Жаҳон | 15:12 / 27.12.2023
9748
4 дақиқада ўқилади

«Яндекс» компанияси yandex.kz серверларини Қозоғистонга кўчирди

«Яндекс» компаниясининг қозоқ доменидаги сайти Қозоғистон расмийлари томонидан блоклаб қўйилиши ортидан, компания серверларни Қозоғистон ҳудудига кўчирди. Айни пайтда, Yandex Go'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Kun.uz саволига жавобан ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари маҳаллий серверларда сақланаётганини маълум қилди.

«Яндекс»нинг Москвадаги офиси / Фото: Kun.uz

Россиянинг «Яндекс» компанияси yandex.kz маҳаллий доменининг серверларини Қозоғистон ҳудудига ўтказиш ишларини якунлади. Бу ҳақда Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги хабар берди.

«Яндекс» қозоғистонликлар учун ўз хизматларини маҳаллийлаштириш бўйича тизимли иш олиб бормоқда. Серверларни мамлакатга ўтказиш муҳим қадамдир. Бу бизнинг фойдаланувчиларимиз маълумотлари Қозоғистонда қайта ишланишини англатади. Вазирлик фуқароларнинг шахсий маълумотлар хавфсизлигига катта эътибор қаратади», дея таъкидлаган Қозоғистон рақамли ривожланиш вазири Багдат Мусин.

Маълумотларга кўра, Қозоғистонда «Яндекс» хизматларининг ойлик аудиторияси 10 миллионга яқин фойдаланувчини ташкил қилади.

Нимага Қозоғистон ҳукумати «Яндекс»га бундай талаб қўйганди?

«Яндекс» компаниясининг бир нечта онлайн сервислари қаторида такси хизмати кўрсатувчи илова-агрегатор ҳам бор. «Yandex Go» ва «Yango» номлари остидаги агрегатор Россиядан ташқари Ўзбекистон, Қозоғистон, Грузия, Арманистон, Беларус, Исроил, Норвегия, Финландия каби (жами 20 дан ортиқ) мамлакатларда ишлайди.

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб Россия махсус хизматларига такси буюртмалари хизмати маълумотлар базаларига кириш ваколати берилган эди.

РФда бу борада қонун қабул қилинганидан кейин Қозоғистонда Yandex.kz домени ўчириб қўйилганди. Қозоғистон Рақамли тараққиёт вазирлиги Россия компаниясидан «ҳуқуқ-тартибот органлар ва махсус хизматлар билан алоқалари» ҳақида тушунтириш беришни сўраганди. Шунингдек, Грузия шахсий маълумотлар хавфсизлиги хизмати «Яндекс Gо» сервисининг фойдаланувчилар маълумотларини қайта ишлаш жараёни қонунга мувофиқлигини текшириш учун ўрганиш ишларини бошлаганди. Финландия ва Норвегиянинг ваколатлари органлари «Яндекс»дан фойдаланувчиларнинг маълумотларини Россияга узатишни тўхтатишни талаб қилганди.

«Yandex Gо»нинг Ўзбекистондаги фаолияти

«Яндекс» такси хизмати Ўзбекистонга 2018 йилда кириб келган. Ҳозирда Тошкент, Фарғона, Қўқон, Марғилон, Наманган, Андижон, Самарқанд, Қарши, Бухоро ва Нукус шаҳарларида хизмат кўрсатади.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, рақамли операторлар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақлаши керак. Мамлакатда TikTok шу сабабли блокланган. 2021 йил кузида бу талаб Telegram, Instagram ва Facebook каби энг оммабоп платформаларга нисбатан ҳам қўлланиб, улар блокланиши ортидан катта ижтимоий резонанс юзага келган, натижада чеклов тезда олиб ташланиб, қатор раҳбарлар ишдан олинганди.

Yandex Go'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, сервис ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг маълумотларини Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақлайди.

“Биз фаолиятимизни Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ олиб борамиз, шунга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари маҳаллий серверларда сақланади. Биз, шунингдек, Маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича умумий регламент (GDPR)га амал қиламиз”, – дейилади компания ахборотида.

Компания аввалроқ Россия қонунчилигига киритилган ўзгаришлар юзасидан ҳам изоҳ берган эди. Унга кўра, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари фойдаланувчиларнинг Ўзбекистондаги сафарлари ҳақидаги маълумотларни «ола олмайди», чунки хизмат Россиядан ташқарида кўрсатилади ва бу ҳолатда «Россия қонунчилиги Ўзбекистондаги хизматга ва унинг фойдаланувчиларига нисбатан қўлланмайди».

Мавзуга оид