Жаҳон | 09:44 / 23.01.2024
8728
4 дақиқада ўқилади

Axios: Исроил ҲАМАСга 2 ойлик оташкесим таклиф қилди

Келишув ҲАМАС томонидан гаровга олинган ва Ғазо секторида ушлаб турилган барчани озод этиш ҳамда ҳалок бўлганларнинг жасадларини қайтариш эвазига икки ойлик оташкесимни назарда тутади, деб ёзади Axios.

Фото: Mostafa Alkharouf/Anadaolu/picture alliance

Исроил ҲАМАС ҳаракатига Ғазо секторида гаровга олинган барча одамларни озод қилиш эвазига икки ойлик оташкесим таклиф қилди. Бу ҳақда 22 январ, душанба куни Axios ахборот сайти исми сир қолишни истаган икки Исроил расмийсига таяниб хабар берди. Бу таклиф Миср ва Қатардаги воситачилар орқали етказилган, дея таъкидлайди у.

Келишув барча тирик қолган гаровга олинганларни озод қилишни ва ҳаётдан кўз юмганларнинг жасадларини бир неча босқичда қайтаришни ўз ичига олади, деди Axios манбалари. Уларга кўра, биринчи босқич аёллар, 60 ёшдан ошган эркаклар ва оғир аҳволдаги гаровга олинганларни озод қилишдан иборат. Кейинги босқичларда аёл аскарлар, 60 ёшга тўлмаган ва ҳарбий бўлмаган эркаклар, эркак ҳарбий хизматчилар қўйиб юборилиши ва ҳалок бўлган гаровга олинганларнинг жасадлари қайтарилиши керак.

Ғазо секторига тинч аҳолининг қайтиши

Бундан ташқари, таклиф Исроил мудофаа кучларини (ЦАҲАЛ) қайта жойлаштиришни, хусусан, унинг бўлинмаларини Ғазо секторидаги асосий аҳоли пунктларидан олиб чиқиб кетишни ўз ичига олади. Бу фаластинлик тинч аҳолига аста-секин Ғазо шаҳри ва секторнинг шимолий қисмларига қайтиш имконини беради, дея маълум қилди Axios.

Исроил ва ҲАМАС вакиллари исроиллик гаровга олинганлар эвазига озод қилинадиган фаластинлик маҳбуслар сони бўйича келишиб олиши керак бўлади. Бироқ таклиф Исроил ҳарбий операцияни тўхтатишга ёки Исроил қамоқхоналаридаги 6000 нафар фаластинлик маҳбуснинг ҳаммасини озод қилишга рози бўлмаслигини яққол кўрсатиб турибди, деди Axios суҳбатдошлари. Исроил расмийлари ҲАМАСдан жавоб кутмоқда, аммо улар яқин кунларда олдинга силжиш бўлиши мумкинлигига эҳтиёткорлик билан қарашини қўшимча қилди.

Ynet нашри шунга ўхшаш маълумотларни тақдим этди: унга кўра, Исроил таклифи узоқ муддатли ўт очишни тўхтатишни ва гаровга олинганларни босқичма-босқич озод қилиш эвазига ЦАҲАЛ бўлинмаларининг Ғазо секторидаги ҳаракат йўналишларини вақтинчалик ўзгартиришни ўз ичига олади. Исроил музокараларда муайян ташаббус кўрсатгани ҳақида бош вазир Бенямин Нетаняҳу 22 январ куни гаровга олинганларнинг қариндошлари билан учрашув чоғида маълум қилди, дея хабар бермоқда Исроил матбуоти.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 25 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид