Фан-техника | 21:09 / 09.02.2024
50311
3 дақиқада ўқилади

Chevrolet дунёнинг энг ишончли автомобиллари рейтингига кирди

Дунёдаги энг ишончли автомобиллар рейтинги тузилди. Toyota, Lexus, BMW ва Porsche моделлари юқори ўринларни эгаллади. Рейтингда Chevrolet автомобиллари ҳам бор. 

J.D.Power агентлиги ўзининг ишончли автомобиллар Vehicle Dependability Study рейтингини эълон қилди. Бир йил аввалгидек, унда биринчи ўринни Lexus (PP100 индексида 135 балл), иккинчи ва учинчи ўринларни Toyota (147) ва Buick (149) эгаллади. 

PP100 индекси 100 та машинага тушган шикоятлар сонида ифодаланади. Lexus автомобилларига мижозлардан энг кам (135 та) эътироз бўлган, демак бренд рейтингда шунча балл тўплаган. 

J.D.Power компаниясининг қайд этишича, дунёда автомобиллар ишончлилиги пасайган, чунки ўртача индекс қиймати йил давомида тўрт поғонага кўтарилиб, 190 га етган. 

Қайд қилинишича, энг кўп шикоят мултимедиа тизимлари билан боғлиқ. Электрон ёрдамчиларнинг билдиришномалари сонининг кўпайиши ҳам мижозларни асабийлаштирган. 

Шу билан бирга, электромобиллар устидан шикоятлар сони бензинли автомобилларникидан кўпроқ бўлган – 256 га нисбатан 187 балл. Бунда шикоятларнинг аксарияти шиналар эскиришининг ортиши билан боғлиқ. 

Энг ишончли автомобиллар рейтингида Chevrolet брендининг 3 та автомобили (Equinox, Tahoe, Traverse) ҳам юқори ўринларни эгаллаган. Ушбу автомобиллар Ўзбекистон бозорида ҳам сотилади. 

PP100 индекси бўйича энг ишончли автомобиллар рейтинги:

135 балл – Lexus (IS, ES, NX, RX моделлари);

147 – Toyota (Corolla, Camry, 4Runner, Tundra, Tacoma);

149 – Buick (Encore);

174 – Chevrolet (Equinox, Tahoe, Traverse);

174 – MINI;

175 – Porsche 718;

185 – Mazda;

187 – Kia Sedona;

190 – BMW (Х1, Х6);

190 — Dodge.  

Рейтингнинг энг қуйи қисмини Chrysler эгаллади - унинг PP100 рейтинги 310 балл. Audi (275), Land Rover (268), Volkswagen (267) ва Tesla (252) ҳам энг ёмон кўрсаткичларни қайд қилган.  

Рейтинг учун маълумотлар 3 йил давомида автомобилдан фойдаланган ҳайдовчилар ўртасида ўтказилган сўров асосида тўпланган. Уларга 9 та тоифага ажратилган 184 та муаммо юзасидан савол берилган: иқлим назорати; электрон ёрдамчилар; ҳайдаш тажрибаси; экстериер; функциялар/бошқарув ускуналари/дисплейлар; ахборот-кўнгилочар тизим; интериер; двигател ва ўриндиқлар.  

Мавзуга оид