биз доимий равишда янги зўравонлик даврларига тайёргарлик кўришимиз керак», - дея таъкидлади фаол. 

Репортажда берилган фотосуратда намойишчилардан бирининг қўлида «Нейтрал қолиш = шериклик» ёзуви бўлган плакат кўрсатилган.

Қайд этилишича, акция жиддий қонунбузарликларсиз ўтган. Фақат Zara дўконининг ойнаси стикерлар билан қопланган ва қалбаки қон билан бўялган. Намойишчиларнинг норозилиги бренднинг реклама кампанияси билан боғлиқ, унда моделлар оқ плёнкага ўралган манекенлар билан суратга олинган. Кўпчилик буни Исроилнинг ҲАМАС ташкилоти билан урушига бемаъни ишора сифатида баҳолади. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 18 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

1 декабргача давом этган вақтинчалик оташкесим доирасида 100 дан ортиқ гаровга олинган шахс қўйиб юборилди, Исроил 240 га яқин фаластинликни қамоқдан озод қилди. Исроил расмийларига кўра, 7 октябр куни асирга олинган яна 138 киши ҲАМАС қўлида қолмоқда.

Мавзуга оид