Ўзбекистон | 15:16 / 10.01.2024
4917
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бировнинг номига 30 млн сўм кредит олган шахс ушланди

Гумонланувчи бировнинг маълумотларини қўлга киритиб, унинг номига банк иловаси орқали 30 млн сўм кредит расмийлаштирган. Сўнг пулларни ўз картасига ўтказиб олган.

Тошкент шаҳри Миробод туманида яшовчи, 61 ёшли Ш.О. ИИБга мурожаат қилиб, ўзининг номига онлайн кредит олинганини маълум қилган. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Тезкор-қидирув хизмати киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшовчи, 39 ёшли С.А. содир этгани аниқланган

Унга кўра, С.А., фуқаро Ш.О.га смс орқали сохта ҳавола юбориб, унинг шахсий маълумотларини қўлга киритган. Сўнг Ш.О.нинг номидан рўйхатдан ўтиб, онлайн тарзда 30 млн сўм кредит расмийлаштирган ва пулларни ўзининг банк картасига ўтказиб олган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, С.А.нинг содир этилиб, фош қилинмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми "б" бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид