Белгородда хавфсизлик чоралари ва шарқий фронтдаги позициялар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 689-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Буюк Британия бош вазири Риши Сунакнинг Киевга ташрифи вақтида Британия ҳукумати Украинага 2,5 миллиард фунт стерлинг миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиши эълон қилинди.
- Украина ва Буюк Британия хавфсизлик тўғрисидаги келишувни имзолади. Ҳужжат Украинага такрорий ҳужум рўй берган тақдирда Буюк Британия Киевга мудофаа соҳасида «тезкор ва тўхтовсиз» ёрдам кўрсатишини назарда тутади.
- Россиялик ҳарбийлар Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллади. Украина қуролли кучларига кўра, жами 40 та ракета учирилган, шундан саккизтаси уриб туширилган, яна 20 таси нишонга етиб бора олмаган. РФ мудофаа вазирлиги эса «барча белгиланган объектларга аниқ зарба берилгани»ни билдирган.
- Краснодар ўлкасидаги далада ракетага ўхшаш объект топилди. Маҳаллий расмийлар бу «номаълум қурилма парчаси» эканини маълум қилган.
- Украина ҚК Белгород областидаги қишлоқлардан бирига камикадзе дронлар билан ҳужум уюштирди. Бир киши жароҳатланган.
- «РБК-Украина» нашри ёзишича, Украинадаги сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳасининг янги версиясига кўра, депутатлар ҳарбий мажбуриятдан ҳимояланган бўлмайди.
- «Медиазона» ва BBC Украинадаги урушда ҳалок бўлган 41 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийлар шахсини тасдиқлади. Шундан 1 100 дан ортиғи 20 ёшга тўлмаган ҳарбийлар бўлган.
- FT хабарига кўра, Еврокомиссия Украинага 50 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратилиши учун Венгрияга ён беради.
- Франция ТИВнинг янги раҳбари лавозимга тайинланганидан бир неча кун ўтиб Киевга келди.
Кун кадри. Шостка шаҳри ўққа тутилиши
13 январга ўтар кечаси ва тонгда Россия қўшини Украинага ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Украина ҚК ҳаво кучлари қўмондонлиги РФ армияси 40 та «ҳаво ҳужуми воситалари»: қанотли, аэробаллистик, баллистик, авиацион, зенит ракеталар ҳамда дронлардан фойдаланган. Маҳаллий расмийлар Ривне, Полтава, Черниҳив, Кировоград, Хмелницкая, Днипропетровск ва Суми областларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушгани ҳақида хабар берган. Суми областида Шостка шаҳри зарбага учраб, бир аёл жароҳатланган. Шосткада 12 минг квартира иссиқликсиз қолган, айрим жойларда портлаш туфайли деразалар тўкилган.
Белгороддаги автобус бекатларида ҳимоя воситалари ўрнатилиши
Белгород расмийлари шаҳардаги айрим автобус бекатларини қум тўлдирилган қоплар ва бетон блоклар билан ўрашмоқда. Улар бу орқали аҳолини украинларнинг зарбаларидан ҳимоя қилишни кўзлаган: маҳаллий «Моё! Белгород» нашри ёзишича, янги йил кунидаги зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан кўпчилик «павилёнларнинг шиша деворлари парчалари учиб келиши оқибатида яраланган».
12 январ тонгига келиб 14 та бекат ўраб чиқилган: тўққизтаси қум тўлдирилган қоплар билан, қолганлари — бетон блоклар билан ҳимояланган. «Моё! Белгород»нинг ёзишича, кейинги чора маҳаллий аҳоли вакилларини норози қилмоқда: улар бетон блоклар портлаш тўлқинидан қулаб, одамларни босиб қолиши мумкинлигидан хавотир олмоқда.
Белгород области губернатори Вячеслав Гладковнинг хабар қилишича, регион маркази мэри Валентин Демидов одамлар кўп тўпланадиган ва қум тўлдирилган қоплар ёки бетон блоклар билан ўраб чиқишнинг имкони йўқ бўлган жойларда «мудофаа вазирлиги учун тайёрланадиган модул конструкциялар»дан фойдаланишни таклиф этган. Бу қандай модул конструкциялар экани номаълум.
Креминна яқинидаги ўрмонда «Азов» полки жангчилари
Оккупация остидаги Макийивка ўққа тутилиши оқибатлари
Январ ойида «ДХР» раҳбари Денис Пушилин Россия оккупацияси остидаги Макийивка шаҳри Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилгани ҳақида уч марта хабар берган. Қуйидаги фотосуратда охирги зарбалар вақтида жабрланган икки қаватли уйлардан бирида жойлашган квартирасини кўздан кечираётган маҳаллий аҳоли вакили акс этган.
Донецк областидаги эвакуация
Донецк областининг фронт чизиғига яқин жойлашган — Краматорск, Торецк Покровск районлари ва РФ назоратига ўтган Бахмут шаҳри атрофидаги аҳоли яшаш манзилларидан мамлакатнинг нисбатан хавфсиз ҳудудларига эвакуация жараёни давом этмоқда. Аҳолига украинларнинг «Восток SOS» жамоат ташкилоти ходимлари ёрдам кўрсатмоқда. Ушбу фонд 2014 йил майида ташкил топган, у Россия-Украина уруши туфайли жабрланганларга ва уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлганларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.
Донецк области шимолидаги украин артиллериячилари ҳаёти
Мавзуга оид
22:59 / 26.11.2024
Украина – Жанубий Корея: кутилмаганда пайдо бўлган иттифоқ
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
17:41 / 26.11.2024
«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар
13:20 / 26.11.2024