Ил-76 ҳалокати. Жавобсиз қолаётган асосий саволлар
Самолёт кимларни ёки нима олиб кетаётганди? Ва унинг қулаши учун ким жавобгар? «Медуза» мавжуд маълумотлар асосида Украина ва Россиянинг версияларини таҳлил қилди.
Белгород областида Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти қулаши қандай рўй бергани ва унинг оқибатлари ҳалигача аниқ эмас. Ҳалокат 24 январ куни эрталаб рўй берди ва кун охирига келиб икки хил изоҳ берилди — урушнинг ҳар бир томонидан биттадан.
- Россия қўмондонлиги таъкидлашича, самолёт 60 нафардан ортиқ украин ҳарбий асирларини олиб кетаётган бўлган — гўёки уларни Харкив области билан чегарада алмаштириш режалаштирилганди. Россиялик мулозимлар ва ҳарбийларнинг сўзларига кўра, Украина самолётнинг йўналиши ва бориш манзили ҳақида олдиндан хабардор қилинган.
- Украина ҚК раҳбарияти ва украин разведкаси самолёт қулашига мамлакат қуролли кучлари алоқадор бўлиши мумкинлигини билвосита ва жуда ноаниқ тарзда тан олган. Шу билан бирга, Киевдагилар Ил-76 парвози миссияси ҳақида огоҳлантирилмаганни айтмоқда ва у ўқ-дориларни ташиган деб ҳисобламоқда. Ва агар бу ҳалокатда украин ҳарбий асирлари ўлим топган бўлса, бунинг учун айб уларни ҳаво орқали чегарага юборган Россия қўмондонлиги зиммасида эканини айтмоқда. «Келишувга кўра, бизнинг ҳимоячиларимизнинг хавфсизлигини Россия томони таъминлаши керак эди. Гап РФнинг Украинадаги вазиятни беқарорлаштириш ва давлатимизни халқаро қўллаб-қувватлашни заифлаштириш мақсадидаги режалаштирилган ва қасддан қилинган ҳаракатлари ҳақида кетаётган бўлиши мумкин», — дейилади Разведка бош бошқармаси хабарида.
24 январ куни кечқурунга келиб мавжуд бўлган фактлар бу версиялардан қайси бири ҳақиқат эканини аниқлашга имкон бермайди. Россия томонининг версиясида айрим номувофиқликлар мавжуд. Бундан ташқари, ҳозирча асосий саволга аниқ жавоб берадиган ҳеч қандай маълумот йўқ: Украина ҚК қўмондонлиги асирлар ҳаво орқали ташилгани ҳақида билганми?
Ҳозиргача нималар аниқ?
- Юкларни ҳам, одамларни ҳам ташишга мўлжалланган Ил-76 самолёти Белгород халқаро аэропортидан тахминан 65 километр масофадаги Яблоново қишлоғи атрофидаги далага тиккасига шўнғиган. Қулаш жойидан тахминан уч ярим километр жанубда маҳаллий аҳоли вакили томонидан олинган ягона видеода самолёт ёнгани ва ҳаводаёқ парчаланганини кўриш мумкин.
- Ҳалокат жойида топилган фюзеляж элементлари ёки аэродинамик сиртларда йирик зарба берувчи восита қолдирган излар бор. Самолёт йирик ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан учирилган ракета билан уриб туширилганига шубҳа йўқ.
- Самолёт Белгород аэропортига яқинлашиш схемаларида кўрсатилган йўналиш яқинида қулаган. Ҳалокат жойи ABDON ва ABALU навигация нуқталари орасида жойлашган. Буларнинг иккинчиси — аэродром «айланаси»га кириш нуқтасидир. Яблоново қишлоғи ҳам тахминан навигация нуқталари оралиғида жойлашган. Нуқталар орасидаги парвоз чоғида самолётлар 2,5 минг метрдан «850 метрга ёки ABALU нуқтасидан юқорироққача» пасайиши керак.
- Украина томони Россия мудофаа вазирлигининг 24 январ куни кенг кўламли асирлар алмашинуви режалаштирилган бўлгани ҳақидаги маълумотини тасдиқлаган.
- Олдинроқ асирликдан қайтарилган украин ҳарбийларининг тасдиқлашича, асирларни Россия ичкарисидаги колониялардан чегарадаги алмашув жойи яқинига олиб келишда самолётлардан фойдаланиш — стандарт амалиёт эканини айтишган. 3 январ куни бўлиб ўтган охирги алмашувда ҳам асирлар айнан самолётларда — ва айнан Белгород аэропортига етказилган. Ўшанда ҳам, Украина бош разведка бошқармаси эълон қилган видеога қаралса, асирлар алмашинуви Колотиловка назорат-ўтказиш пунктида амалга оширилган, РФ мудофаа вазирлигига кўра, 24 январ кунги алмашув ҳам шу ерга белгиланганди.
- Россиялик пропагандачи Маргарита Симонян самолёт ҳалокатидан кейин гўёки Ил-76 бортида бўлган 65 нафар асир рўйхатини эълон қилди. Бу рўйхат ҳақиқийлиги бошқа манбалар орқали тасдиқланмаган.
- «Медуза» Россия асирлигидаги украиналикларнинг маълумотларини эълон қилиб борувчи wartears.org сайтида исми-шарифи ва туғилган саналари тўғрисидаги маълумотлар шу рўйхатдагиларга мос келувчи 52 кишини аниқлаган. Яна бир ҳарбий асирнинг исми-шарифи сайтдагига тўлиқ мос келади, аммо туғилган санаси кўрсатилмаган.
- «Симонян рўйхати»даги ҳарбий асир Максим Анатолевич Коноваленко, wartears.org сайтининг 24 январ тонгидаги маълумотида 2024 йил 3 январ куни алмаштирилгани кўрсатилганди. Кейинроқ сайтдаги маълумот таҳрирланди (энди Коноваленко «Россия ахборот агентлигида эълон қилинган [Ил-76 ҳалокатида ҳалок бўлган ҳарбий асирлар] рўйхатида келтирилгани» айтилади. Коноваленко асирликдан озод этилганларнинг Украинадаги Glavkom сайтига жойлаштирилган рўйхатида ҳам бор. Аммо Украина бош разведка бошқармасининг 3 январ кунги алмашув жараёни акс этган видеосида (унда барча алмаштирилган 228 кишидан қирқ нафарга яқини акс этган) эса Коноваленко кўринмаган.
Биз ҳали нимани билмаймиз?
- Самолёт катта эҳтимол билан транспондери ўчирилган ҳолда учган. Транспондер маълумотиларидан фойдаланган ҳолда самолётлар парвозларини кузатиб борувчи Flightradar сайтига кўра, 24 январ куни эрталаб Белгород атрофида ҳеч қандай рейс қайд этилмаган. Шу тариқа, ҳалокат сабабларига ойдинлик киритиши мумкин бўлган парвоз параметрларини аниқлаб бўлмайди — натижада РФ мудофаа вазирлиги версиясини тасдиқлаш ёки рад этишнинг иложи йўқ.
- Самолётнинг регистрация номери охиригача аниқ эмас, фақат авиация форумларида бу RA-86828 номерида ҳаракатланган Ил-76 бўлгани айтилган.
- Асосийси эса — бу парвоз Украина билан келишилгани ёки йўқлиги маълум эмас. Назарий жиҳатдан халқаро ҳарбий гуманитар ҳуқуқ томонларнинг шундай келишувини талаб этади. Женева конвенциясида асирларни ушлаб турган мамлакат, айниқса денгизда ёки ҳаво орқали ташиш вақтида «уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши кераклиги» айтилган. «Медуза» билан гаплашган ҳуқуқ фаоллари Женева конвенцияси ва қўшимча протоколлар — ҳарбий асирлар учун кафолатларнинг асосий манбайи эканини таъкидлашган.
- Ҳарбий асирлар масалалари билан ҳам шуғулланувчи мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили нашр билан суҳбатда ҳарбий асирларнинг Белгород области устидаги «ҳарбийлашган осмон» орқали ташилишини халқаро ҳуқуқни бузиш деб ҳисобламайди:
Бошқа қанақасига? Агар айланиб учса ҳам самолёт қайсидир паллада барибир «ҳарбийлашган осмон»га киради. Агар бу расмий алмашув бўлган бўлса, йўналиш ҳам, рўйхатлар ҳам келишилиши керак эди. Умуман олганда, агар шундай келишув бўлган деб ҳисобласак, мен РФ томонидан қоида бузилишини кўрмаяпман — асирлар мос самолётда мутаносиб миқдордаги кузатувчилар билан биргаликда учган.
- Россия томони парвоз келишилганини тасдиқловчи далиллар келтирмади. Украина разведкаси эса, ўз навбатида, ўз раддиясига далил тақдим этмаган.
- «Медуза»нинг асирлар алмашинуви жараёнидан бохабар бўлган украиналик суҳбатдоши Украина разведкасининг хабари Россия Украинани ҳарбий асирлар уриб туширилган самолётда ташилаётгани ҳақида огоҳлантирмаганини англатадими, дея берилган саволга шундай жавоб берган: «Умуман, Россия ҳарбий асирларга муносабат бўйича Женева конвенциясига амал қилмайди, лекин муайян ҳолатда у [Россия] ҳарбий асирлар хавфсизлигини таъминлаши ҳамда Украинани маршрут ҳақида хабардор қилишии шарт [эди]».
- Москва бортда асирлар бўлганига, украинлар эса — самолётда ўқ-дорилар ташилгани ҳақида маълумотга далиллар келтирмаган (самолёт ҳалокатининг маҳаллий аҳоли вакили томонидан олинган видеосидаги портлаш эса украинларнинг версиясини рад этади).
- Ҳозирча самолёт айнан қандай тизимдан учирилган қандай ўқ-дори билан нишонга олингани маълум эмас. Шикастланиш характери диверсантлар қўлда олиб юрилувчи зенит-ракета комплекси билан зарба бергани эҳтимолини истисно этади. РФ мудофаа вазирлигининг даъво қилишича, бу Украинага ғарб коалицияси томонидан етказиб берилган Patriot ёки IRIS-T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими бўлган.
- Немисларнинг IRIS-T тизимининг максимал ҳаракатланиш масофаси 25 километрни ташкил этади (бу ўрта масофадаги комплекс ҳисобланади — худди, россияликларнинг «Бук» тизими каби), шундай экан, бу комплексни ҳам «гумондагилар» рўйхатидан чиқариш мумкин: қулаш жойидан Украина билан чегарагача масофа 50 километр атрофида.
- Украинага етказиб берилган Patriot комплекслари таркибида атрофга етказувчи элементлар бўлган вва 160 километр масофага ҳаракатланувчи PAC-2 русумли тутиб олувчи ракеталар билан ҳам жиҳозланган. Қўпол-ҳисоблар шуни кўрсатадики, назарий жиҳатдан, Patriot Харкив областининг Липци қишлоғидан (Россия мудофаа вазирлиги ракета учирилган жой сифатида шу ерни кўрсатган) туриб Яблоново устида 850 метр ва ҳатто ундан ҳам пастроқ баландликда учган нишонни кузатиши ва зарба бериши мумкин эди.
- Аммо бошқа вариантлар эҳтимоли ҳам бор: бу масофа Украинага етказиб берилган, французлар ва италянлар маҳсулоти бўлмиш SAMP/T комплексига ҳам, советлар даврига мансуб узоқ масофали комплекслар, масалан, С-300 тизимига ҳам мос келади.
- Назарий жиҳатдан, самолёт Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг «дўстона зарбаси»га учраганини ҳам истисно этиб бўлмайди. Аммо на Россиядаги манбалар ва на украин разведкаси бундай версияни илгари сурмаган.
Россия версиясида нималар «ёпишмаяпти»?
- Бир қарашда кўзга ташланадиган номувофиқлик — расмий баёнотдаги ҳалокат қурбонлари сони бўйича: экипажнинг олти аъзосидан ташқари, асирларни кузатиб борувчи ҳарбийлар сони уч нафар бўлгани маълум қилинган. Аввалги алмашувлар вақтида ҳаво орқали Белгородга олиб келинган собиқ украин асирлари эса уларга камида 20 нафар қўриқчи ҳамроҳлик қилганини айтишган. Бундай фарқни тушунтириш қийин.
- Самолёт маршрути бўйича ҳам саволлар бор. Эълон қилинган ягона видео орқали шундай таассурот пайдо бўладики, самолёт қулашдан олдин қўниш схемаси бўйича шимоли-шарқдан жануби-ғарбга эмас, балки жануби-ғарбдан шимолга қараб учган, агар у аэропортга қўнишни эмас, ундан кўтарилишни бажараётган бўлмаса. Аммо, бу съёмка ракурси ёки самолёт қулаш вақтида курсни ўзгартиргани (парвозни назорат қилиш тизимлари бузилиши, двигателларни турли тортиш кучи ва бошқа сабаблар туфайли) юзага келган иллюзия бўлиши ҳам мумкин. Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири гувоҳлик беришича, ёнаётган самолёт шимолдан жанубга қараб қулаган — трасса бўйлаб ва қўнишга кириш схемасида кўрсатилган йўналишда.
- Ниҳоят, Украина қуролли кучлари 35-денгиз пиёдалари бригадаси сержанти Максим Коноваленконинг тақдири бўйича саволлар туғилади, у январ ойи бошидаги асирлар алмашуви вақтида қайтарилгани айтилган, аммо уч ҳафта ўтиб унинг фамилияси Белгородга учган самолётдагилар рўйхатида қайд этилган. Бу Wartears сайти манбаси ва бошқа шу каби бошқа лойиҳаларнинг хатолиги бўлиши ҳам мумкин. Аммо ушбу асирнинг бортда бўлгани тасдиқланмаган экан, бу маълумотни эътибордан соқит қилиб бўлмайди.
Одамлар ўлими учун ким жавобгарлигини қандай тушуниш мумкин?
Жавоби йўқ бўлган асосий савол (ва ҳеч бўлмаганда буни билвосита исботлашга имкон берадиган бирорта маълумот йўқ), Россия Украинани асирлар самолёт орқали ташилиши ҳақида огоҳлантирганми? Агар ҳа бўлса уларнинг ўлими учун жавобгарлик Киев зиммасида. Агар бундай огоҳлантириш берилмаган бўлса, Ил-76 қонуний нишон эди ва асирларнинг ўлимида, конвенцияга кўра, уларнинг хавфсизлигини таъминламаган Россия айбдор бўлиши керак.
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024