Жаҳон | 09:19 / 15.01.2024
3722
2 дақиқада ўқилади

Эронда намойишларни ёритган журналистлар гаров эвазига озод қилинди

Журналистлар Нилуфар Ҳамадий ва Элаҳе Муҳаммадийлар Маҳса Аминий ўлимини биринчилардан бўлиб ёритган, шундан сўнг уларнинг ўзи қўлга олинган ва қамоққа ташланган.

Фото: abaca/picture alliance

Эронда Маҳса Аминийнинг ўлими ҳақидаги хабарлари ва ундан кейинги оммавий норозилик намойишларини ёритгани учун ҳибсга олинган журналистлар Нилуфар Ҳамадий ва Элаҳе Муҳаммадий қамоқдан озод қилинди. AFP агентлигининг 14 январ, якшанба куни хабар беришича, қизлар апелляция кўриб чиқилгунга қадар гаров эвазига қўйиб юборилган.

Shargh газетаси журналисти Нилуфар Ҳамадий 2022 йил сентябрида Аминий ўлимидан бир неча кун ўтиб ҳибсга олинган – 22 ёшли қиз ахлоқ полицияси томонидан ушланганидан сўнг ётқизилган касалхонага ташриф буюргани учун. Ham Miham газетаси фотографи Элаҳе Муҳаммадий ҳам 2022 йил сентябрида қизнинг дафн маросими ҳақида хабар бериш учун Аминийнинг она шаҳрига борганидан кейин ҳибсга олинган. 

Ўшандан бери иккала журналист ҳам қамоқда эди. 2023 йил октябр ойида улар АҚШ билан ҳамкорлик қилиш, миллий хавфсизликка қарши фитна уюштириш ва Ислом Республикасига қарши ташвиқот қилишда айбдор деб топилиб, 7 ва 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Энди уларнинг ҳар бири қарийб 180 минг евро гаров эвазига озод қилинди ва апелляция кўриб чиқилишини қамоқхонадан ташқарида кутади. 

Аминийнинг ўлими ва норозиликлар 

Маҳса Аминий 2022 йил 16 сентябрда бош кийимни нотўғри ўрашда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинганидан сўнг вафот этди. Унинг оиласи қиз полиция зўравонлиги туфайли вафот этганини даъво қилмоқда. Теҳрон расмийлари буни рад этади. 

Аминийнинг ўлими бутун Эрон бўйлаб «Аёл, ҳаёт, озодлик!» шиори остида бир неча ой давом этган оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлди. Ноҳукумат ташкилотларга кўра, намойишлар чоғида 550 дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлган, етти киши қатл этилган. 

Мавзуга оид