Жамият | 12:00 / 04.01.2024
14971
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда босқинчилик қилиб, кекса ёшдаги фуқарони ўлдирган шахслар ушланди

Уларнинг уч нафари Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида яшаган. Бир нафари жабрланувчиларга қўшни бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида босқинчилик жиноятини содир этган шахслар ушланган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2023 йил 18 ноябр куни тунда уч нафар номаълум шахс юзларига ниқоб тақиб Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Оқтом маҳалласида яшовчи фуқаронинг уйига кирган.

У ерда ҳеч қандай пул ва қиммат буюмлар топ олмагач хонадон эгаси ва унинг турмуш ўртоғидан пуллар қаерда сақланишини сўраб зўрлик ишлатишган. Сўнг эркак ва аёлга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказиб, воқеа жойидан яширинишган.

Оқибатда 70 ёшли эркак ва унинг хотини Ғаллаорол тумани марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай эркак олти кундан сўнг вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиззах вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида босқинчилик қилган шахслар аниқланган.

Хусусан Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани Сарибоши ва Пўлатчи маҳаллаларида яшовчи 1991, 1994 ва 1998 йилларда туғилган йигитлар ҳамда жабрланувчи билан битта маҳаллада яшовчи 36 ёшли шахс процессуал тарзда ушланган.

Гумон қилинувчилар ўз қилмишларини яшириш мақсадида ўзлари фойдаланган ниқоблар, қўлқоплар ва темир бўлагини Паст Дарғом тумани Дўрмонсой маҳалласидан оқиб ўтувчи каналга ташлаб юборишган. ИИБ ходимлари томонидан улар топилган ва ҳужжатлаштириб олинган.

Қайд этилишича, гумонланувчи 4 нафар шахсга Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари билан айблов эълон қилинган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид