Жаҳон | 11:14 / 05.01.2024
6316
2 дақиқада ўқилади

ИШИД Эрондаги терактга алоқадорлигини эълон қилди

Эроннинг Кирмон шаҳрида икки портлаш билан содир бўлган мудҳиш теракт оқибатида 80 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Фото: Picture Alliance

3 январ куни Эроннинг Кирмон шаҳрида содир бўлган икки портлаш 84 киши ҳалок бўлиши ва икки юздан ортиқ одам жароҳат олишига олиб келди, теракт ИШИД гуруҳи томонидан амалга оширилган. У 4 январ, пайшанба куни ўзининг Telegram-каналида ушбу терактга алоқадорлигини маълум қилди.

Бу маълумотларга кўра, ҳудудида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) собиқ қўмондони генерал Қосим Сулаймоний дафн этилган Кирмондаги масжидда мотам маросими чоғида қурилмалар ИШИДнинг икки жангариси томонидан портлатилган. Сулаймоний 2020 йилда АҚШ зарбаси натижасида ўлдирилганди. Кирмондаги портлашлар Эронда Ислом Республикасининг 45 йилидаги энг қонли ҳужум бўлди.

2022 йил октябр ойида Эроннинг Шероз шаҳридаги Шоҳ Черах мақбарасида отишма содир бўлиб, 15 киши ҳалок бўлган эди. ИШИД жангарилари ҳужумга алоқадорлигини маълум қилган. 2023 йил июл ойида Эронда ҳужумни уюштирганликда айбланиб ўлимга ҳукм қилинган икки киши қатл этилган эди.

Эрон билан қўшни Афғонистонда ИШИД бўлими мавжуд. Афғонистондаги ИШИД жангарилари бу мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритган "Толибон" ҳаракати билан ҳам келишмовчиликда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид