Жаҳон | 12:02 / 22.01.2024
8290
2 дақиқада ўқилади

Украина ҳужумни қайтариш учун «Суровикин чизиғи»ни қурмоқда

Украина қуролли кучларининг янги мудофааси хандақлар, танк тузоқлари ва таянч нуқталардан иборат Россиянинг «Суровикин чизиғига» ўхшайди, деб ёзади The Telegraph.

Фото: Gleb Garanich/REUTERS

Украина қуролли кучлари (УҚК) рус қўшинлари ҳужумини қайтариш учун ўзининг «Суровикин чизиғи»ни қурмоқда, деб ёзади Британиянинг The Telegraph газетаси 20 январ куни. Нашрга кўра, Украина қуролли кучларининг муваффақиятсиз қарши ҳужумидан сўнг фронт муҳим қисмларида янги истеҳкомлар пайдо бўла бошлаган. Улар орасида хандақлар, танкка қарши бетонли «аждар тишлари» ва ерости қўмондонлик пунктлари бор. Ҳудуд фаол равишда миналаштириляпти.

Ноябр ойи охирида Украина президенти Володимир Зеленский «барча асосий йўналишлар» бўйича истеҳкомлар қурилишини тезлаштиришни буюрган эди. Шундан сўнг, The Telegraph ёзишича, Донецк вилоятидаги Лиман ва Авдийивка ҳудудларида, шунингдек, қўшни Харкив вилоятидаги Купянск яқинида истеҳкомлар қурилиши авж олди. Бундан ташқари, Украинанинг Россия ва Беларус билан чегарасида истеҳкомлар барпо этилмоқда. 

Украинанинг «фаол мудофаа» стратегияси

«Янги мудофаа иншоотлари Суровикин чизиғини жуда эслатади – уч даражали хандақлар, танк тузоқлари ва таянч нуқталари тизими. Улардан Россия Украинанинг қарши ҳужумини тўхтатиш учун муваффақиятли фойдаланган», — дейилади материалда.

Бироқ, гап Россия қурган бир хил даражада мураккаб ва кучли истеҳкомлар ҳақида кетмаяпти, чунки Украина қуролли кучлари истеҳкомларни ҳимоя қилиш ва ҳужум операцияларини бирлаштирган ҳолда «фаол мудофаа» ўтказиш ниятида. Нашр таъкидлашича, шунга ўхшаш стратегия аввал ҳам қўлланган, хусусан, унинг ёрдамида Украина қуролли кучлари 2022 йил кузида Харкив вилоятининг муҳим қисмини озод қилишга муваффақ бўлган.

Мавзуга оид