Жаҳон | 22:57 / 25.12.2023
18624
2 дақиқада ўқилади

Ер тарихидаги энг катта кўл Гиннес рекордлар китобига киритилди

Қора денгиз, Каспий денгизи, шунингдек, Орол денгизи унинг қолдиқлари ҳисобланади.

Фото: Utrecht University

Қадимги Паратетис кўли Ер юзида мавжуд бўлган энг катта кўл сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилди. Унинг аниқ ўлчамларини батафсил кўрсатадиган тадқиқот Scientific Reports журналида 2021 йилда нашр этилган эди. 

Паратетис кўли ғарбда Австриядан шарқда Туркманистонга қадар чўзилган. У 2,8 миллион квадрат километр майдонни эгаллаган ва тахминан 1,77 миллион куб километр сувни ўз ичига олган - бу Ердаги барча замонавий кўллардагидан 10 баравар кўп. 

Таққослаш учун, ҳозирги вақтда энг катта кўл Каспий денгизи ҳисобланади - номидан фарқли ўлароқ, у дунё океанларига чиқиш имконига эга эмас, шунинг учун у аслида кўлдир. Каспийнинг майдони 371 минг квадрат километр бўлиб, унинг ҳажми бор-йўғи 78 минг куб километр. Байкал кўли эса эса мос равишда 31,7 минг квадрат километр ва 23,6 минг куб километр сувга эга. 

Паратетис тахминан 11,6 миллион йил олдин мавжуд бўлган. Бу ерда улкан китлар ва сутэмизувчи ҳайвонлар яшаган. Кўл миллион йиллар давомида қуриб, 350 минг йил ичида сувнинг учдан биридан кўпроғини ва майдонининг учдан икки қисмини йўқотган. Қора денгиз, Каспий денгизи ва Орол денгизи бу ажойиб кўлнинг асосий қолдиқлари ҳисобланади. 

Кўл номининг ўзи шуни кўрсатадики, сув омбори қадимги Тетис океанининг бир қисми бўлган, аммо Алп, Карпат ва бошқа тоғ тизимларининг шаклланиши билан ундан ажралиб чиққан. «Паратетис» атамаси 1924 йилда геолог Владимир Ласкарев томонидан таклиф қилинган. 

Сув омборининг ҳажмини ўрганган Утрехт университети тадқиқотчиларининг таъкидлашича, Паратетиснинг йўқолиши ҳозирги иқлим ўзгариши сув манбаларимиз ва атроф-муҳитимизни қандай ўзгартириши ҳақида сабоқ беради.

Мавзуга оид