Ўзбекистон | 09:53 / 25.01.2024
6926
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда цемент солинган қоплар ичидан қарийб 10 кг «опий» топилди

Самарқандда яшовчи, муқаддам 3 маротаба судланган шахс юк автомашинасини буюртма қилиб, цемент маҳсулотлари ниқоби остида, ушбу моддани Хоразм вилоятига сотиш учун олиб келган.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Божхона органлари ходимларини жалб қилган ҳолда тезкор тадбир ўтказилган.

ДХХ хабарига кўра унда Самарқанд шаҳридан Урганч шаҳрига цемент маҳсулотлари олиб келган юк автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди. 

Натижада, автомашинада цемент маҳсулотлари солинган қоплар ичига яшириб қўйилган 10 дона ўрамда 9 кг 754 гр “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. 

Маълум бўлишича, Ургут туманида яшовчи, муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун 3 маротаба судланган шахс юк автомашинасини буюртма қилиб, цемент маҳсулотлари ниқоби остида, ушбу моддани Хоразм вилоятига сотиш учун олиб келган.

Ушбу наркотик моддалар Тожикистондан контрабанда йўли билан келтирилган. 

Ҳозирда ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид