NASA биринчи космик вертолёт миссияси якунланганини эълон қилди
У Марс сайёрасида режадаги 30 кун ўрнига деярли уч йил ишлади.
Американинг NASA космик агентлиги Ingenuity вертолётининг Марсдаги миссияси парраклар шикастлангани сабабли якунланганини эълон қилди.
«Вертолётнинг тасвирлари қўниш вақтида бир ёки бир нечта парраклар шикастланганини кўрсатди. Энди вертолёт ҳавога кўтарила олмайди», дейилади NASA баёнотида.
Агентлик раҳбари Билл Нелсон сўзларига кўра, Ingenuity кичик вертолёти (ўлчами атиги 20 сантиметр, паррак узунлиги 120 сантиметргача) «биз тасаввур қилганимиздан ҳам баландроққа ва узоқроққа учди».
«Бошқа сайёрадаги биринчи ҳавога учиш аппаратининг тарихий саёҳати ниҳоясига етди», деди у ва вертолёт «имконсиз нарсани амалга оширишга» ёрдам берганини қўшимча қилди.
Ingenuity вертолёти 2020 йил июл ойида Марсга юборилган Perseverance марсюрари учун разведка машинаси бўлиб хизмат қилди. 2024 йил 18 январ куни у қўниш вақтида шикастланди ва алоқа узилиб қолди. Эртаси куни алоқа тикланди, аммо вертолёт энди уча олмаслиги маълум бўлди.
Миссия тугаллангач, NASA жамоаси вертолёт тизимларининг якуний синовларини ўтказади ва унинг ички хотирасида қолган тасвир ва маълумотларни юклаб олади. NASA маълумотларига кўра, Perseverance ҳозир вертолётни суратга олишга уриниши учун жуда узоқда.
Ingenuity биринчи марта 2021 йил 18 февралда Perseverance билан бирга Марсга қўнган эди. 19 апрел куни вертолёт ҳавога кўтарилди ва ўзининг биринчи бошқариладиган парвозини амалга оширди.
Ingenuity вертолёти 30 кун давомида бештагача экспериментал синов парвозларини амалга ошириш учун мўлжалланган эди. Бироқ Марсда тахминан уч йил (деярли минг кун) ишлади ва режалаштирилганидан 14 марта кўп - тахминан 17 км узоқликка, 24 метр баландликда 72 та парвозни амалга оширди. Умумий парвоз вақти икки соатдан ошди. NASA маълумотларига кўра, вертолёт учта фавқулодда қўнишни амалга оширди ва «Марснинг ўта совуқ қишидан омон чиқди».
Вертолётнинг асосий вазифаси, NASA режалаштирганидек, зичлиги Ердагидан тахминан 100 баравар паст бўлган Марс атмосферасида парвоз технологиясини синаб кўриш эди.
Мавзуга оид
21:34 / 27.11.2024
Хитой ва АҚШ «учга уч» формуласи бўйича маҳбуслар алмашди
19:34 / 27.11.2024
ФҚБ томонидан энг кўп қидирилган шахс Буюк Британияда ҳибсга олинди
09:19 / 27.11.2024
Италиядаги хушманзара қишлоқ Трамп бошқарувидан норози америкаликларга 1 доллардан уй таклиф қилмоқда
23:52 / 26.11.2024