Хитой порахўрлик учун жазони кучайтирди
Асосан, пора бериш билан боғлиқ жиноятлар учун жазо кучайтирилди.
Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитасининг навбатдаги мажлисида Хитой Халқ Республикаси Жиноят Кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарор қабул қилинди.
Ўзгартиришлар порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар тўғрисидаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, шунингдек, порахўрлик учун янада қаттиқроқ жазоларни назарда тутади.
Жумладан, қуйидаги моддалар бўйича жазо чоралари кучайтирилади:
- давлат мансабдор шахсларига пора бериш;
- миллий муҳим лойиҳалар ёки йирик лойиҳалар доирасида пора бериш;
- мансабда кўтарилиш учун пора бериш;
- назорат, маъмурий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари ходимларига пора бериш;
- экология, молия, саноат хавфсизлиги, озиқ-овқат ва тиббиёт, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш, ижтимоий таъминот, таълим, тиббий ёрдам ва бошқаларда пора бериш.
Тузатишлар 2024 йил 1 мартдан кучга киради.
Хитойда пора бериш оғир жиноят ҳисобланиб, жазо бир неча омилларга боғлиқ. Масалан, пора миқдори қанча кўп бўлса, жазо шунчалик қаттиқроқ бўлади. Пора олувчининг лавозими қанчалик баланд бўлса, жазо шунчалик қаттиқроқ бўлади.
Хитой Жиноят Кодексининг 390-моддасида пора бериш учун қуйидаги жазолар белгиланган: Кичик миқдорда пора бериш, давлат амалдори бўлмаган шахсга пора бериш - 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Катта миқдорда пора бериш, юқори мансабни эгаллаган давлат амалдорига пора бериш - 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Жуда катта миқдорда пора бериш, бу оғир оқибатларга олиб келган бўлса - 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш.
Шу билан бирга, озодликдан маҳрум қилишдан ташқари қуйидаги қўшимча жазолар қўлланилиши мумкин: пора миқдорининг бир неча бараварида жаримага тортиш, мулкни мусодара қилиш, сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, муайян лавозимларни эгаллаш ёки сайловда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этиш.
Мавзуга оид
17:55
Хитой Филиппиннинг денгиз зоналарига оид қонунига жавобан патрулликни кучайтиради
15:18
«Қарз қопқони»: Хитой тасарруфига ўтган Шри Ланка порти
08:08 / 09.11.2024
Хитой Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари малакасини ошириш марказларини очади
20:57 / 08.11.2024