Жаҳон | 18:28 / 09.01.2024
17839
8 дақиқада ўқилади

Иккига бўлинган бир миллат: Кореянинг бирлашиши нимага боғлиқ?

5-8 январ кунлари Шимолий ва Жанубий Корея конфликтида навбатдаги эскалация кузатилиб, икки томон бир-бирига юзлаб артиллерия зарбалари йўллади. Kun.uz бу низонинг сабаблари ва ечим омилларини таҳлил қилиш учун “Геосиёсат” дастурига сиёсий таҳлилчилар – Жаҳонгир Саидов ва айнан икки Корея ўртасидаги чегара ҳудудда тадқиқот олиб борган Фарҳод Каримовни таклиф этди.

— Корея нега ва қандай қилиб Шимол ва Жанубга бўлиниб қолганди?

Жаҳонгир Саидов: — 1950 йилда Кореяда фуқаролар уруши бошланади, бўлинишга ҳам асосий сабаб шу деб қаралади. Ўшанда Шимолни СССР, Жанубни эса АҚШ қўллаб-қувватлади. 1953 йилда эса Корея расман икки қисмга бўлинди.

Фарҳод Каримов: — Иккинчи жаҳон урушидан Япония мағлуб бўлиб чиқди. Урушдаги мағлублар ўз-ўзидан ғолиб давлатларга товон тўлашади. Япония қўл остида бўлган Кореяни СССР ва АҚШ бўлиб олади, яъни бу бўлиниш ташқи кучлар таъсирида бўлади. Асосан 1950 йилгача Шимолда Совет ҳарбийлари, Жанубда АҚШ ҳарбийлари бошчилигида ҳукумат шаклланади. 1950 йилда Шимолдан Совет ҳарбийлари чиқиб, Ким Ир Сен бошчилигида муваққат ҳукумат шакллантирилади. Шундан бошлаб Шимол Жанубни қўшиб олишга ҳаракат бошлайди. Уруш бошланишидан олдинроқ Ким Ир Сен Сталиндан Кореяни бирлаштиришга рухсат сўрайди, Сталин аввалига рад этади ва кейинги Совет иттифоқини аралаштирмасдан ҳаракат қилишга рухсат беради.

Ким Ир Сен қўшини бир неча ҳафтада Пусангача етиб боради. Шу вақтда АҚШ ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик кенгаши чақирилади ва Кореяга киришга рухсат сўрайди. Хавфсизлик кенгаши рухсат бермаса-да, АҚШ ва иттифоқчилари қўшини кириб, Ким Ир Сенни Шимолга сиқиб чиқаради. Шу зайлда 3 йил гоҳ бу томон, гоҳ у томон қўли баланд келиб уруш давом этади. АҚШ ва иттифоқчилар қўшини Шимолий Кореяни эгаллаб, Хитой ҳудудигача боргач, шундан сўнг Хитой ҳудуди хавф остида деб, 300 минг хитойлик кўнгиллилар урушга киради ва Ким Ир Сен Жанубгача етиб боради.

Бу урушда бир неча юз минг қурбонлар бўлади, Вьетнам урушида ҳам бунча қурбонлар бўлмаган. 1953 йилда 38-параллел бўйича тўхталади ва тинчлик сулҳи тузилади, шартнома эмас. Ҳозирги кунда ҳам юридик томондан 2 давлат уруш ҳолатида.

— Кореяни иккига бўлишда нега айнан 38-параллел танланган?

Жаҳонгир Саидов: — 38-параллел чизиғи тушунчаси мил.авв. 7-асрда пайдо бўлган. Ўша вақтда Корея ҳудудида Силла қироллиги бўлган. Япония ва Хитой ўша вақтда Силлани ўз таркибига қўшиб олишни кўзлаб юрган. Япония томони Хитойга Силлани 38-параллел чизиғида бўлиб олишни таклиф этган, аммо бу таклиф рад этилган. Яъни 38-параллел чизиғи тушунчаси шунда ўртага чиққан. 1953 йилдаги ҳолатда эса АҚШлик генераллар вақтинча чегара сифатида тўғри ва қулай бўлгани учун 38-параллелни танлашган ва ҳозирги кунгача шу чегара бўлиб қолмоқда.

Фарҳод Каримов: — 38-параллел чизиғидаги ҳудудга ҳарбийлар киритилмайди, 1953 йилдаги келишувга кўра шундай. Ҳозир ҳам энига 4 км бўлган чизиқда ҳарбийлар киритилмайди. Бундай ҳудуд қолдириш бир-бирини кузатиб туриш учун ҳам. Аммо Шимолий Корея ўша ерда ҳам тунелларни кўрганмиз, юзлаб шундай катта-кичик тунеллар бор. Асосан жосуслар юбориш, конфликтни қўзғаш учун ҳаракатлар бўлган.

— Шимол-Жануб ўртасидаги кескинликни аслида АҚШ, ХХР ва Россия давлатлари орасидаги билвосита уруш деб аташ мумкинми?

Фарҳод Каримов: — Корея бирлашишини ҳамма хоҳлайди. Бу ердаги масала қайси Корея устувор бўлишида. Россия ва Хитой Шимолий Корея модели устувор бўлишини истайди, Ғарб эса Жанубий Корея модели устуворлигини истайди. Яъни бирлашиш эмас, балки қайси модел асосида бирлашиш рақобат объектига айланган.

Корея яримороли қутблар бўлинишидаги бир майдон сифатида турибди. Хитой, Россия ва АҚШ бошчилигидаги Ғарб рақобати тимсоли бу икки давлат. Икки Кореянинг ўзи бир қарорга келмаса, ташқи кучлар муросага келмайди бу борада.

Жанубий Корея модели яхши эканини биламиз. Аммо Шимолий Корея ёпиқ давлат бўлгани учун уларнинг аҳолисига жанубликлар сотқин, миллатига хиёнат қилган сифатида кўрсатилади, мафкураси шундай. Қашшоқ дюхалқ бўлса ҳам, Жанубий Корея моделини осон қабул қилишмайди. 70 йил давомида шундай тафаккур шаклланди.

Жаҳонгир Саидов: — 2023 йил августида Япония, АҚШ ва Жанубий Корея раҳбарлари учрашди. Бу учрашувда асосий масалалар Хитойнинг дунёга таъсири, Шимолий Кореянинг тобора агрессивлашиб бораётгани ва ядро таҳдиди кабилар бўлди. Шу масалада 3 та қудратли давлат бирлашяпти, тарихан муросага келмайдиган Япония ва Жанубий Корея кетишяпти. Шундан ҳам бу масала анча жиддий экани кўринади.

— Бугунги кундаги ракета отишлар ва таранг муносабатлар яқин истиқболда қандай ривожланади?

Фарҳод Каримов: — Биринчи ўринда АҚШ ва Хитой рақобати масаласи бор. Тинч океани минтақасидаги асосий рақобатчи АҚШ ва Хитой, албатта. Хитой ўзи 70 йилдан бери қўллаётган ҳудудга АҚШ кириб келишини хоҳламайди. Иқтисодий, сиёсий сабаблари кўп.

Бунақа ракета учиришлар биринчи марта бўлаётгани йўқ. Шимолий Корея бу орқали ташқи дунёга ўзини кўрсатиш билан бирга ўз халқига ҳам намойиш қиляпти. Тоталитар автократик тузум тепасида турган Ким Чен Ин бу орқали халқига қудратини кўрсатиб, ҳали ҳам кучли эканини намойиш этади.

Дунёдаги бундай беқарор вазият фонида бўлиши ҳам тасодиф эмас. 90 йилларгача бўлган совуқ уруш пайти экиб кетилган уруғлар нишонаси бўляпти. Бундан ташқари, Тайван масаласи ҳам бор. АҚШнинг Тайвандаги фаоллашуви фонида бўлиш ҳам бир сигнал. Яъни «Сен Тайванни кучайтирсанг, бизда ҳам кучайтирадиган жойларимиз бор» дегандек. Лекин барибир менимча, Ким Чен Ин ўз фуқароларига кучини кўрсатиб қўйиш учун қилди, деган фикримда қоламан. Унинг отаси даврида ҳам шундай намойишлар бўлиб турган эди. Қанақадир катта урушга олиб келмайди деб ўйлайман.

Жаҳонгир Саидов: — Шимол ва Жануб муносабатлари доим бир хил бўлмаган. Илиқлашув даврлари ҳам бўлган тарихда. 1998-2012 йиллар оралиғида, яъни Ким Де Жун даврида икки давлат муносабатлари нисбатан илиқлашиб, савдо алоқалари ҳам бўлади. Пак Ин Хе ҳокимиятга келгач, маълум муддат муносабатлар совийди. 2017 йилда Мун Же Ин ҳокимиятга келгач, яна илиқлашди, 2018 йилда Ким Чен Ин билан чегарада учрашишда ҳам, Трамп ҳам борди. Қишки Олимпиадада Корея яримороли сифатида бирга қатнашишди. Аммо маълум вақт ўтгач, яна муносабатларда кескинлик юзага келди, АҚШда президент алмашиши ҳам таъсир қилди, 2020 йилда Жанубий Кореяда ҳам ҳокимият алмашди. Ўйлайманки, ҳокимият алмашиши ёки шунга ўхшаш ҳолатларда муносабатлар яна илиқлашиши мумкин.

Фарҳод Каримов: — Умуман, бу муаммолар Кореянинг ўзида бўлмади, дунё бўлиб ташлади бу давлатларни. Бирлашиш учун ҳам дунё сиёсий иродаси керак бўлади. Яъни бу масала ҳал бўлиши учун геосиёсий майдондаги шу билан боғлиқ бошқа муаммолар ҳам ҳал бўлиши керак. Масалан, Тайван, Украина, Яқин Шарқ муаммолари ечилиши керак. Қачонки бу ерда Ғарб, АҚШ, Хитой, Россия манфаатлари тўқнашувига ён берилса, шунда бирлашиш мумкин. Унгача бу масала ҳал бўлиши қийин, геосиёсий кучлар шу ҳолатга келтирди, ҳал қиладиган ҳам улар бўлади. Аммо бугунги тенденциялар кўрсатяптики, бу муаммо ҳали-бери ҳал бўлиши мушкул.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид