Жамият | 10:33 / 21.01.2024
38738
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Ўзбекистондан бўлган оила аъзолари ЙТҲда ҳалок бўлди

Қозоғистон ҳудудида бир кунда Ўзбекистон фуқаролари бошқарувидаги автомобиллар билан иккита йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Фото: Orda.kz

20 январ куни соат 17:00 атрофида Уралск — Атирау трассасининг Акжайик районидан ўтган қисмида ЙТҲ рўй берган. Ўзбекистоннинг 41 ёшли фуқароси бошқарувидаги Mazda CX-7 Самал посёлкаси ҳудудида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, юк машинасига тўқнашган.

«ЙТҲ оқибатида Mazda CX-7 автомашинаси ҳайдовчиси ва яна икки йўловчи, 1984 йилда туғилган аёл ҳамда 2012 йилда туғилган бола воқеа жойида вафот этган. Уларнинг барчаси бир оила аъзолари бўлишган», дея Ғарбий Қозоғистон области полиция департаменти маълумотини келтирган Orda.kz.

Енгил машинада бўлган тўрт кишидан фақат 14 ёшли ўсмир омон қолган. У айни вақтда шифохонага ётқизилган.

Машинадагиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлишган. Ҳолат юзасидан текширув бошланган.

Шунингдек, Қозоғистон ғарбида автоҳалокатда ўзбекистонлик аёл вафот этди.

Автоҳалокат «Атирау — Астрахан» трассасида 20 январ куни кечга яқин содир бўлган. 31 ёшли ўзбекистонлик ҳайдовчи Chevrolet Cobalt машинасида бошқарувни йўқотиб, Mercedes Benz Actros юк машинасига тўқнашган.

ЙТҲ натижасида 41 ёшли аёл вафот этган. Яна икки йўловчига тез ёрдам кўрсатилган.

  • 11 январга ўтар кечаси Россиянинг Пенза областида Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги JAC минивэни бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдаги юк машинасига тўқнашиши оқибатида саккиз нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлиб, яна бир киши жароҳатланганди.
  • 16 январ куни Россиянинг Самара области Ставропол районида ҳам Ўзбекистон фуқаролари ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ рўй берди, бу ҳолатда ўзбекистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги Lada Largus қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, «Газел» юк машинаси билан тўқнашган, натижада енгил машинадаги уч киши ҳалок бўлиб, тўрт йўловчи шифохонага ётқизилганди.

Мавзуга оид