Жаҳон | 14:16 / 13.01.2024
7968
3 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини тўхтатишдан бош тортди

ЖАР талаб қилган нарса - ЦАҲАЛнинг Ғазо секторида ҲАМАСга қарши операцияни тўхтатиши Исроилни ҳимоясиз қолдиради, деди Исроил вакили Ҳаагадаги БМТ халқаро судида.

Фото: REMKO DE WAAL/EPA/Scanpix

Исроил Жанубий Африка Республикасининг Ғазо секторида Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий амалиётни тўхтатиш ҳақидаги талабини қатъиян рад этди. Бундай ҳаракат Исроилни ҳимоясиз аҳволга солиб қўяди, деди Исроил ташқи ишлар вазирлигининг юридик маслаҳатчиси Тал Беккер 12 январ, жума куни Ҳаагадаги БМТ халқаро судида бўлиб ўтган эшитувларда. «Аризачи Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига путур етказмоқчи ва Исроилни ҳимоясиз қолдирмоқчи», — дея Беккер сўзларини келтирган Reuters. 

Бундан ташқари, Исроил ЖАР томонидан қўйилган геноцид айбловларини рад этди. Тал Беккернинг сўзларига кўра, Исроил мудофаа кучларининг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлари ҲАМАС ва бошқа ташкилотларга қарши ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳаракати бўлган. «Жанубий Африка Республикасининг воқеалар талқини қўпол равишда бузиб кўрсатилган. Агар геноцид ҳаракатлари содир бўлган бўлса, улар Исроилга қарши содир этилган», - деди Беккер Ҳаагадаги судда. 

ЖАР ҳукумати 2023 йил охирида БМТ халқаро судига Исроилга қарши даъво аризаси берди. Унда улар Исроил расмийларини Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга мажбурловчи вақтинчалик резолюция қабул қилинишини талаб этган. Шу билан бирга, ЖАР Исроил томони Геноцид жинояти олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенцияни бузганига ишора қилди. ЖАР президенти Сирил Рамапоса БМТ судига мурожаат қилиш унинг мамлакати принципиал позицияси эканини таъкидлади. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 23 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид