Жамият | 10:56 / 05.01.2024
28723
2 дақиқада ўқилади

Тиш пломбалари сифатини аниқлашнинг оддий усуллари

Юқори сифатли тиш қопламаси ўрнатилган ёки йўқлигини қатор белгилар билан аниқлаш мумкин. Қопламалар сифатини бир неча параметрлар бўйича баҳолаш имкони мавжуд.

Биринчи белги тегиниб кўриш орқали баҳоланади. Агар пломба ўрнатилгандан бир неча ҳафта ўтгач, инсон тили билан пломба ва тиш ўртасидаги “чегара”ни ҳис қилса, бу пломба тайёрланган материал ёмон ёпишқоқ хусусиятларга эга эканлигини англатади. Яъни у тиш тўқималарига яхши ёпишмайди. Бунинг оқибатида бактериялар тиш тўқималари орасига кириб боради, сўнгра пломба остида кариес шаклланади.

Бунинг хавфли томони шундаки, бундай пломба остида тишларнинг парчаланиши эътиборга олинмайди. Пломба тиш вайрон бўлгунга қадар ёки унинг атрофидаги тўқималарнинг шишиши пайдо бўлгунча остидаги бактерияларнинг зарарли фаолиятини беркитиб туради ва улар кўзга ташланмайди. Бу эса касалликнинг эрта олдини олиш имкониятини йўққа чиқаради.

Иккинчидан, пломба моддаси билан қопланган олд тишларга эътибор қилиш керак. Бу ерда пломба рангининг жуда тез ўзгаришига эътибор бериш мумкин – бир қарашдаёқ тиш ва қоплама рангги икки хиллиги сезилиб қолади. Пломба дарҳол тиш тўқималарининг фонида қоронғи нуқта сифатида ажралиб чиқа бошлайди. Бу сифат бузилишининг иккита сабаби бор: пломба моддасининг рангини танлашда шифокорнинг хатоси ва сифатсиз материал.

Паст сифатли пломбанинг яна бир белгиси - жуда тез эскиришидир. Бундай ҳолда, қопланган тиш тўқималари очилади ва пломба ўзининг асосий функциясини бажаришни тўхтатади, шикастланган тиш тўқималарини қопламайди, бактериялар дарҳол уларга кириб, кариес ҳосил қилади.

Агар пломба ўрнатилгандан кейин кўп ўтмай тушиб кетса, демак у қоплама қўйишдан олдин ишлов берилган қуритилган юзага эмас, балки нам сиртга қўлланилган. Агар сиз дарҳол шифокорга мурожаат қилсангиз, ҳеч қандай зиёнсиз тишни қайта пломбалаш мумкин бўлади. Акс ҳолда, тиш тезда зарарланади. Чунки тиш тўқималари қанча вақт очиқ қолса, шунча кўп емирилиб кетади.

Махсума Оққўзиева тайёрлади.

Мавзуга оид