Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эшитмасдан «эшитиш». Залужнийнинг кабинетидан «жучок» топилиши нимани англатади?
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг ишхонасидан якшанба куни эшитиш мосламаси топилганди. Уни ким ва нега ўрнатган?
Украинлар бош қўмондони «прослушка» қилингани ҳақидаги илк хабарлар 17 декабр куни кечқурун тарқала бошлади. BBC Украина хизматининг ҳукумут тузилмаларидаги манбалари ҳам эшитиш мосламаси Залужнийнинг иш жойидаги хоналардан биридан топилганини тасдиқлаган.
Бир неча соат вақт ўтиб Украина хавфсизлик хизмати мазкур вазият юзасидан баёнот берди. Махсус хизматдагилар «жучок» бош қўмондоннинг кабинетида эмас, балки «Украина қуролли кучлари бош қўмондони ўтириши мумкин бўлган хоналардан бирида» ўрнатилганини қайд этган. Яъни бу жой ҳарбий бошлиқ ишлаши учун эндигина тайёрланган бўлган.
«Дастлабки маълумотларга кўра, аниқланган қурилма соз ҳолатда эмас. Қандайдир маълумотларни тўплаш ёки аудиоёзувларни масофадан узатиш воситалари аниқланмаган. Бу техник қурилма экспертизага тақдим этилади», — дейилган Украина хавфсизлик хизмати баёнотида.
Шу билан бир вақтда ҳарбий таҳлилчи ва «Цензор.нет» нашри бош муҳаррири Юрий Бутусов «жучоклар» бир нечта бўлганини хабар қилди: улардан бири — Залужний фойдаланиши мумкин бўлган стол остига, бошқаси — унинг ёрдамчиси Константин Бушуевнинг хонасида бўлган.
Украина қуролли кучлари бош штаби ҳам иккита «жучок» топилганини тасдиқлаган.
«Эшитиш мосламалари Украина қуролли кучлари бош қўмондони ва унинг фаолиятини таъминлаш аппарати ходимлари ишлаши учун кўзда тутилган кабинетларга ўрнатилган», — дейилган Бош штаб хабарида.
Бу қандай «жучок» ва у қаерда бўлган?
Фото: Украина президенти офиси
Залужнийнинг ўзи Киевда журналистлар билан мулоқот чоғида айтишича, «эшитиш мосламаси» аниқланган кабинетда у айнан 18 декабр куни ишлаши керак бўлганди.
Бош қўмондоннинг изоҳлашича, ўзи ва жамоаси анчадан буён тўғридан тўғри Украина қуролли кучлари Бош штаби биносида ишламаяпти ва бошқа бир қанча бинолардан фойдаланмоқда. Эшитиш қурилмаси ҳам шундай жойлардан бирида топилган, аммо ҳарбийлар анчадан буён бу ерда бўлишмаганди.
«Менда ишлаш учун бир неча жой бор. Ва бу шундай жойлардан бирида бўлган. Мен у ерда анчадан буён бўлмагандим».
Украина хавфсизлик хизмати контрразведка департаменти ва Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси собиқ бошлиғи Валерий Кондратюк ўз манбасига таянган ҳолда маълум қилишича, бу бинода зарур сертификат бўлмаган. Яъни махфий маълумотга эга ходимлар у ерда ишлаши мумкин бўлмаган.
«Бу қурилмалар топилган жой — сертификатланмаган. Махфий маълумотлар бўйича гаплашиш ва ишлаш учун муайян бино Украина хавфсизлик хизматидан сертификат олади», — дея изоҳлаган у «Радио НВ» радиостанцияси эфирида.
Олий раданинг собиқ депутати, ҳозир эса президент офиси маслаҳатчиси ҳисобланган Сергей Лешченконинг айтишича, «жамоат биноси»даги бу жой узоқ вақт давомида давлат мулки ҳисобланган, аммо кейин хусусий инвестор қўлига ўтган ва у бу жойни ўз хоҳишига кўра тасарруф этган.
«Бу бинода бир йил муқаддам Валерий Залужний ўтирганди, аммо ўша хонада эмас. Бу кабинетда унинг қўл остидагилар ўтиришган. Кейин улар жойлашган ўрнини ўзгартиришган. Энди эса бу бинога қайтишни хоҳлаб қолишганди», — деган Лешченко.
Президент офиси раҳбари маслаҳатчиси «прослушка»нинг ўзи ҳақида бу «украин хизматлари [собиқ президент Виктор] Янукович даврида фойдаланган эски қурилма» эканини ва гўёки ахборот йиғиш ёки сигнал узатиш учун жиҳозга эга бўлмаганини айтган.
Буни ким ва нега қилди?
Бу Украина ҳарбий контрразведка кунига [18 декабр куни нишонланади — Таҳр.] «совға» бўлди, дея ҳазиломуз гапиради BBC билан суҳбатда Украина хавфсизлик хизматининг собиқ ўринбосари Виктор Ягун бош қўмондон «эшитилгани» юзасидан.
У топилган «жучок» — амалда носоз ясама эшитиш мосламаси эканини айтади. Яъни, катта эҳтимол билан, у умуман махфий маълумотларни ёзиб олиш учун ишламаган ва фақат топиб олиниши арафасида ўрнатилган.
Махсус хизматларнинг собиқ ходими буни Украина қуролли кучлари бош қўмондони ишлайдиган жой — махсус мутахассислар ҳар куни текширадиган нозик объект экани билан изоҳлайди. Бундан ташқари, у ерда бинодаги ҳар қандай видео ва аудио қайд этишга тўсқинлик қиладиган махсус аппаратура ўрнатилиши керак бўлган.
Генерал Ягун шуларни ҳисобга олган ҳолда «прослушка аниқланиши» — россияликлар операцияси эмас, балки Украинадаги сиёсий кураш элементларидан бири эканини тахмин қилади. У маълум вақтдан кейин жамоатчиликка гўёки Залужнийнинг кабинетидан сохталаштирилган ёзув сиздирилиши мумкинлигини ҳам истисно этмайди.
«Бу, бош қўмондонни президент офиси билан низолаштиришга қаратилган кампания доирасидаги иш бўлиши мумкин. Буни истайдиганлар жуда кўп», — деган у.
Сўнгги вақтларда ОАВда Залужний ва президент Володимир Зеленский ўртасидаги можаро ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлмоқда. Бу хабарларга кўра, давлат раҳбари гўёки Украина қуролли кучлари бош қўмондони сиёсий амбицияларга эга деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга, душанба куни Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсовнинг айтишича, Залужний фойдаланиши мумкин бўлган хонага эшитиш мосламаси ўрнатиш — «душманнинг Украинанинг ҳарбий режалари тўғрисида маълумот олишга уринишидир».
«Бу, албатта, шов-шувли воқеа. Контрразведка органлари, хусусан Украина хавфсизлик хизмати бу вазият билан шуғулланиши лозим. Уруш давом этмоқда ва душман турли йўллар билан маълумот олишга, режаларимизни ўрганишга уринмоқда», — деган Юсов.
Ўз навбатида генерал Валерий Кондратюк қонунчилик ҳукумат амалдорлари хоналарига эшитиш мосламалари ўрнатиш учун фақат икки идорага ҳуқуқ беришига эътибор қаратади: Украина хавфсизлик хизмати ва Миллий аксилкоррупция бюроси. Аммо улар бундай процессуал ҳаракатлар ўтказиш учун суд санкциясини олиши керак.
Шунга кўра, агар Залужнийнинг хонасига «жучок» ноқонуний ўрнатилган бўлса, бу шундай ҳаракатларнинг олдини олиши лозим бўлган Украина ҳарбий контрразведкасининг жиддий хатоси бўлиб чиқади.
«Бу, менимча, сиёсий можаро сифатида катта оқибатларга олиб келадиган жиноятдир», — деб ҳисоблайди Украинанинг собиқ бош разведкачиси.
У бундай ҳаракатнинг эҳтимолий буюртмачиси ташқи кучлар бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмайди.
«Бугунги кунда Залужнийнинг ўз атрофидагилари билан муҳокама қилаётган маълумотлар нафақат россияликлар, балки руслар воситачи сифатида фойдаланиши мумкин бўлган бошқа исталган томонда катта қизиқиш уйғотади», — дейди Кондратюк.
Залужний эса «жучок» аниқланган хонада ҳеч қандай махфий маълумотлар ҳақида гаплашилмаганини билдирган. Бу мазкур бино узоқ вақт давомида ҳарбий қўмондонлик томонидан умуман фойдаланилмагани билан изоҳланади.
Бош қўмондондан ўз кабинетида эшитиш мосламаси топилганини қандай баҳолаши сўралган — босим ёки бошқа шунга ўхшаш нарса, у эса шундай жавоб қайтарган: «Ҳеч қандай. Уруш каби. Бу нима бўлиши мумкинлигини тергов кўрсатади».
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025