Жанубий Корея разведкаси: Ким Чен Ин 10 ёшли қизини ворисликка тайёрламоқда
Сўнгги вақтларда Ким Чен Инга ҳаммаёқда, ракета синовларидан тортиб ҳарбий парадларгача ҳамроҳлик қилаётган ёш қизи, Жанубий Корея разведкаси маълумотига кўра, «катта эҳтимол билан» унинг вориси бўлади.
Шу билан бирга, Миллий разведка хизмати (NIS) Пхенян ҳамон «тахт ворислиги»нинг (ҳозирда мамлакатни Кимларнинг учинчи авлоди бошқармоқда) турли вариантларини кўриб чиқаётганини қайд этган.
Ким Жу Э илк бор 2022 йил ноябрида отаси билан янги қитъалараро «Ҳвасонг-17» баллистик ракетаси синовида жамоатчилик қаршисига чиққан ва шундан буён барча муҳим тадбирларда мунтазам равишда кўриниш бериб келади. У 10 ёш атрофида экани тахмин қилинади, лекин Кимнинг ўзининг ҳам, рафиқасининг ҳам, фарзандларининг ҳам туғилган саналари ҳақида расмий аниқ маълумот йўқ.
«Унинг жамоат фаолияти ва омма қаршисида пайдо бўлганидан буён унга кўрсатилаётган ҳурмат даражасини таҳлил қилган ҳолда тахмин қилиш мумкинки, Ким Жу Э энг эҳтимолий ворис ҳисобланади, — дейилган NIS баёнотида. — Аммо биз барча имкониятларни кўриб чиқишда давом этамиз, чунки Ким Чен Ин ҳали анча ёш, унинг соғлигида жиддий муаммо йўқ ва кўплаб ўзгарувчан омиллар мавжуд».
Корея Республикаси Бирлашиш вазири Ким Ён Ҳо ҳам декабр ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Шимолий Кореядаги ворислик мавзусида шунга ўхшаш баҳо берганди.
«Ким Чен Иннинг қизига мунтазам эътибор қаратилишини Шимолий Корея ичкарисидаги оғир шароитда ҳокимият ворислиги бўйича ниятини намойиш этишга шошилаётгани белгиси сифатида кўриш мумкин», — деганди у.
Ташқи кузатувчилар эса, маҳаллий нашрлар аввалига малика Жу Эни расман Кимнинг Севимли қизи деб атагани, энди эса уни Ҳурматли деб атай бошлаганини қайд этган. Бу мамлакатдаги энг шарафли мурожаат ҳисобланади: Ким Чен Иннинг ўзини ҳам фақат мамлакатнинг бўлажак раҳбари сифатида тасдиқланганидан кейингина «ҳурматли ўртоқ» деб атай бошлашган.
Шимолий кореяликларга туғилганидан бошлаб Кимларнинг қонида қарийб илоҳий қон оқиши ва мамлакат бошқаруви уларга юқоридан юборилгани ҳақидаги фикр сингдириб келинади. Шундай экан, Ким Чен Ин бу анъана давом эттирилиши ва авлодининг тўртинчи вакили ҳам ҳокимиятга келишига ишонч ҳосил қилишни истайди.
Ҳозирча эса қиз отасининг изидан қолмаяпти. Яқинда, декабр ойида улар янги қитъалараро «Ҳвасонг-18» баллистик ракетаси синовига биргаликда келишди.
Аввалроқ, ноябр ойида улар «Маллигён-1» айғоқчи сунъий йўлдоши (Пхеняндагилар у Оқ уйни икир-чикиригача фотосуратга олишга қодирлигини айтишган) орбитага чиқарилишини биргаликда кузатганди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Ким Чен Ин ўз қизини кенг жамоатчиликка бундай эрта ёшда кўрсатиш орқали ҳокимиятга келгунича унга ҳамма кўникиши ва у ўз етакчилик мавқейини мустаҳкамлаб олишини мақсад қилган.
Шунингдек, Ким шу йўл билан Шимолий Кореянинг патриархал жамиятида раҳбарлик лавозимларини эгаллаган аёлларга нисбатан шаклланган нотўғри қарашларни бартараф этишга умид қилаётган бўлиши ҳам мумкин.
Мавзуга оид
22:13 / 31.10.2024
Украина Ким Чен Инни ҳибсга олиш ордери бўйича ХЖСга мурожаат қилади
21:26 / 29.10.2024
КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг хавфсизлиги кучайтирилди – ОАВ
23:22 / 17.10.2024
Шимолий Кореяда чучхе календари бекор қилинди
21:47 / 06.10.2024