Жаҳон | 13:57 / 12.01.2024
6405
4 дақиқада ўқилади

Украина учун миллионта снаряд: ЕИ муаммони маълум қилди

Еврокомиссия Украинага снарядларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммо ишлаб чиқариш қувватида эмас, деб ишонтирмоқда, у ўз вақтида миллионтага етказилади. «Ҳаммаси ЕИга аъзо давлатларга боғлиқ», дейди Брюсселдагилар.

Фото: Picture Alliance

Европа Иттифоқи баҳоргача артиллерия снарядлари ишлаб чиқаришни бир миллионга етказишга қодир, бироқ бу снарядларнинг қанчаси Украинага узатилиши унга аъзо мамлакатларга боғлиқ. Бу ҳақда Еврокомиссия расмий вакиллари 11 январ, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

«Европа комиссари (Терри Бретон) таъкидлаган нарса бўйича бизнинг ишончимиз комилки, Европа Иттифоқи мудофаа саноати ишлаб чиқариш қуввати йилига бир миллион снарядни ташкил этади. Бретоннинг баёноти шу асосда берилди», - дея DW'нинг саволига Европа комиссиясининг ички бозор масалалари бўйича вакили Йоханна Бернсел жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, Киевни бир йил ичида миллион снаряд билан таъминлаш сиёсий қарор бўлиб, уни амалга ошириш Европа Иттифоқи аъзоларига боғлиқ.

Бу мақсад ЕИга аъзо давлатлар томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган, деб эслатди Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати вакили Петер Стано. «Ҳамма нарса аъзо давлатларга боғлиқ, чунки улар снарядларни топширади ва корхоналарга буюртма беради», - дея таъкидлади у ҳамда Россия ҳаво ҳужумлари ва давом этаётган уруш туфайли Украинанинг ўқ-дориларга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётганидан хабардор эканлигини қўшимча қилди. «Аммо компаниялар - тижорат корхоналари, ва уларга буюртма керак. Шунинг учун биз қўшма харидларга кўп куч сарфлаймиз. Ўқ-дориларни Европа Иттифоқи эмас, балки аъзо давлатлар таъминлайди», - деди Стано.

Украинага ваъда қилинган нарсанинг фақат учдан бир қисми берилди

Еврокомиссияда Украина қуролли кучларига етказиб берилган снарядлар сони ҳақида сўнгги маълумотлар йўқ. Декабр ойидаги маълумотларга кўра, Украинага Европа Иттифоқи давлатлари томонидан мавжуд захиралардан ва буюртмаларни қайта тақсимлаш орқали 300 мингдан ортиқ «ер-ер» синфидаги ўқ-дорилар ва 3300 та ракета етказиб берилган. Станонинг сўзларига кўра, ҳозирда қўшимча етказиб беришлар амалга оширилмоқда ва 20 дан ортиқ ҳадли шартномалар тузилган. Декабр ойининг охирига келиб, шартномалар камида 180 000 ўқ-дориларни етказиб беришни назарда тутган, аммо улар ҳали Киевга ўтказилмади. Бу рақамлар ҳар ҳафта бироз ортиб боради, деди у.

Агар фақат Европа Иттифоқи мудофаа саноатининг ишлаб чиқариш қувватига назар ташлайдиган бўлсак, миномёт снарядлари бўйича у аллақачон йилига бир миллиондан ошган, артиллерия бўйича эса баҳоргача бу кўрсаткичга етади, деди Бернсел.

ЕИ бир йил олдин Украинага бир миллион снаряд ваъда қилган

9 январ куни Европанинг ички бозор бўйича комиссари Терри Бретон Украинага 2024 йил баҳорида 1 миллион артиллерия снарядларини етказиб бериш «мутлақо реал» эканлигини ва Европа Иттифоқи «бу ваъдага содиқ қолишини» айтди. Унинг сўзларига кўра, бу мақсадга эришиш учун Европа Иттифоқи давлатлари учинчи давлатларга қурол экспортини камайтириши, шунингдек, миллий ҳукуматлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун мудофаа компанияларига босим ўтказишини таъминлаши керак. Бретон, шунингдек, Европа Иттифоқи ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ва бир ярим-икки йил ичида бу кўрсаткич бўйича Россия билан тенглашишга қодирлигини билдирди.

2023 йил мартида Европа Иттифоқи Украинага 12 ой ичида 1 миллион артиллерия снарядини етказиб беришни ваъда қилган эди. Бироқ ўтган йилнинг ноябр ойида Германия мудофаа вазири Борис Писториус ваъда қилинган ўқ-дориларни ўз вақтида етказиб беришда қийинчиликлар борлигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид