Ўзбекистон | 09:30 / 23.01.2024
1997
3 дақиқада ўқилади

Металлургия соҳаси учун умумий хавфсизлик қоидалари эълон қилинди

«Металлургия ишлаб чиқаришлари учун умумий хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: mining24.ru

Қуйидагиларни назарда тутувчи металлургия ишлаб чиқаришлари учун умумий хавфсизлик қоидалари тасдиқланади:

  • корхоналарнинг ҳудудлари, бинолар, иншоотлар ва техник қурилмаларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари;
  • технологик жараёнларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари;
  • металлургия объектлари учун махсус хавфсизлик талаблари;
  • рух ишлаб чиқаришга қўйиладиган хавфсизлик талаблари;
  • мис кукунларини ишлаб чиқаришга кўйиладиган хавфсизлик талаблари;
  • водород ишлаб чиқариш ва қўлланишига қўйиладиган хавфсизлик талаблари.

Металлургия ишлаб чиқаришлари учун умумий хавфсизлик қоидалари қора, рангли ва нодир металлар эритмаларини ҳамда ушбу эритмалар асосида қотишмаларни олиш, ташиш, фойдаланиш бўйича ишлар олиб бориладиган, шунингдек, хавфли моддалар ишлаб чиқариладиган, қайта ишланадиган, ҳосил қилинадиган, сақланадиган, ташиладиган, йўқ қилинадиган, кўчмас асосга ўрнатилган юк кўтариш механизмлари, ортиқча босим остида ишлайдиган ускуналар қўлланиладиган металлургия саноатининг хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талабларини белгилайди.

Қоидалар саноат хавфсизлигини таъминлашга, авариялар, ишлаб чиқариш шикастланишларини олдини олишга қаратилган талабларни белгилайди ва уларнинг бажарилиши техник қурилмаларнинг конструкцияларини яратиш, тайёрлаш, монтаж қилиш ва таъмирлаш, металлургия ишлаб чиқаришларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш билан шуғулланадиган барча ташкилотлар (уларнинг ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар) учун мажбурийдир.

«Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ хавфли ишлаб чиқариш объектини қуриш, кенгайтириш, қайта қуриш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, консервациялаш ва тугатишга доир лойиҳа ҳужжатлари, шунингдек техник қурилмалар, бино ва иншоотлар, саноат хавфсизлиги декларацияси ва хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ саноат хавфсизлиги бўйича экспертизадан ўтказилади.

Металлургия ишлаб чиқаришларининг портлаш хавфи бўлган янги технологик жараёнлар ва асбоб-ускуналарни монтаж қилиш, таъмирлаш ва ишга тушириш, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида қўлланиладиган техник қурилмалардан фойдаланиш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясидан рухсат этиш тусидаги ҳужжатлар (хулоса) олинади.

Портлаш хавфи бўлган металлургия корхоналари ва ишлаб чиқаришлари объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар фаолияти ўрнатилган тартибда берилган лицензиялар ва рухсат этиш тусидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилиши керак.

Мавзуга оид