Ўзбекистон | 18:31 / 16.01.2024
19563
2 дақиқада ўқилади

Бош прокурорда янги ўринбосар пайдо бўлди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолияти кучайтирилмоқда. Департамент раҳбари Шамсиддин Соҳибназаров энди бир вақтнинг ўзида Бош прокурор ўринбосари ҳисобланади.

Фото: Бош прокуратура

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига асосан адлия катта маслаҳатчиси Шамсиддин Шарафидинович Соҳибназаров Бош прокурор ўринбосари - Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шамсиддин Соҳибназаров 2023 йил октябрида Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Бундан олдинроқ президент раислигидаги видеоселекторда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолияти кучайтирилиши, департамент чуқур таҳлил, тезкор-қидирув, тафтиш ва ўзи тергов қиладиган идорага айланиши, унинг раҳбари бир вақтнинг ўзида Бош прокурор ўринбосари бўлиши маълум қилинганди.

Бундан ташқари, департаментга энг замонавий ахборот тизимлари ва махсус воситалар олиб берилади, ушбу органда ишлаш учун иқтисодий соҳалар ва хорижий тилларни мукаммал биладиган мутахассислар танлаб олинади.

Шу тариқа, Ўзбекистон бош прокурори Ниғматулла Йўлдошевнинг ўринбосарлари сони саккиз нафарга етди. Бунгача ушбу лавозимда Баҳриддин Валиев (биринчи ўринбосар), Салом Самадов, Шоҳрух Аминов, Светлана Ортиқова, Ботир Қудратхўжаев, Шерзод Тўхтабоев ҳамда Жаҳонгир Хатамов ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид