Эрон АҚШнинг Ироқдаги консуллиги яқинидаги объектларга ҳужум қилди
Эрон Ироқ ва Суриядаги «жосуслик марказларига» зарба берганини маълум қилди. Ироқ Курдистонидаги АҚШ консуллиги яқинида бир неча портлаш юз берди, америкаликлар жабрланмаган.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Ироқ ва Суриядаги «жосуслик марказлари» ва «Эронга қарши террорчилик гуруҳлари жойлашган жойлар»га зарбалар берди. Бу ҳақда 16 январ, сешанбага ўтар кечаси Эрон давлат матбуоти хабар берди. Хусусан, таъкидланишича, баллистик ракеталар ёрдамида Ироқ Курдистони автоном минтақасидаги «Моссад (Исроил разведка хизмати) жосусларининг штаб-квартираси»га зарба берилган.
Шу билан бирга, Ироқ Курдистони пойтахти Эрбил шаҳридан 40 км шимоли-шарқда жойлашган АҚШ консуллиги яқинида бир неча портлаш содир бўлди, деб хабар бермоқда Reuters. Мухторият маъмуриятининг маълум қилишича, натижада тўрт нафар маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган, олти киши жароҳатланган. Reuters хабарига кўра, ҳалок бўлганлар орасида курд миллионер тадбиркори Пешрав Дизоий ва унинг бир неча оила аъзолари ҳам бор. Бундан ташқари, битта ракета курд разведкасининг юқори мартабали зобити уйига, яна бири курд разведка хизматлари марказига тушган. АҚШ расмийларига кўра, Эрон зарбаси оқибатида америкалик фуқаролардан ҳеч ким жабрланмаган.
Эрбилдаги аэропорт ишламай қолди. Ғарб коалиция кучлари унинг устида учта дронни уриб туширди, деб хабар бермоқда ABC News.
Сурияда ИИМК, Эрон ОАВ маълумотларига кўра, Идлиб вилоятидаги ИШИД террорчилик гуруҳининг нишонларига ҳужум қилган.
«Исроилга аниқ сигнал»
Эрон зарбалар «террорчиларнинг яқинда содир этилган ваҳшийликларига жавобан» амалга оширилганини маълум қилди. 3 январ куни Эрон жануби-шарқидаги Кирмон шаҳри қабристонида портлашлар содир бўлди, у ерда 2020 йилда ўлдирилган ИИМК генерали Қосим Сулаймоний хотирасига бағишланган маросим бўлиб ўтаётганди. 90 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Ҳужум учун масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олди, бироқ Теҳрон Исроил ва АҚШни портлашларга алоқадорликда айблади.
Dpa агентлигининг қайд этишича, Эрон шу пайтгача ҳеч қачон ўз ракеталари билан бундай узоқ масофага зарба бермаган – улар 1200 километрдан ортиқ масофани босиб ўта олган. Агентлик баёнотида айтилишича, бу Теҳрон ҳудудга зарба бериш учун техник имкониятга эга эканлиги ҳақида «Исроилга аниқ сигналдир».
Эрон Исроил ҳозирда Ғазо секторида жанг олиб бораётган ҲАМАС ҳаракатининг асосий қўллаб-қувватловчиси саналади ва бу можарога бевосита аралашиш билан таҳдид қилган. Ҳозир Қизил денгизда тинч аҳоли кемаларига ҳужум қилаётган яманлик ҳусийчилар ҳам Эроннинг «ишончли вакиллари» саналади.
Мавзуга оид
14:15 / 06.11.2024
Эрон: Агар Исроил сулҳга рози бўлса, Теҳроннинг жавоби ўзгариши мумкин
19:40 / 05.11.2024
Эрон иккита сунъий йўлдошини орбитага чиқарди
08:50 / 05.11.2024
WSJ: Эрон армия иштирокида Исроилга «кучли» ҳужум тайёрламоқда
21:37 / 31.10.2024