Жаҳон | 09:19 / 04.01.2024
6370
3 дақиқада ўқилади

Донецкдаги қийноққа солиш қамоқхонасининг собиқ раҳбари 15 йилга ҳукм қилинди

Киев суди Денис Куликовскийни терроризм, бир гуруҳ шахслар томонидан тил бириктириб жиноят содир этиш ва уруш қонунларини бузиш моддалари бўйича айбдор деб топди.

Денис Куликовский Фото: Ижтимоий тармоқлар

Донецкдаги «Изоляция» қамоқхонасининг собиқ бошлиғи, Палич лақабли Денис Куликовскийни Киевнинг Шевченко туман суди мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 15 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда 3 январ, чоршанба куни Украинанинг «Суспiлне» онлайн-нашри суд залидаги ўз мухбирига таяниб хабар берди.

Таъкидланишича, суд Куликовскийни терроризм, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб жиноят содир этиш, уруш қонунларини бузиш каби жиноятларда айбдор деб топди. Шу билан бирга, унинг одам савдоси моддаси бўйича айби исботланмади. 

«Изоляция» қамоқхонасидаги маҳбуслардан бири блогер ва журналист Станислав Асеев эди. «Украина 24» телеканали эфирида у маҳбуслар қамоқхонада қийноққа солингани, қаттиқ калтаклангани ва ҳатто зўравонликларга дучор бўлганини айтди - хусусан Куликовскийнинг ўзи томонидан. Асеевнинг сўзларига кўра, қамоқхонанинг ўша пайтдаги бошлиғи жабрланувчилар қичқириғини маҳбусларнинг ўзи куйлаган совет қўшиқлари билан бостиришни буюрган. 

Ҳуқуқ ҳимоячиси Александра Матвийчук ҳукмни шарҳлар экан, айблов томони Куликовский учун 15 йил қамоқ жазосини сўраганидан ҳайратда эканини билдирди. Унинг фикрича, унга адолатли жазо - умрбод қамоқ бўлади. 

Денис Куликовский ва «Изоляция» қамоқхонаси ҳақида нималар маълум 

Денис Куликовский 2021 йилда «СБУ» томонидан қўлга олинган. У Донецкда ноқонуний фаолият юритаётган «Изоляция» қамоқхонасида украиналик ҳарбий асирлар ва тинч аҳолини қийноққа солишда шахсан иштирок этганликда айбланган. «Суспiлне» ёзишича, Денис Куликовский ушланганидан кўп ўтмай эълон қилинган видеода у «Изоляция»да одамларни қийноққа солиш ва сўроқ қилишда иштирок этганини тасдиқлаган.

Иш бўйича тергов 2022 йил июн ойида якунланган, шундан сўнг материаллар судга ўтказилган. Бу иш бўйича суд мажлислари ёпиқ эшиклар ортида ўтди ва журналистлар унда қатнаша олмади.

«Изоляция» - 2014 йилда шаҳар эгаллаб олингандан кейин Донецкда янги ҳокимият томонидан ташкил этилган қамоқхона. У собиқ изоляция материаллари заводининг ҳудудида, олдин бу ерда «Изоляция» санъат майдончаси ишлаган. Қамоқхона махфий мақомга эга. Денис Куликовский уни 2015 йилдан 2018 йилгача бошқарган.

Мустақил матбуотнинг эслатишича, бу қамоқхонага мустақил кузатувчилар, Қизил Хоч ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари вакиллари киритилмаган. Украина Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, одамларни ўғирлаган, ҳибсга олган ва «Изоляция»да қийноққа солганлар қўлидан камида 3500 киши жабр кўрган.

«ДХР» ҳокимияти Украинада террорчи ташкилот деб ҳисобланади. 

Мавзуга оид