Жамият | 10:13 / 25.12.2023
41219
2 дақиқада ўқилади

Навоийда Cobalt портлаши оқибатида 3 ёшли бола вафот этди

Қизилтепа туманида “метан-заправка”дан газ қуйиб чиқилган Cobalt’нинг газбаллони кўп ўтмай портлаб кетди. Машинада ота ва унинг кичик ёшдаги ўғли бўлган.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

2023 йил 24 декабр куни Қизилтепа туманида Cobalt машинасида чақнаш содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро Д.Ф. туманнинг Бўстон махалласида жойлашган “Бургер” кафесига қўнғироқ қилиб, пицца заказ қилган ва метан-шохобчадан чиққач буюртмани олиб кетишини билдирган. Ҳайдовчи соат 10:20 ларда туманнинг Маликобод маҳалласи ҳудудида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасидан газ қуйиб чиққан. Сўнгра кафе олдига бориб, буюртмани кута бошлаган.

Шу пайтда машинанинг газбаллони портлаган. Автомобилнинг орқа ўриндиғида ҳайдовчининг 2020 йилда туғилган ўғли Ш.Р. бўлган.

Ота ва ўғил турли даражадаги оғир тан жароҳатлари олиб, Қизилтепа туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вояга етмаган Ш.Р. жонлантириш бўлимида вафот этган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Қизилтепа тумани ИИБ тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Бухоро шаҳрида ҳам ҳаракатсиз ҳолатда турган Cobalt автомобилининг газбаллони портлаганди.

Мавзуга оид