“Осмондаги мусаффолик энди йўқ” — фаоллар ҳавонинг ифлосланиши ҳақида
Тошкент экологияси бугун ҳар қачонгиданда оғир аҳволда. Охирги вақтларда кўм-кўк мовий осмонни, оппоқ булутларни кўрмай қўйдик. Айниқса қиш ойларида осмонни доим туманга ўхшаш рутубат қоплаб туради. Биз жамоатчилик фаолларининг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.
Аброр Зоҳидов, журналист (Тошкентда яшайди):
— Ҳаво ифлосланишидан жуда қаттиқ таъсирланганим йўқ, фақат бир нарсада сезиляпти, яъни уйқуга тўймай қолиш бўляпти, бунга сабаб етарли кислород бўлмаслиги ҳисобланади. Бошқа томонлардан ҳали билингани йўқ ўзимда. Кўпроқ жамоат транспортидан фойдаланаман, пиёда юришга ҳаракат қиламан.
Тошкент ҳавоси ифлосланишига кўп сабаблар илгари суриляпти, умуман, бир нарса аниқки, ростдан ҳам Тошкент ҳавоси ифлослашган. Қурилишлар сабаб дейилганди, аммо бу илмий тасдиғини топмади, бу эмас экан, ёмғирлардан сўнг ҳам ҳаво тоза бўлиб қолгани йўқ. Яъни ифлосланишда чанг асосий муаммо эмас. Ишлаб чиқариш, заводлар омили ҳам келтирилади, аммо Тошкент у қадар саноатлашган шаҳар эмас, шунинг учун бу ҳам асосий сабаб бўлолмайди. Менимча, энг асосий сабаб автомобилларнинг ҳаддан ортиқ кўпайиб кетаётгани ва улардаги сифатсиз ёқилғилар. Чунки Тошкентнинг барча нуқтасида автомобиллар бор.
Биринчи навбатда кескин чораларга тайёр бўлишимиз керак энди. Тошкент ҳавоси ифлос бўлиб кетди деб дод-вой қилиб, лекин ўзимиз машинамизда яна ҳавони ифлослантириб юраверсак, ҳеч нарса ўзгармайди.
Яшил технологияларга ўтиш, электромобилларга катта субсидиялар ажратиш керак. Ёқилғи сифатини назорат қилиш ва четдан сифатли ёқилғи кириб келишига имкон яратиш лозим.
Элмурод Эрматов, журналист (Андижон):
— Тошкентда ҳаво ифлосланиши бизни ҳам хавотирга солмоқда. Бизда ҳаво яхши, аммо биламизки, ҳар қандай янгилик, инновациялар марказдан бошқа жойларга ҳам тарқалади. Қўштирноқ ичидаги инновация бўлмиш ҳаво ифлосланиши ҳам вилоятларга етиб келмайди, деган умиддамиз.
Ўтган йили Андижоннинг энг дарахтлари кўп бўлмиш Хонобод шаҳрида текширув ўтказилган эди. Унга кўра, ифлосланиш даражаси нолга тенг бўлганди, яъни ҳаво тоза. Бу ҳам бўлса, дарахтларнинг кўплигидан. Шундан кўринадики, дарахт кўп бўлиши керак. Тошкентда эса табиат аёвсиз «зўрланди». Одамлар ўзлари «она табиат» деб атайдиган табиатни ўлдиряпти.
Охирги 10 йилликда Андижонда ҳам аввалгидек тиниқ, булутли осмонни кўрмаймиз, туманга ўхшаш рутубатли ҳаво осмонни қоплаб туради. Осмонда турналар учмай қўйди, оқар сув ва зовурларда бақалар ҳам йўқолди, чунки улар тоза сувда бўлади. Ҳаводан ташқари сувларимиз ҳам ифлосланиб кетган.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист (Самарқанд):
— Тошкентдагидек сурункали бўлмаса ҳам, Самарқандда ҳам ҳаво бузилиши бор. Чангли бўронлар пайтида ҳавода чанг пайдо бўлиб қолади, аммо тезда тарқайди бу. Шаҳар жойлашуви ҳам шамол йўлидан четда қурилган, чанг бўронлари тўғридан тўғри бўлмайди.
Тошкентдаги аҳвол ачинарли албатта. Сўнгги вақтларда кўп чиқишларни кўряпмиз, таклифлар бериляпти, энди мутасаддилар шу таклифларга қулоқ солиб, амалиётга татбиқ қилиш керак. Тошкент 1-2 йилдан бери ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида юқори 10 таликда тез-тез пайдо бўляпти, бу ачинарли. Агар керакли чоралар кўрилмаса, Тошкент бу рўйхат юқорисида доимий бўлади.
Мутахассисларнинг фикрича, бу ифлос ҳаво инсон омилидан ташқари чўл ҳудудлардаги чанглар ёпирилиши ҳисобига ҳам ортмоқда. Тоғлар билан ўралган Тошкент чанглар айланиб қоладиган қопқон ҳудуд бўлиб қолган. Шунинг учун Навоийдаги, Қозоғистондаги чўлларга худди Орол денгизи ўрнида экилгани каби саксовул экиш керак, деган таклиф ҳам бўлди Эркин Абдулаҳадов томонидан. Жуда яхши таклиф деб ўйлайман. Масалан, Термиз шаҳрида ҳам шундай чангли ҳаво кўп бўлади, ҳатто самолётлар қўнолмайдиган ҳолатлар бўляпти. Термизга ёпириладиган афғон шамоли чанги ҳам Туркманистон ҳудудида шаклланар экан. Термиз ҳам Тошкент каби тоғлар ўртасидаги қопқонда қолган. Яъни бу чанг масаласини айни бир ҳудудда ҳал қилиб бўлмайди, Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон биргаликда ечим қилиши керак. Сўл ҳудудларида тупроқ кўчишининг олдини олиш керак. Жамоатчилик чиқиши, маҳаллий мутасаддилар эмас, балки юқори даражада, давлатлараро чора кўрилиши керак.
Расул Кушербаев, экология вазирининг маслаҳатчиси:
— Шу ҳолатга етиб келишга асосий омиллардан бири мавжуд қонунчиликка амал қилинмагани деб ўйлайман. Амалдаги қонунчиликда ҳам экология борасида жуда кўп меъёрлар белгиланган, назорат функциялари кўрсатилган. Бироқ бу ишларни амалга ошириш масъул амалдорларнинг кайфияти, индивидуал ёндашувига боғлиқ бўлиб қолган. Экология соҳасидаги масъуллар бошқа ишлар билан шуғулланиши, бошқа вазифаларни бажаришга жалб қилиниши оқибатида шу муаммолар келиб чиқди.
Экология борасида, атмосфера ҳавосини ҳимоя қилиш борасида бир қатор талаблар бор. Лекин йирик-йирик корхоналар ҳам атмосферага меъёридан ортиқ чиқинди чиқаряпти ёки яширинча чиқаришади. Бу эса, албатта, экологик муаммоларга сабаб бўлади.
Аҳолини қулай инфратузилма билан таъминлаш, энергетика соҳаларида муаммолар сақланиб қолаётгани ҳам атмосфера ифлосланишига сабаб бўляпти. Чунки аҳоли турли қўлбола муқобил воситалардан фойдаланишга мажбур бўляпти.
Тўғрисини айтсам, Тошкент ҳавоси энди тоза бўлишига ишонмайман. Лекин бундан ҳам баттар бўлмаслиги учун ҳаракат қилиш мумкин. Йирик заводлар, ишлаб чиқариш корхоналаридан чиқаётган чиқиндиларни, автомобиллардан чиқаётган газларни камайтириш керак. Мавжуд яшил ҳудудларни сақлаб қолган ҳолда, янада яшилликни кўпайтириш лозим. Аммо биз бор яшилликдан ҳам маҳрум бўлиб бормоқдамиз. Асосий устуворлик бизнесдан фойда олиш бўлиб қолмоқда, шуни ўзгартириб, дарахтларни сақлаб қололсак, балки ижобий ўзгаришлар ҳам бўлар.
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024