Ўзбекистон | 16:14 / 06.01.2024
42807
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бепул кийим тарқатиб, тартибсизлик чиқарган дўкон эгаcи жаримага тортилди

Тошкентдаги савдо дўконларининг бирида бепул кийим-кечак тарқатилиши сабаб тартибсизлик юзага келди. Пойтахт ИИББ ҳолат бўйича ҳеч ким жароҳатланмагани ва жамоат тартиби сақланганини билдирди. Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузгани учун дўкон раҳбари 5,1 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги савдо дўконларининг бирида бепул кийим-кечак олишга келган фуқаролар томонидан юзага келган тартибсизликлар акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, 4 январ куни Юнусобод туманида жойлашган “Brend rows” номли савдо дўконида эркаклар учун 300 дона қишки палто маҳсулотлари текинга тарқатилиши режалаштирилиб, бу хабар “Текинга палто 300 дона” деб номланган сарлавҳа билан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган.

Натижада дўконга кўплаб фуқаролар келиши туфайли тартибсизликлар юзага келган. Шу ҳудудда хизмат олиб борувчи ИИО ходимлари аралашуви билан жамоат тартиби сақланиб, вазият назоратга олинган, ҳеч ким жароҳатланмаган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ томонидан ўтказилган текширув натижасида “Brend rows” номли савдо дўкони раҳбари 1999 й.т. С.И.га Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 200-1-моддасига («Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш») асосан, ушбу дўконнинг 9 нафар ишчисига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасига (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган. 

Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судига тақдим этилган. Суд томонидан С.И.га базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди, 9 нафар фуқарога базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди”, дейилади ИИББ хабарида.

Мавзуга оид