Тошкент халқаро аэропортида меҳмонхона очилди
Рейс вақти ўзгарган, парвози қолдирилган ёки транзит учувчи йўловчилар учун пойтахт аэропортининг жўнаб кетиш терминалида 24 кишилик меҳмонхона расман иш бошлади. Меҳмонхона Алишер Навоийнинг «Хамса» асаридаги биринчи достон — «Ҳайрат ул-Аброр» номи билан аталган. Келгусида яна 4 та шаҳарда шундай меҳмонхона ташкил қилинади.
29 январ куни Тошкент халқаро аэропортидаги кичик меҳмонхонанинг расман очилиши бўлиб ўтди. Меҳмонхона аэропорт жўнаб кетиш терминалининг кутиш залида, «Арт Базар» мажмуасининг чап томонида жойлашган. 2 қаватли меҳмонхона 24 та кичик хоналардан иборат.
Биринчи қаватида рўйхатдан ўтиш, ювиниш жойлари ва 13 та индивидуал хона мавжуд. Иккинчи қаватида эса хоналар сони 11 та.
Меҳмонхона директори Абдуқаюм Абдуллаевнинг айтишича, 24 та хонанинг биттаси люкс, биттаси оилавий ва яна бири эса ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган.
«Хоналар бир кишилик бўлиб, ётоқ, чироқ, ойна, кийим илгич, қўл юки учун жавон, стол билан жиҳозланган. Меҳмонхонамизда йўловчи трансфер пайтида аэропортдан чиқмасдан ёки транзит зонасини тарк этмасдан бир неча соат қолиши мумкин. Дастлабки 10 соатли хизмат киши бошига 600 минг сўм. 10 соатдан ошиб, бир кунга айланса, бу нарх 1 млн 200 минг сўмга чиқади», — дейди у.
Қўшимча қилинишича, 3 ёшгача бўлган болалар учун меҳмонхона бепул хизмат кўрсатади.
Маълумотларга кўра, умумий майдони 240 кв.м бўлган меҳмонхона аукцион орқали хусусий компания бошқарувига ўтказилган.
Абдуллаевнинг таъкидлашича, меҳмонхона Алишер Навоийнинг «Хамса» асаридаги биринчи достон — «Ҳайрат ул-Аброр» номи билан аталган.
«Ўзбекистоннинг жами 5 та шаҳарида шундай кичик меҳмонхона қуриб, ишга туширишни режа қилганмиз. Шунинг учун меҳмонхона тармоғини «Хамса» деб атаб, биринчисини расман очдик. Бундан ташқари, Самарқанд, Урганч, Фарғона, Қарши шаҳарларида ҳам шундай меҳмонхона қурилиши режа қилинган», — деди Абдуқаюм Абдуллаев.
Қайд этилишича, йўловчилар хоналарни ҳам офлайн, ҳам онлайн (booking.uz ёки халқаро агрегатлар орқали) тарзда банд қилишлари мумкин.
Мавзуга оид
12:09 / 16.09.2024
Тошкент халқаро аэропорти автотураргоҳида таъмирлаш ишлари қурилиш жойи ўраб олинмай қилиняпти
16:37 / 01.09.2024
“Реконструкция лойиҳаси узоғи 3 йилда ўзини қоплайди” — Тошкент халқаро аэропорти директори
12:40 / 06.07.2024
Тошкент халқаро аэропортининг учиб кетиш зали ёнида ёнғин юз берди
20:24 / 26.04.2024