Исроил музокарага қайтмоқчи. ҲАМАС бунга қандай эришмоқда?
Жанг майдонида кўзланган натижаларга эришмаётган, ўз аҳолиси ва глобал иттифоқчиларининг кучайиб бораётган норозилиги қаршисида қолган Исроил Қатар билан музокараларга қайтишга қарор қилди. Kun.uz “Геосиёсат” рукнида урушнинг жорий ҳолатига доир саволлар билан сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромовга юзланди.
— Қатар ва Исроил гаровга олинганларни озод этиш бўйича музокараларни яна давом эттиради. Исроилнинг музокарага қайтаётганига сабаб нима? Ёки ҲАМАС қандай қилиб Исроилни бунга мажбур қилди?
Шавкат Икромов: — Уруш бошлангандан бери Исроил ҳукумати ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш ҳақида гапиради. Лекин уруш бошлангандан бери тахминан 30 минг дейиладиган ҲАМАС аскарларининг 5 мингтаси йўқ қилинган, бироқ бу ҳам тасдиқланган маълумот эмас. 18 минг тинч аҳоли ўлдирилди, 50 мингдан ортиқ ғазолик ярадор бўлди. Аммо ҲАМАСни йўқ қилиш бўйича аниқ натижалар бўлгани йўқ.
Охирги воқеалардан бири – исроиллик асирларнинг Исроил аскарлари томонидан адашиб ўлдирилиши мавжуд норозиликларни янада кўпайтириб юборди. Бундан ташқари, халқаро босим ҳам кучайган. АҚШ ҳукумати тезроқ урушни тугатиш тўғрисида жиддий огоҳлантирган. Германия ва Британия ўқ отишни тўхтатишни сўраяпти. Умуман, ички ва ташқи босимлар сабабли музокарага розилик билдириляпти.
Камолиддин Раббимов: — Инсоният тарихидаги энг қадимий уруш усули – партизанлик уруши. Босиб олинган ҳудуддагилар катта кучга эга бўлмаса, бундай пайтда партизанлик уруши бошланади. Худди шундай урушлар Ироқ ва Афғонистонда бўлди. Партизанлик урушида СССР Афғонистонда, АҚШ Виетнамда, Ироқда ютқазди. Яъни армия қанчалик қудратли бўлмасин, партизанлик уруши чўзилиб кетадиган ва ютқазиладиган уруш.
Исроил ростдан ҳарбий жиҳатдан қудратли. Аммо Ғазода тахминларга кўра, 500 километрлик туннеллар қазилган. Қолаверса, бу туннеллар жуда сифатли, айрим жойларида ҳатто мотоциклда ҳаракатланиш мумкинлиги айтилади. ҲАМАС бу урушга яхши тайёрланган.
Исроил учун яна бир муаммоли тараф шундаки, 2,5 миллионлик ғазоликларда ҲАМАС лойиҳасидан ўзга истиқбол мавжуд эмас. Халқаро доирада ҲАМАСни қанчалик террористик ташкилот дейишмасин, ғазоликлар уни қўллайди. Тахминан 30 минг ҲАМАС аскари бўлса, уларда қурбон бўлганлар ўрнини тўлдирувчи инсоний ресурс мавжуд. Исроил қандай стратегия билан партизанлик урушига жавоб беришни билмайди. Исроил ҲАМАС охирги 10 йилда тайёрлаган қопқонга тушгиси келмайди, аммо тушиб бўлди. ҲАМАСни ташкилот сифатида йўқ қилиш жуда қийин, мафкура сифатида эса иложсиз. Чунки Фаластин халқи учун эркинлик лойиҳасини бошқа ҳеч ким тақдим этмаяпти.
— Исроилга тезкор ғалаба керак эди, лекин буни уддалай олмади. Исроил яна қанча вақт Ғазода уруш олиб бориши мумкин?
Шавкат Икромов: — Исроил тезкор ғалаба ҳақида гапирган эди, аммо бундай урушларда тезкор ғалаба қилиш жуда қийин. Исроил ҳукумати ҲАМАСни жисмонан йўқ қилиб бўлмаслигини аллақачон тушунган. Франция президенти Макрон ҳам Исроил ҲАМАСни йўқ қилишни истаса, камида 10 йил урушиши керак, деганди. Бир неча ойда амалга ошадиган иш эмас бу. Умуман, Исроил ва ҲАМАС 2007 йилдан бери курашиб келади.
Камолиддин Раббимов: — Геосиёсий контекст ҳам бор. ҲАМАСни қўллаётган давлатлар бор, масалан Эрон буни яширмайди, араб давлатларидаги қудратли, бадавлат кишилар ҳам билвосита ҲАМАСни қўллаётган бўлиши мумкин. 11 сентябр воқеаларидан олдин закотлар бундай лойиҳаларга очиқча берилар эди, аммо бундан кейин ҳам билвосита берилаётгани эҳтимоли катта дейилади.
Бундан ташқари, чеклаб турувчи омиллар ҳам бор. Уруш жуда қиммат туради, Исроилнинг урушдаги ҳар бир кунига бир неча ўн ёки юз миллион доллар маблағ кетади, икки ой урушиш учун эса 50-60 млрд доллар керак. Исроил қанчалик бой, АҚШ ва Ғарб қанчалик молиялиштирмасин, бу барибир қимматлик қилади. Украинадаги ҳолатни кўряпмиз, Россия ҳам, Украина ҳам ҳолсизланди, Ғарб давлатлари ҳам ўзидаги захирани бериб бўлди.
Глобал дунёда давлатларнинг репутацияси жуда қимматли ресурс, Исроил эса бундан анчагина маҳрум бўлди. Ғарбда ҳам Исроилга нисбатан муносабат салбийлашмоқда. Шу фонда муттасил уруш олиб бориш Исроилга жуда қимматга тушяпти ва буни инкор қилолмайди.
— Исроил жамиятининг Нетаняҳу сиёсатига таъсири халқаро босимдан кўра кучлироқ рол ўйнаяптими?
Шавкат Икромов: — Ҳар иккала таъсир юқори. Исроилликлар асирларни озод қилиш учун музокара қилишга чақиряпти. Улар тушундики, ҲАМАСдан ҳарбий йўл билан асирларни қайтариб олиш имконсиз. Исроил томонидан ҳам ҳарбийлар, тинч аҳоли ўлаётгани, халқаро босим кучайиб, салбий муносабат ортиб бораётгани учун ҳам шуни талаб қиляпти исроилликлар.
7 октябрда Исроилни қўллаган, унга ҳамдардлик билдирган давлатлар бугун ундай эмас. АҚШ, Германия, Франция, Британиянинг чақириқларига Нетаняҳу эътибор бермагани учун қўллов ҳам камайиб бормоқда. Дастлаб Исроил юмшоқлик билан танқид қилинган бўлса, ҳозир очиқчасига қораланяпти.
АҚШ йил охирига қадар урушни тўхтатиш кераклигини айтяпти. Агар яна давом этса, АҚШ ҳозиргидай катта ёрдам бермайди, лекин барибир Исроилни қўллашга мажбур АҚШ, бутунлай тўхтатолмайди ёрдамни.
— Икки халқ учун икки давлат ғояси Нетаняҳу даврида йўқ бўлиб кетаётгандек.
Камолиддин Раббимов: — Исроилдаги ўнг сиёсатчилар ҳаракати Нетаняҳудан олдинроқ бошланган эди, аслида. Умуман, Исроилдаги ўнгларда ҳам, сўлларда ҳам Фаластин давлати ташкил топишига йўл қўймаслик бўйича консенсус бор. Улар Фаластин давлати тузилса, Исроил давлат сифатида мажруҳланади, деган норасмий позицияда туришади. Миллатчи қатлам эса очиқчасига биз ғарбий соҳилдаги ерларни қайтармаймиз, улар бизнинг тарихий ерларимиз, дейишади. Исроил сиёсий элитаси ҳам яҳудийларни эгаллаб олинган ерлардан чиқармоқчи эмас, чиқармоқчи бўлса ҳам, бу жуда қийин масала.
Исроилга реал босим қила оладиган ягона давлат – АҚШ. Аммо АҚШда бу борада ички муаммо кўп, яъни Исроилни қўлласа хам муаммо, қўлламаса ҳам муаммо бўлаверади. Демократлар партиясининг сўл вакиллари АҚШ Исроилни ортиқча қўллаётганини айтади, Исроилни деярли фашистик давлат сифатида кўради. Биргина шу Исроилни деб 2 миллиардлик мусулмон дунёси билан алоқаларни ёмонлаштирмаслик керак, дейдиган сиёсатчилар бор. Республикачилар ичида эса Исроилни қўлловчи сиёсатчилар жуда кўп. Умуман, АҚШ сиёсий элитасида яҳудийлар улуши катта.
— Урушдан кейин ҲАМАСнинг мавжудлиги ва унинг фаолияти қандай бўлади?
Шавкат Икромов: — Биринчидан, уруш натижасида Исроил нимага эришади, деган савол бор. Экспертлар Исроил ҲАМАСни йўқ қилиш учун 3 босқичда уруш олиб бориши кераклигини айтади. Биринчи ўринда ҲАМАС раҳбарияти йўқ қилиниши керак, дейилади, аммо Исроил буни 2007 йилдан бери уддалай олгани йўқ. Баъзи пайтда раҳбарият йўқ қилингани ҳақида баёнотлар берган, аммо ҲАМАС ўзини жуда тез тиклаган.
Иккинчи босқичда эса ҲАМАСга алтернатив гуруҳларни қўллаш орқали ҲАМАС таъсирини тушириш керак, дейилади. Аммо бу ҳам қийин масала. Учинчи босқичда, ҲАМАС мафкурасига қарши курашиш керак, дейишади. ҲАМАСнинг мафкурасида диний қарашлар ва Исроил давлатини йўқ қилиш ётади. Бу томонлама ҲАМАСни йўқ қилиш имконсиз иш. Исроилликларда биз қанча кўп Ғазодагиларни қийнасак, ўлдирсак, танг аҳволга солсак, уларнинг ҲАМАСга нисбатан ишончи сўниб боради ва қўлламай қўяди, деган тафаккур бор.
Исроил ичида ҳам ҲАМАСни йўқ қилиш ҳақида турли фикрлар бор. Яъни биз Ғазони босиб оламизми ёки ҲАМАСнинг ўрнига алтернатив кучлар келишига қўйиб берамизми, деган савол бор. Алтернатив куч деганда, сектор бошқарувини Миср ҳукуматига, Иордания ҳукуматига ўтказиш ёки БМТ назоратини ўргатиш кабилар назарда тутилади. Юридик жиҳатдан бу вариантларнинг имкони бор. Икки халқ учун икки давлат ғояси эса Исроилни қониқтирмайди.
Ўтган суҳбатда айтганимиздек, ҲАМАС мудофаа уруши олиб бормаяпти. Ғазоликларнинг 85 фоизи ўз уйини тарк этган, инсоний қурбонлар, инфратузилма талафотлари жуда катта. Шундай бир шароитда ҲАМАС нима қилмоқчи? ҲАМАС халқаро ҳамжамиятга Исроилни террорчи давлат сифатида кўрсатмоқчи эди ва бунга эришди. Араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги муносабатларни илиқлаштириш ҳаракатларини тўхтатди. Фаластиннинг амалдаги маъмуриятини обрўсизлантиришга ҳам эришди, Ғарбий соҳил ва бошқа ҳудудларда ҳукуматга нисбатан норозилик кучли. Глобал жануб қўлловига эришиб, Фаластин масаласини кун тартибига чиқармоқчи эди, буларга ҳам эришди ҳозирча.
ҲАМАС кейинги 5-10 йил ичида мавжуд бўладими-йўқми, деган саволга жавоб берадиган бўлсак, агар Исроил тахминан 10 йилда юқорида айтилган 3 босқичли урушни муваффақиятли олиб борса, йўқ қилиши мумкин. Аммо ўз ери, ўз ҳуқуқи учун курашаётган бундай гуруҳни йўқ қилиш ҳозирча имконсиз иш.
Камолиддин Раббимов: — Бу уруш ҲАМАС ва Исроил ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирди. Урушгача Исроил жуда қудратли давлат, ўтмишда ҳам бирлашган араб давлатларини мағлуб қилолган, деган тафаккур бор эди. ҲАМАС эса бу консенсусни парчалаб ташлади. Глобаллашган дунёда давлатлардан кўра марказлашмаган, яширинган, жамиятдан озиқланадиган ташкилот анчагина самарали ва катта зарба бера олиши мумкин экан, деган хулосани кўрсатди. “Толибон”, Ироқдаги бир қанча ташкилотлар ҳам буни кўрсатиб берганди, ҲАМАС ҳам буни такрорлади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
19:07
“Исроилнинг шартлари асосидаги сулҳ” — экспертлар Ливандаги оташкесим ҳақида
15:25 / 27.11.2024
«Тинч аҳоли уйини бомбалаш ғалаба дейилмайди» – оятуллоҳ Нетаняҳуни қатл этишга чақирди
07:31 / 27.11.2024
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
21:41 / 26.11.2024