Жаҳон | 15:52 / 15.01.2024
9432
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу: Ҳаага Исроилнинг курашини тўхтата олмайди

Исроил бош вазири яна «тўлиқ ғалабага қадар» ҲАМАС жангчиларига қарши уруш олиб боришга ваъда берди. «Бизни ҳеч ким тўхтата олмайди», деди Нетаняҳу Ҳаагадаги БМТ Халқаро судида ўз мамлакатига қарши очилган геноцид бўйича даъвони эслатиб.

Фото: Maya Alleruzzo / Reuters

Исроилнинг ҲАМАС ташкилотига қарши уруши 100-куни арафасида бош вазир Бенямин Нетаняҳу кураш «тўлиқ ғалабага қадар» давом этишини яна бир бор маълум қилди. Исроил давлати, унинг қуролли кучлари ва хавфсизлик хизматлари «ҲАМАСга қарши маънавий ва адолатли, мислсиз уруш олиб бормоқда», деди Исроил ҳукумати раҳбари 13 январ куни кечқурун бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

«Бизни ҳеч ким тўхтата олмайди - Ҳаага ҳам, ёвузлик ўқи ҳам, - деди Нетаняҳу Жанубий Африка Республикасининг Ҳаагадаги БМТ Халқаро судига берган геноцид бўйича даъвосига ишора қилиб. - Ҳаагада яҳудийларнинг давлатига иккиюзламачилик ҳужуми - халқлар тарихидаги маънавий таназзул. У яҳудийларга қарши навбатдаги Холокост қилиш учун келганларнинг буйруғи билан амалга оширилмоқда». Бенямин Нетаняҳу Германия канцлери Олаф Шолцга Германиянинг геноцид даъвосига нисбатан сўзсиз салбий муносабати учун миннатдорчилик билдирди.

«Биз урушни охиригача – тўлиқ ғалабага қадар, барча мақсадларимизга эришилгунга қадар давом эттирамиз: ҲАМАС йўқ қилинмагунча, барча гаровга олинганлар қайтарилмагунча. Ғазо Исроил учун хавфсиз  туғдирмаслигини таъминлаймиз», - деди Исроил бош вазири. У мамлакати «Эрон ва унинг учта ишончли вакили бошчилигидаги ёвузлик ўқи»га қарши уруш олиб бораётганини таъкидлади ҳамда ҲАМАС, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ва Яманнинг ҳусийчи исёнчиларини назарда тутди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 23 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид