Жаҳон | 14:16 / 22.01.2024
7876
3 дақиқада ўқилади

«ГУР» бошлиғи Буданов: Украина сафарбарликка муҳтож

Украина армияси сезиларли даражада одам танқислигини бошдан кечирмоқда, бироқ Россияда ҳам бу борада муаммолар бор, деди Украина разведкаси раҳбари Кирилл Буданов.

Фото: Павел Бахмут / Keystone Press Agency / Global Look Press

Украина мудофаа вазирлигининг бош разведка бошқармаси («ГУР») раҳбари Кирилл Буданов фронтда одам етишмаслиги сабабли мамлакатда сафарбарлик зарурлигини маълум қилди. «Биз сафарбарликсиз эплай олишимизни тасаввур қилиб бўлмайди», деди у 21 январ, якшанба куни чоп этилган Financial Times газетасига берган интервюсида.

Будановнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари (УҚК)да сезиларли даражада кадрлар танқислиги кузатилмоқда, бироқ Россияда ҳам бу борада муаммолар мавжуд. У сафарбар этиши мумкин бўлганидан кўп ҳарбийларни йўқотмоқда. Худди шу нарса унинг қуролларига ҳам тегишли. Россия ишлаб чиқаришга қодир бўлганидан кўра кўпроқ қурол ва ўқ-дориларни сарфламоқда, деди бош разведка бошқармаси бошлиғи. «Россиянинг бошқа мамлакатларда қурол излашини айнан шу нарса тушунтиради», деди у. 

Буданов саволни Украина қуролли кучлари бош штабига йўналтириб, фронтдаги мавжуд вазиятни баҳоламади. У Украинанинг ўтган йилги қарши ҳужумини қуйидагича тавсифлади: «Ҳаммаси яхши, дейиш нотўғри бўларди. Буни фалокат дейиш ҳам тўғри эмас». 

Бош разведка бошқармаси бошлиғи, шунингдек, 2024 йил учун ҳар қандай «жасур прогнозлар» қилишдан бош тортди. «Умид қиламанки, бизнинг муваффақиятларимиз уларникидан каттароқ бўлади», деди у. 

Украинада сафарбарлик режалари

Украина ҳукумати Украина қуролли кучларида кадрлар етишмаслигини бир неча бор таъкидлаган ва 2024 йилда улар икки йилдан бери жанг қилганлар ўрнига янги ҳарбий хизматчиларни сафарбар этиш ва йўқотишларни қоплашни режалаштирган. 2023 йил декабр ойи охирида олий радада мамлакатда сафарбарликни кучайтириш тўғрисидаги ҳукумат қонуни рўйхатга олинган эди. 

Ҳукумат, шу жумладан, сафарбарлик учун чақирув ёшини 27 ёшдан 25 ёшга қисқартиришни, фуқароларни икки – ҳарбий хизматга «яроқли» ва «яроқсиз» тоифасига бўлишни, муддатли ҳарбий хизматни кечиктириш ва муддатли ҳарбий хизматдан озод қилиш ҳуқуқига эга бўлганлар рўйхатини белгилашни режалаштирган. 

Бундан ташқари, чақирув қоғозларини топшириш тартибини соддалаштириш таклиф этиляпти. Қонун лойиҳасига кўра, у шахсан ёки электрон кабинет ва электрон почта орқали етказиб берилиши мумкин. Хизматдан бош тортганлар учун бир қатор чекловлар ўрнатиш таклиф қилинмоқда. Уларга хорижга чиқиш, мулк билан битимлар, автомобил ҳайдаш ва кредит олиш тақиқланиши мумкин. 

Қонун лойиҳаси эълон қилингандан сўнг, ҳукумат ҳужжатни тайёрлашда жамият билан маслаҳатлар ўтказилмагани учун танқидлар ва айбловларга дуч келди. Ўтган ҳафта олий рададаги «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамия қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқиш учун вазирлар маҳкамасига қайтарилишини айтди. 

Мавзуга оид