Ўзбекистон | 14:04 / 18.01.2024
20772
3 дақиқада ўқилади

Учтепа туманида бир оиланинг 3 аъзоси номаълум моддадан заҳарланиб, вафот этди  

Оиланинг яна икки аъзоси шифохонанинг жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолмоқда. ССВга кўра, беморларга ис газидан заҳарланиш ташхиси қўйилган. Бош прокуратура эса ҳолат юзасидан экспертиза тайинлангани, аниқ хулосалардан кейин оила аъзолари қандай вафот этгани маълум бўлишини билдирди.  

Фото: Kun.uz

Учтепа тумани Кўксарой маҳалласидаги хонадонда ота-она ва уларнинг уч қизи уйидан ҳушсиз ҳолда топилди. Kun.uz мухбирининг аниқлик киритишича, ҳолат 2024 йилнинг 16 январ куни содир бўлган.  

Воқеа жойи ва мурдалар тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилганида 36 ёшли она ва унинг 3 ёшли қизи вафот этганлиги аниқланган. Шунингдек, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология бўлимига оғир аҳволда олиб борилган 39 ёшли ота ҳам кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, 17 январ куни вафот этган.

Оиланинг 12 ёшли ва 8 ойлик қизлари эса Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳозирда уларнинг ҳам аҳволи оғир эканлиги айтилмоқда.

Бош прокуратурага матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг “Газета.уз”га маълум қилишича, ҳодиса жойидан турли хил гиёҳ ва дори воситалари, хонадонда истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг барчаси ашёвий далил сифатида олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан экспертиза тайинланган. Аниқ хулосалардан кейин оила аъзолари қандай вафот этгани маълум бўлади.

ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, беморларга ис газидан заҳарланиш дастлабки ташхиси қўйилган. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати раҳбари Меҳрибон Маметова эса таҳририятга 16 январ куни Учтепа туманининг Кўксарой маҳалласида табиий газ таъминотида узилиш бўлмаганинин билдирди.

Ҳолат бўйича Учтепа туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Аввалроқ, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида икки нафар фуқаро номаълум этиологияли модда таъсирида заҳарлангани, улардан бири вафот этгани хабар қилинганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид