Жаҳон | 21:42 / 22.01.2024
43233
5 дақиқада ўқилади

Ленинград областидаги «Новатэк» терминалига ҳужум: бу ҳақда нималар маълум?

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Ленинград областининг Уст-Луга порт посёлкасида ёнғин рўй берди. Гувоҳлар ва ОАВ дунёдаги энг йирик газ ва нефт маҳсулотлари экспортчиси саналган «Новатэк» компанияси денгиз терминалига ҳужум қилган дронлар ҳақида хабар қилган. «РБК-Украина» манбалари буни Украина хавфсизлик хизматининг махсус амалиёти деб атаган.

Фото: Пётр Ковалёв/ТАСС

Якшанбага ўтар кечаси тахминан соат учларда Ленинград области губернатори Александр Дрозденко ўз телеграм-каналида «Новатэк» компаниясининг Уст-Луга портидаги терминалида ёнғин бошлангани ҳақида хабар қилди.

«„Новатэк“ компаниясининг Уст-Луга портидаги терминалида содир бўлган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ. Ходимлар эвакуация қилинди», — дея аниқлик киритган у.

Расмийлар ёнғинни ўчириш ишларига ФВВ ва област ёнғинга қарши қутқарув хизматини (Леноблпожспас) жалб этган ва тонгга келиб қутқарувчилар ёнғин ўчоғини ўраб олишган. Куннинг иккинчи ярмида ҳам 100 куб метр ҳажмли цистерналардан бири ёнаётганди.

Ёнғин оқибатида икки цистерна ва насос станцияси шикастланган, дея хабар берган ТАСС агентлиги Кингисепп райони маъмурияти навбатчилик хизматига таяниб.

«Фонтанка» нашри эса йирик газ сақлаш омборига ҳам зарар етгани ҳақида ёзган.

«Кингисепп районида юқори шайлик режими жорий этилди. Район маъмурияти раҳбари Юрий Запалатский оператив штаб йиғилишини ўтказмоқда. Ленинград области маъмуриятининг масъул мутахассислари менинг топшириғим билан воқеа жойига боришган», - дея ҳисобот берди регион раҳбари.

Кингисепп районида юқори шайлик режими жорий этилган. Фото: Пётр Ковалёв/ТАСС

Тунда Санкт-Петербург атрофида маҳаллий аҳоли вакиллари дронларни видеога олишган. Гувоҳларнинг ҳикояларига кўра, улар Уст-Луга портидаги терминаллар жойлашган Кингисеппский райони томон йўл олишган.

«Осторожно Собчак», Baza ва Shot телеграм-каналлари ёзишича, маҳаллий аҳоли вакиллари дронлар ва портлашлар овозларини эшитишган.

Ёнғин вақтида портда Панама, Белгия, Уммон ва Ливиядан келган кемалар ва танкерлар бўлган, деб хабар қилади «Фонтанка».

Украинанинг «РБК-Украина» нашри ўз манбаларига ҳавола қилган ҳолда хабар беришича, «нишонлар Украина хавфсизлик хизмати дронлари аниқ нишонга олган».

«Ленинград областидаги «Уст-Луга Ойл» нефт терминали - душман учун муҳим объект. У ерда РФ қўшинлари учун ҳам етказиб бериладиган ёнилғи қайта ишланади», — дея УХХдаги манбасидан иқтибос келтиради нашр.

Украина томони ҳозирча бу борада расмий баёнот бермади.

Кейинроқ Россиядаги РБК нашри «Новатэк» матбуот хизматининг изоҳини эълон қилди. Компаниядагилар Уст-Лугадаги ёнғин «ташқи таъсир» сабабли юзага келганини билдирган.

«НОВАТЭК-Уст-Луга»да технологик жараён тўхтатилган, оқибатларни бартараф этиш бўйича оператив штаб ташкил этилган. Зарарни баҳолаш ишлари кейинроқ ўтказилади», — дея хабар берган компания РБК сўровига жавобан.

«Новатэк» компаниясининг Уст-Лугадаги терминалидаги ёнғинни ўчириш жараёни
Фото: Кингисепп райони маъмурияти раҳбари Юрий Запалатский

Уст-Луга Россия энергия экспорти тизимидаги муҳим тугун ҳисобланади ва газни қайта ишловчи завод ҳамда нефт маҳсулотларини хорижга юбориш учун йирик портни ҳам ўз ичига олади, дея қайд этади Financial Times.

Ўтган йилда «Новатэк» мажмуада 7 млн тонна барқарор газ конденсатини ёнилғига қайта ишлаган.

Нашр баҳоларига кўра, портлаш Россиядан энергия экспортига жиддий таъсир кўрсатиши даргумон, чунки нефт маҳсулотлари унинг фақат кичик қисмини ташкил этади. Ёнғин «Новатэк» фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки, компаниянинг 2022 йил учун маълумотларига кўра, Уст-Лугада қайта ишлаш унинг умумий сотувининг (ҳам ички, ҳам ташқи) 40 фоизига яқинини ташкил этган.

Россия мудофаа вазирлиги ҳодиса юзасидан муносабат билдирмаган.

Шу ҳафта бошида Ленинград областида дронларнинг илк ҳужуми кузатилганди. 18 январ куни Россия ҳарбий идораси украинлар дрони ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилгани, бу ҳужум нишони Петербургдаги нефт терминали бўлганини билдирганди. Дрон ҳужуми ҳақидаги маълумот корхона томонидан ҳам тасдиқланган эди.

Украина билан чегарадан Петербургга қадар масофа 900 километрга яқинни ташкил этади. Шу вақтга қадар украинларнинг дронлари бу қадар шимолий нуқтага учиши рўй бермаганди. Олдинги рекорд 2023 йил август ойи охирида Псковдаги аэродромга (Украина чегарасидан 700 км масофада) қилинган ҳужумда қайд этилганди, ўшанда бу ерда Ил-76 ҳарбий-транспорт самолётлари ёниб кетганди.

Дам олиш кунларида Россия ҳукумати Смоленск, Тула ва Орлов областларида ҳам дронлар уриб туширилгани ҳақида хабар тарқатган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид