Жаҳон | 10:32 / 20.01.2024
9517
2 дақиқада ўқилади

Британия лазернинг биринчи жанговар синовларини ўтказди

Лондон ракеталарни йўқ қилиш ва узоқ масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир лазер қуролларини яратишда олдинга қадам ташлади.

Фото: Getty images

Британияда ҳарбийлар синов давомида биринчи марта DragonFire узоқ масофали лазер йўналтирилган энергетик қурол тизимидан фойдаланган ҳолда ҳаво нишонларини уришга муваффақ бўлди, деб хабар берди 19 январ, жума куни мамлакат мудофаа вазирлиги.

Синовлар Шотландиядаги Ҳебрид полигонида бўлиб ўтди. DragonFire лазерининг диапазони махфийлаштирилган, деб хабар берди Британия ҳукумати. Қўшимча қилинишича, қурол «ҳар қандай кўринишга эга нишонни» аниқ мўлжалга олиши мумкин. The Times нашрининг ёзишича, синов давомида DragonFire бир неча километр масофадан яқинлашиб келаётган дронларни йўқ қилган.

Британия Мудофаа вазирлиги янги қурол келажакда «маълум вазифаларни» бажариш учун ракеталарга арзон муқобил вариант бўлиши мумкинлигини таъкидлади. «Энергия қуроллари нишонларга ёруғлик тезлигида тегади ва уларни нур ёрдамида йўқ қилади», - дея тушунтирилган мажмуанинг ишлаш тамойили. Бир лазер зарбаси 10 фунт стерлинг туради, дея маълум қилди идора. Унинг аниқлиги бир километр масофадан тангани аниқ уриш билан тенг. 

Муваффақиятли синовлар «тегишли масофаларда ҳаво нишонларини мўлжалга олиш қобилиятини намойиш этди ва ушбу технологияни жорий этиш йўлидаги муҳим қадамдир», — дея маълум қилди мудофаа вазирлиги. Идора баёнотида айтилишича, Британия армияси ва денгиз флоти ушбу қуролдан ҳаво мудофааси учун фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда. 

Мавзуга оид