Жаҳон | 09:29 / 22.01.2024
5249
2 дақиқада ўқилади

Украина Донецкдаги бозорга берилган зарбага алоқадорлигини рад этди

Текстилшчик микрорайонидаги бозорнинг ўққа тутилиши натижасида россиялик ҳарбийлар назоратидаги Донецкнинг 28 нафар фуқароси ҳалок бўлди, яна 30 нафари яраланди.

Фото: Dmitry Yagodkin/TASS/dpa/picture alliance

Украина қуролли кучлари Россия томонининг россиялик қўшинлар назорати остидаги Донецкни ўққа тутганлик бўйича айбловларини рад этди. Бу ҳақда 21 январ, якшанба куни Таврия мудофаа кучларининг бирлашган матбуот маркази Facebook’да маълум қилди. «Руслар Донецкдаги бозорга ҳужум уюштирилгани ҳақида маълумот тарқатмоқда. Масъулият билан билдирамизки, «Таврия» ОСУВга бўйсунувчи кучлар бу ҳолатда қуроллар билан жанговар иш олиб бормаган», - дейилади хабарда.

«ДХР» раҳбари: отишма натижасида 28 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди

Ўзини «Донецк халқ республикаси» деб эълон қилган ҳудуд «раҳбари» Денис Пушилиннинг сўзларига кўра, 21 январ куни Москва вақти билан соат 21.00 ҳолатига кўра, Текстилшчик микрорайонидаги бозорнинг ўққа тутилиши натижасида 28 нафар фуқаро ҳалок бўлган, яна 30 киши жароҳатланган. «Янгиланган маълумотларга кўра, 152 мм ва 155 мм калибрли артиллериядан қўшма зарба Кураховский ва Красногоровский йўналишларидан амалга оширилган», — деб ёзди Пушилин Telegram-каналида.

«Важные истории» нашрининг Telegram-каналида таъкидланишича, Украина қуролли кучларининг Украина назоратидаги Красногоровка ва Курахово шаҳарларида жойлашган Донецк бозоридан масофа «артиллериядан фойдаланиш диапазонига тўғри келади». 

БМТ бош котиби Донецкнинг ўққа тутилишини қоралади 

Россия ташқи ишлар вазирлиги Украинани тинч аҳолига қарши «террорчилик ҳаракати»да айблади. Донецкдаги зарба 22 январ куни Сергей Лавров иштирокида бўлиб ўтадиган БМТ хавфсизлик кенгашининг Украина бўйича йиғилиши мавзуларидан бири бўлади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш «тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қилинган барча ҳужумларни, жумладан, Донецк шаҳрининг ўққа тутилишини кескин қоралайди», дейилади халқаро ташкилот раҳбари идораси томонидан тарқатилган баёнотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид