Ўзбекистон | 13:45 / 06.01.2024
5384
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда малакани мустақил баҳолаш қоидалари эълон қилинди

Малакаларни баҳолаш марказлари томонидан касб имтиҳони кўринишида малакани мустақил баҳолашни ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Қоидалар Малакани баҳолаш марказлари томонидан касб имтиҳони кўринишида малакани мустақил баҳолашни ўтказиш тартибини белгилайди.

Малакани баҳолаш, Малакани баҳолаш маркази томонидан онлайн тестни ўтказишга мўлжалланган дастур таъминотидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Бунда, малакани баҳолаш жараёни электрон ташувчи жисмда видеоёзув орқали қайд этилади.

Баҳолашдан ўтказиш учун мўлжалланган баҳолаш воситалари (баҳолаш усуллари, малака имтиҳонининг назарий ва амалий қисмлари учун топшириқлар, фойдаланиладиган моддий-техника ресурслари ва онлайн-синов учун дастурий таъминот тўғрисида маълумотларни ўз ичига олган ҳолда) тасдиқлашдан олдин тегишли Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Камбағалликни қисқартириш ва меҳнат масалалари илмий-тадқиқот институти (Меҳнат институти) томонидан экспертизадан ўтказиш шарт.

Малакани баҳолаш шаффофлик, холислик, мустақиллик, манфаатлар тўқнашувини истисно этиш, шахсга тааллуқли маълумотларнинг махфийлиги ва очиқлик тамойиллари асосида касбий стандартлари талаблари ёки белгиланган тартибда тасдиқланган амалдаги тариф-малака маълумотномалари талабларига мувофиқ тегишли соҳа бўйича ихтисослашган экспертлардан иборат малака комиссияси томонидан Малака имтиҳони тарзида ўтказилади.

Малакани баҳолаш маркази таълим (касб-ҳунарга ўқитиш, малака ошириш) фаолиятини амалга оширувчи муассаса негизида ташкил этилганда, ушбу муассасаларда ўқиб чиққан фуқароларни малакасини баҳолашга рухсат этилмайди.

Малака имтиҳонини ўтказишда ваколатли ташкилот, республика ва тармоқ кенгашларининг вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этишга ҳақли.

Малака, билим ва кўникмаларни баҳолаш:

  • касбий малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолашдан ўтишни хоҳловчи шахснинг ташаббусига кўра-ушбу шахснинг маблағлари ҳисобидан;
  • иш берувчининг йўлланмасига кўра-иш берувчининг маблағлари ҳисобидан;
  • иш берувчи бюджет ташкилотлари ёки бюджетдан маблағ олувчи ташкилотлар бўлганда ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан;
  • касбга ўқитиш марказига хизматлар кўрсатиш доирасида-касбга ўқитиш марказининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мавзуга оид