Ўзбекистон | 16:27 / 08.01.2024
14659
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё–Бахт айланма йўли қурилиши режалаштирилмоқда

М-39 автомобил йўлининг Қозоғистондан ўтган қисмини айлантириб уловчи ва М-34 автомобил йўлидаги Бахт ва Сирдарё шаҳарчаларини айланиб ўтувчи 38 километрлик янги йўл қурилади. Бу йўл қурилишига Саудия Арабистони компаниялари қизиқиш билдирмоқда.

Фото: Автомобил йўллари қўмитаси

Ўзбекистон Автомобил йўллари қўмитасида Саудия Арабистонининг Al Bawani ва SAJCO компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Тошкент–Термиз йўналишидаги М-39 автомобил йўлининг умумий узунлиги 38 км бўлган Сирдарё–Бахт айланма йўлини қуриш масаласи муҳокама қилинди.

Қўмита хабарига кўра, хорижий ҳамкорлар Сирдарёга келиб, қуриладиган объект лойиҳаси ва ҳудуд имкониятлари билан яқиндан танишган. “Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун маҳаллий инфратузилмани ўрганиш ниҳоятда муҳим”, – дейилади расмий хабарда.

Фото: Автомобил йўллари қўмитаси

Қўмита матбуот котиби Нилуфар Жумаеванинг Kun.uz'га маълум қилишича, ушбу лойиҳа ҳали ишлаб чиқилмаган, уни қайси компания амалга ошириши ҳам номаълум. Йўл қурилишига яна 4-5 та компания қизиқиш билдираётгани айтилмоқда.

“Булар ҳозир бориб йўлни энди кўрди, лойиҳасини энди ишлаб чиқади, у ҳукумат даражасида кўриб чиқилади. Яна 4–5 тача хорижий ҳамкорлар бор, улар ҳам шу йўлга қизиқиш билдириб турибди. Уларнинг ҳар бири ўз лойиҳасини тақдим қилади, кейин у лойиҳа тасдиқланиши керак. Кейин булар тендерда иштирок этиши керак. Ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Чунки булар билан биринчи марта учрашув бўлди” , – дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистонининг ушбу компаниялари вакиллари ўтган йили август ойида ҳам Ўзбекистонга келиб, ўшанда Транспорт вазирлигида бўлган ва йўл-қурилиш соҳасига инвестиция киритишга қизиқиш билдирган эди.

Мавзуга оид