Жаҳон | 10:51 / 26.01.2024
29047
3 дақиқада ўқилади

АҚШда маҳбус биринчи марта тоза азот ёрдамида қатл этилди

Қотиллик учун ўлим жазосига маҳкум этилган шахс АҚШ тарихида биринчи марта тоза азот ёрдамида қатл этилди. 58 ёшли жиноятчига нисбатан ўлим жазоси тўғрисидаги қарор Алабама штатидаги Этмор қамоқхонасида ижрога келтирилган.

Фото: AP

25 январ, пайшанба куни Алабама штатидаги Этмор қамоқхонасида 58 ёшли Кеннет Южин Смитга нисбатан ўлим жазоси ижрога келтирилди. Бу ҳақда штат бош прокурори Стив Маршалл маълум қилди. Қатл маҳаллий вақт билан соат 19:56 да бошланди, ўлим соат 20:25 да содир бўлди.

Икки кун аввал АҚШ олий суди маҳкумнинг қатлни кечиктириш ҳақидаги илтимосини рад этган эди. Ўлимга ҳукм қилинган маҳбус АҚШ тарихида биринчи марта тоза газ ёрдамида қатл этилди. Расмий тилда бу ўлим сабаби азотли гипоксия деб аталади.

Америка жанубидаги Алабама - Қўшма Штатларда азот ёрдамида қатл этишга рухсат берувчи учта штатдан бири. Бу газ одамни кислородни қабул қилиш қобилиятидан маҳрум этади ва шу тариқа, одам аста-секин бўғилиб қолади. АҚШда охирги марта 1999 йилда маҳбус газ билан қатл этилган эди. Ўша пайтда гидроцианид (водород цианиди ёки гидроциан кислотаси деб ҳам аталади) ишлатилган.

Смит иккинчи марта қатл этилди

Кеннет Южин Смит пасторнинг хотинини унинг буйруғи билан ўлдиргани учун 1989 йилда ҳам ўлимга ҳукм қилинган. Биринчи ўлим жазоси 2022 йилда ўлдирадиган инъекция йўли билан амалга оширилиши керак эди. Бироқ ўшанда қамоқхона ходимлари заҳарни киритиш учун томирга игна тиқа олмаган ва қатл қилиш учун белгиланган вақтда буни уддалай олмаган. Шу тариқа, Смит АҚШда давлат икки марта қатл қилган кам сонли жиноятчилардан бирига айланди.

Ҳатто Смитнинг азот билан қатл этилишига тайёргарлик кўрилаётганда ҳам, бўлажак ҳаракатнинг ўзи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кескин танқидига сабаб бўлди. БМТнинг Женевадаги инсон ҳуқуқлари комиссияси вакили Равина Шамдасани ўтган ҳафта «янги ва синовдан ўтмаган» қатл усулидан фойдаланишни қоралади. Халқаро ҳуқуққа кўра, бу «қийноққа солиш ёки ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи жазо ёки муносабат» бўлиши мумкин.

Бундан фарқли ўлароқ, Алабама расмийлари азот газидан фойдаланиш «эҳтимол, ҳозиргача ишлаб чиқилган энг инсонпарвар қатл усули» ва бутун дунёда қўлланадиган эвтаназия усулларига ўхшашлигини таъкидлади. Азот гази баъзан ҳайвонларни ўлдириш учун ишлатилади. Азот танага таъсир қилмайдиган инерт газлардан бири бўлиб, шунчаки кислородни «суюлтиради», аста-секин барча тирик ҳужайраларда кислород ўрнини эгаллайди, дейди штат вакиллари.

Мавзуга оид