Иқтисодиёт | 17:06 / 20.01.2024
16176
4 дақиқада ўқилади

Қўйлиқ бозорининг ёпилиши Тошкентда мева-сабзавотларни қимматлаштирди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, Food city'да айрим маҳсулотларнинг юқори улгуржи нархлари Тошкент шаҳрининг бошқа деҳқон бозорларидаги юқори чакана нархларга яқин бўлмоқда. Вазирлик нарх ўзгаришлари тўғрисидаги умумий хулосалар учун муайян вақт талаб қилинишини келтириб ўтди.

Қўйлиқ бозорининг реконструкция қилиниши важи билан ёпилиши сабабли Иқтисодиёт ва молия вазирлиги асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг кунлик улгуржи нархларини эълон қилиб боришни бир муддат тўхтатган эди.

Вазирлик орадан 12 кун ўтиб, Қўйлиқ ўрнига Food city'даги мева ва сабзавотлар нархини эълон қила бошлади. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу муддат давомида айрим маҳсулотлар сезиларли даражада қимматлашганига эътибор қаратди.

“Қўйлиқнинг ёпилиши ва Food city'га тадбиркорларнинг мажбурий кўчирилиши нархларни оширган. Хусусан, Қўйлиқнинг охирги куни бўлган 5 январга нисбатан 17 январ ҳолатига қуйидаги мева сабзавотларнинг максимал нархи сезиларли кўтарилган:

  • беҳи 25 минг сўмдан 50 минг сўмгача;
  • анор 35 минг сўмдан 45 минг сўмгача;
  • саримсоқ пиёз 33 минг сўмдан 40 минг сўмгача;
  • лимон 22 минг сўмдан 30 минг сўмгача;
  • банан 26 минг сўмдан 28 минг сўмгача;
  • мандарин 22 минг сўмдан 28 минг сўмгача;
  • киви 22 минг сўмдан 28 минг сўмгача;
  • апелсин 19 минг сўмдан 25 минг сўмгача;
  • олма 18 минг сўмдан 19 минг сўмгача;
  • сабзи 2500 сўмдан 5000 сўмгача;
  • пиёз 2200 сўмдан 2800 сўмгача;
  • карам 1500 сўмдан 2000 сўмгача.

Қўйлиқ бозори бўйича эълон қилиб борилган булғор қалампири, бақлажон ва қовун нархлари Food city'да кўрсатилмаган. Шунингдек, нўхат 20 минг сўмдан 35 минг сўмгача ошиб кетган”, дея ёзди иқтисодчи.

Шундан сўнг, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий изоҳ бериб, Food city'даги юқори улгуржи нархлар шаҳар ичидаги чакана нархлардан катта фарқ қилмаётганини тасдиқлади.

“Жорий йил 4–6 январ кунлари Қўйлиқ улгуржи бозори ва Food city мажмуасидаги нархлар орасида сезиларли тафовут мавжуд бўлмаган.

Масалан, картошка, пиёз, карам, сабзи, олма, узум, анор, нок нархларида деярли тафовут мавжуд бўлмаган бўлса, помидор, банан ва бошқа маҳсулотлар нархлари орасида 5 фоизгача (2 000–3 000 сўм) фарқ кузатилган. Ушбу даврда бодрингнинг минимал нархи Food city'да Қўйлиқ улгуржи бозорига нисбатан 6 000 сўмга (-20 фоизгача) арзонроқ бўлган.

Шу билан бирга, Food city'да айрим маҳсулотларнинг юқори улгуржи нархлари Тошкент шаҳрининг бошқа деҳқон бозорларидаги чакана юқори нархларга яқин бўлмоқда.

Бу Food city'да нархлар бўйича мониторинг ишлари дастлабки босқичдалиги, мониторинг жараёнида айрим сотувчилар томонидан чакана ва улгуржи нархларнинг бир хил эълон қилингани билан боғлиқ.

Масалан, бодринг, саримсоқ пиёз, нўхатнинг максимал улгуржи нархлари Тансиқбоев, Авиасозлар ва бошқа бозорлардаги энг юқори чакана нархлар билан деярли бир хил. Шунинг учун нарх ўзгаришлари тўғрисидаги умумий хулосалар учун муайян вақт талаб қилиниши мумкин.

Келгусида бозор фаолиятининг тўлиқ йўлга қўйилиши, сотувчи ва харидорларнинг янги шароитга мослашуви билан улгуржи ҳамда чакана нархлар бўйича маълумотлар сифати ва кузатиш методологияси такомиллаштириб борилади”, дейилади ИМВ баёнотида.

Отабек Бакировнинг таъкидлашича, истеъмолчиларга шаҳар ичидаги бозорлардан савдо қилиш нисбатан арзонга тушмоқда.

“Бу нима дегани? Амалда вилоятдан ва четдан маҳсулот келтираётган ва келаётган улгуржи сотувчилар илгаригидек бузилган Қўйлиқ бозорига эмас, шаҳар ичидаги бозорларга маҳсулот тарқатмоқда ва етказмоқда.

Қўйлиқ пароканда қилиб ёпилгач, эски улгуржи ҳамкорлар алоқаларини йўқотган, лекин энди улар бир-бирини шаҳар ичидаги бозорлардан топмоқда.

Асосий ориентир учун энди Фарҳод, ТТЗ ё Авиасозлар каби бозорлардаги нархларни эълон қилиб бориш керак”, дея ёзади иқтисодчи.

Эслатиб ўтамиз, Қўйлиқ бозоридаги реконструкция қанча давом этиши маълум қилинмаган.

Мавзуга оид