Ўзбекистон | 14:11 / 02.01.2024
5140
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Полша ўртасида ишбилармонлар кенгаши тузилади

Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Полша Миллий савдо палатаси президенти, Европа Савдо палаталари уюшмаси вице-президенти Марек Клочко билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Дунё АА

Музокаралар давомида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш, жумладан 2024 йил апрел ойида Тошкентда ўтказиладиган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Полша ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилиши доирасида ташкил этиладиган бизнес-форумга пухта тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Марек Клочконинг айтишича, Полша томони ўзбек ишбилармон доиралари вакиллари билан электрон тижорат, IT, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.

Томонлар Ўзбекистон-Полша ишбилармонлар кенгашини тузиш бўйича шартномани комиссиянинг 8-йиғилиши давомида имзолашга келишиб олди. Ҳозирги кунда Полшанинг 8 та давлат билан шунга ўхшаш тузилмалари мавжуд. Агар ушбу кенгаш тузилса, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасидан биринчиси бўлади.

Бундан ташқари, Польша томони Тошкентда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатик ваколатхоналарнинг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари учун Ўзбекистон вилоятларига танишув ташрифларини ташкил этишда ўз тажрибаси билан бўлишишга тайёрлигини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид