Ямандаги фуқаролар уруши: сабаблар ва манфаатдор томонлар
Яманда 9 йилдан буён давом этаётган фуқаролар урушида 300 мингдан зиёд одам ҳалок бўлди. Саудия Арабистони қўллаб-қувватловчи тан олинган Яман ҳукумати ва Эрон дастакловчи “Ансоруллоҳ” (ҳусийлар) ҳаракати мамлакатни икки фронтга айлантирган дейиш мумкин. Шу билан бирга, низонинг бошқа қуролли иштирокчилари ҳам бор.
Хўш, ҳусийлар, уларнинг мафкураси, геосиёсий мақсадлари ҳақида нималар маълум? Умуман тарихдан Яман жамиятида бирлик бўлмаганига сабаблар нима?
Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан “Геосиёсат” дастурига маълум вақт Яманда фаолият юритган тарих фанлари номзоди, доцент Азиз Худойбердиев ва Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромовни таклиф этди.
— Сиз маълум вақт Яман ҳудудида фаолият юритгансиз. У ердаги вазифангиз, умуман Ямандаги фаолиятингиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.
Азиз Худойбердиев: — Яманга биринчи марта 1971 йилда борганман, талаба сифатида. Бажа шаҳрида цемент заводи қурилишида таржимон бўлиб ишлаганман. Яман давлати қадимги цивилизация учоқларидан бири. Юнонлар “Бахтли Арабия” деб атаган у ҳудудларни. Таржимонлик фаолиятимда ҳам кўплаб раҳбар шахслар билан суҳбатлашганман. Кейин мен пойтахт Санадаги элчихонага юборишган, у ерда ҳам таржимонлик қилганман.
Кейин 90-йилларда Яманга борганман. Унда ҳам Санада ишлаганман. Ундан олдин Тошкентда аспирантурада Яман бўйича диссертация ёқлаганман, Тошкент давлат университети Шарқшунослик факултетида, Ислом институтида дарс берганман. Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад Қодиров ҳам талабам бўлган. Дипломатия университетида ҳам дарс бердим. Сўнг БМТнинг Ғиёҳвандлик назорати бўйича дастурида маслаҳатчи бўлиб ишлаганман.
— Яманнинг ўз минтақасидаги ва умуман халқаро миқёсдаги аҳамияти қандай факторлар билан ўлчанади?
Азиз Худойбердиев: — Бу саволнинг жавобини тизимлаштириш керак. Биринчи омил бу – геостратегик омил. Яманнинг географик жойлашуви Қизил денгиз бўйича, Боб ал-Мандаб бўғози бор, у ердан Жаҳон савдо йўли ўтади, назорат қилиш имкони бор. Бу бўғоздан дунё савдо айланмасининг 12 фоизи ўтади. Ким шу ҳудудни назорат қилса, унинг қўлида катта куч бўлади.
Кейинги омил – диний-сиёсий омил. Шимолда шиаларнинг заидия қабилалари жойлашган. Улар сўнгги минг йилликда доим мустақил бўлган, Усмонлилар даврида ҳам мустақил бўлиб қолишган. Мамлакат жанубида эса суннийлар, уларнинг орасида келишмовчиликлар бўлган.
Учинчи омил – ички омил. Ямандаги бошбошдоқликка асосий сабаб ҳокимият учун кураш, доим шундай бўлган. У ерда ҳар хил кучлар бор, хусусан, ҳусийлар, улар заидийлар ҳисобланади. Бир томондан Саудия томонидан қўлланувчи расмий Яман президент ҳукумати. Жанубий Яманда яна бир куч бор – Жанубий ўтиш кенгаши, улар мустақил суверен давлат яратишга уринади. Тўртинчи куч эса – “Ал-Қоида” гуруҳи.
Тўртинчи омил – ташқи омил. Яманнинг ички ишларига кўп ташқи минтақавий кучлар аралашади. Масалан, Саудия, БАА, Эрон каби давлатлар. Шу сабабли ҳам вазият анча мураккаб бу ерда.
Шавкат Икромов: – Яман Арабистон яримороли цивилизациясининг бошланғич нуқталаридан бири. Айнан шу ерда қадимги давлатлар вужудга келган ва тарихий тараққиётда алоҳида аҳамиятга эга. Кўрфаз араб давлатлари Яманни Эрон билан яқин алоқа қилади ёки минтақа давлатларида турли террористик ва радикал гуруҳлар билан яқин алоқага кириш орқали хавфсизликка таҳдид солади деб ҳисоблашади. Бундан ташқари, Кўрфаз араб давлатларида аҳолининг катта қисми суннийлар, аммо Яманда аҳолининг 40 фоизгача бўлган қисмини шиалар ташкил қилади. Шу нуқтаи назардан Ямандаги шиалар бошқа минтақа давлатларидаги шиа озчиликларига таъсир қилиши мумкин, дейишади.
Геосиёсий аҳамияти эса Боб ал-Мандаб бўғози билан ўлчанади. Юқорида айтилгандек, умумий дунё савдо айланмасининг 10-13 фоизи ўтади. Нефт айланмасининг ҳам қарийб 30 фоизи шу ердан ўтади. Боб ал-Мандаб бўғозидаги беқарорлик Қизил денгиз ва Сувайш каналига ҳам таъсирини ўтказади. Миср баёнотларига кўра, Боб ал-Мандабдаги беқарорлик сабаб Сувайш каналидаги савдо кемалари транзити 44 фоизга камайган, бу эса катта йўқотиш дегани. Қизил денгиз орқали эса Саудия иқтисодиётига таъсир қилиши мумкин. Ҳиндистон ҳам хавотир билан кузатяпти вазиятни, чунки Ҳиндистонга кирадиган ва у ердан чиқадиган товарларнинг катта қисми айнан Боб ал-Мандаб бўғозидан ўтади.
— Ҳусийлар, уларнинг мафкураси, геосиёсий мақсадлари ҳақида нималар маълум? Биз тарихдан Яман жамиятида бирлик йўқлигини кўрамиз, бунинг сабаблари нимада?
Азиз Худойбердиев: — Ҳусийчилик оддий мактабдан бошланган, яъни ташвиқот, таълим орқали кириб келган. Ҳусийлар Эрон инқилобидан кейин Хумайний ғояларини ўрганишди ва шу мафкура уларга асос бўлиб қолди. Уларнинг ҳаракати тарихи Мусулмон биродарлар ташкилоти тарихига ҳам ўхшайди, улар ҳам оддий мактаблардан бошлашган.
Шавкат Икромов: — Бошқа томондан ҳам эътибор қаратмоқчиман: қабилачилик муносабатлари ва иқтисодий масалалар. Кўплаб экспертлар айтадики, Ямандаги бўлинишлар мафкура билан изоҳланса-да, лекин аслида ресурслар учун кураш бўлади, иқтисодий қулай ҳудудларга эга бўлишга интилишади ва энг асосийси, ташқи кучлар ихтиёрини бажариш. Яманда Саудия, БАА ва Эрон фаол ҳисобланади. Эроннинг иштироки баҳсли вазиятга сабаб бўлади. Негаки, ҳозирги вазият хам эронликлар томонидан бир қанча саволларни юзага келтиряпти. Кўплаб экспертлар ҳусийлар ва Ҳизбуллоҳ бир-бирини қўллайдими ёки Эрон томонидан молиялаштирилаётган рақибларми, деган савол ҳам йўқ. Баъзи экспертлар улар ўртасида умумий иттифоқ йўқ, дейди ҳам. Демоқчиманки, мафкура масаласи бор, аммо ундан ҳам муҳимроқ иқтисодий масалалар бор бу ерда.
Ямандаги гуруҳлар икки тоифали. Бир тоифа Яманни парчалаб, ўзи маълум ҳудудга эгалик қилишни истайди, ҳусийларнинг ҳам ҳудудий даъволари бор. Умуман, Яманда уруғ-қабилачилик муносабатлари кучли бўлгани сабаб бир сиёсий куч томонидан бошқарилиши қийин. Ҳусийлар уруғ-қабилалар билан келишгани ёки бўйсундиргани учун мамлакат бўйлаб назоратни кенгайтиряпти. Дастлаб шимолдаги қабилаларни бўйсундиришди, кейин эса Боб ал-Мандабни назоратга олишди.
Яманда уруш иқтисодиёти ривожланган. Яъни халқаро ҳуманитар ёрдамлар, нефт-газ конларини талон-торож қилиш авж олган. Шундай бир пайтда гуруҳлар урушдан манфаатдор.
Яман ҳуманитар инқироз энг авж олаётган ҳудуд. Коронавирус оғир кечди, вабо тарқалди, очарчилик, бир қанча вақт Саудия томонидан ҳуманитар ёрдамлар йўли ёпилган эди. Умуман, вазият қийин. Лекин урушаётган кучлар ўз манфаатларини устун қўяди, ҳуманитар ҳолатни эмас.
— Ҳусийлар асосан қандай турдаги қуроллардан фойдаланади?
Азиз Худойбердиев: — 90-йиллардан олдин Яманда асосан совет иттифоқи, Хитой, Чехословакиядан келган қуроллар бўлган, асосан автоматлар, совет танклари. Кейинчалик Ғарбдан келган қуроллар пайдо бўлди. Маълумотларга кўра, ҳусийларда 2 минг километрга учувчи баллистик ракеталар бор ҳозир, Эрон ракеталари булар, бундан ташқари, яна 1200 километрга учувчи ракеталар ҳам бор. Бошқа турдаги ракеталар ҳам мавжуд. Шулар орқали Қизил денгизда Исроил иттифоқчиларига ҳужум қиляпти. 7 октябрдан кейин Исроилга ҳам ракета зарбалари беришга уринган, аммо ўртада Саудия бўлгани учун Саудия ҳимоя тизимлари уриб туширган.
— Ямандан кўрфаздаги араб давлатлари нима исташади, Эрон-чи? Яманнинг ўзи нима хоҳлайди, нега бирлашишмайди?
Азиз Худойбердиев: — Яманда доим бир орзу – Яман бирлиги бўлган. 1990 йилда Жанубий ва Шимолий Яман бирлашган, аммо турли низолар кўпайган. Уларнинг энг катта камчилиги — бирлик йўқлиги ва ўзаро ички рақобат. У ерда қабилачилик муҳим, давлат томонидан тайинланган раҳбарнинг эмас, кўпроқ қабила шайхига бўйсунишади.
Ташқи томондан Саудия Яман билан доим уруш ҳолатида бўлган. 1934 йилда бошланган бу урушлар. 1969 йилда Яманда фуқаролар уруши бўлиб, монархия ағдарилган, Саудия бунда ҳам қатнашиб, монархиячилар томонида турган, Миср эса республикачилар томонида бўлган. Қизиғи шунда эдики, монархиячилар шиалар эди, аммо шундай бўлса ҳам, сунний бўлган Саудия улар тарафида бўлган. Шунинг учун ҳам асосий сабаб диний омил эмас, кўпроқ сиёсий омил.
Шавкат Икромов: — Юқорида айтилгандек, Яманда уруғ-қабилачилик устун, эътиқод масаласи ҳам. Ҳокимиятни суннийлар бошқариши керакми ёки шиалар деган масала туради. Агар бирор бир қабила бошлиғи ҳокимиятга чиқса, бошқаларнинг манфаатлари топталмайдими, хавфсизлик таъминланадими, деган масала ҳам. Экспертлар шуни айтишадики, Яманда юқори даражада бўлмаган бир қанча сиёсий лидерлар бор, улар ҳар доим хато қилади, бутун давлатни бирлаштиролмайди. Кучли сиёсий элита муҳим ҳисобланади, Яманда эса бундай сиёсий элита йўқ.
Бошқа араб давлатларида ҳали бошқарув, давлатчилик тўла йўлга қўйилмаган пайтда Яманда монархия бошқаруви бор эди, 1970 йилларгача ва бундай монархия бошқа араб давлатлари билан низога бормасди, бир хил тузум эди. Республика бўлгач эса араб давлатлари буни тузумга таҳдид сифатида кўриб, Яманни блокада қилишган эди. Бундан ташқари, араб давлатлари АҚШ билан яқин эди, Яманда эса советпараст кучлар бор эди. Шу нуқтаи назардан ҳам Яман билан алоқаларни узишганди. Кейинчалик совет иттифоқи парчалангач ҳам Яманда тўла бошқарувга эга ҳокимият ўрнатилмади, сабаби эса юқорида айтилган уруғ-қабилачилик, кучли сиёсий элита йўқлиги бўлди.
Бу ерда Саудиянинг ҳам манфаатлари бор. 1934 йилда чегаралар аниқланган бўлса-да, ҳали ҳам ҳусийлар ва Саудия тан олмайдиган ҳудудлар бор. БАА Яманда Саудияга рақобатчи сифатида ҳам кўрилади. Ҳусийларга қарши бўлиш борасида якдил икки давлат, аммо БАА Саудия тан олмайдиган бошқа гуруҳларни ҳам қўллайди. Бундан ташқари, БААнинг портлардан ҳам манфаати бор. Беқарор вазиятдан фойдаланиши мумкин. Шу нуқтаи назардан бу Яманда барқарорликка эришиш қийин, аввало у ерда кучли сиёсий элита шаклланиши керак. Бирлаштириш ғоясидаги партиялар эса заиф, молиялаштирувчилар ҳам йўқ.
Қизил денгизда тузилган коалиция ҳаракати охир-оқибат ҳусийларни тан олиш билан тугаши мумкин. Чунки музокара қилиш тўғри келадиган бўлса, тан олишлари керак бўлади. Бу эса Яманда яна бўлинишларга олиб келиши мумкин.
Эрон манфаатлари ҳақида гапирсак. Эрон ҳусийларни ўзининг доимий вакили сифатида кўрмоқчи эмас. Саудияда 10-15 фоиз аҳоли шиалар, улар чегара ҳудудларида жойлашган. Эрон Ямандаги шиаларни қўллаш орқали минтақа давлатларига таъсир ўтказиши мумкин. Агар шиалар ҳокимиятни тўла эгаллаб, бутунлай назорат ўрнатса кейинги таъсир нуқталари Қатар, Кувайт каби давлатлар бўлиши мумкин, у ерда ҳам шиалар бор. Эрон ва Саудия ўртасидаги меъёрлаштириш жараёнларини Ямандаги ҳолат издан чиқариб юбориши ҳам мумкин. Ямандаги гуруҳлар бу меъёрлаштиришни истамаяпти.
Азиз Худойбердиев: — Ҳозирги вазият анча кескин. АҚШ ва Британия ҳаво зарбалари берди ҳусийларга. Саудия ҳам бир неча йиллар ҳаракат қилиб, йўқ қила олмаган эди уларни. Айрим мутахассислар фикрича, АҚШ ва Британия Яманга кирса, Яқин Шарқда яна бир катта урушга олиб келиши мумкин. Агар шундай уруш бошланиб, Эрон ҳусийларга ёрдам берса, унинг ортидан “Ҳизбуллоҳ”, Ироқдаги шиалар аралашуви натижасида уруш катталашиб кетиш эҳтимоли бор. Шу сабабли ҳозирги вазият жуда оғир.
Умуман, бу вазиятнинг тарихий илдизи 40-йилларда бошланган Яқин Шарқ можаросига бориб тақалади. Асосий сабаб, мустақил Фаластин давлати тузилмагани. Бугунги кунда АҚШ ҳам бу масалани кўтара бошлади, лекин Исроил қарши бунга. Урушни тўхтатилиб, мустақил Фаластин давлати тузилса, Яқин Шарқдаги вазият анча барқарорлашади.
Ямандаги урушдан манфаатдор гуруҳлар бор, дейилди. Лекин менимча, уруш манфаат келтирмайди. У ерда ҳам уруш тўхтатилиши керак. Илгарироқ Яманда миллий кенгаш чақирилганда федератив давлат тузиш таклифи ҳам бўлган, мана шу йўл энг мақбули деб ўйлайман.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
10:05 / 17.11.2024
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
22:56 / 15.11.2024