Ўзбекистон | 16:57 / 09.02.2024
7180
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш электрон шаклга ўтказилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

2022 йил 1 сентябрдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Ўзбекистонда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаларини электрон шаклда расмийлаштириш тест-режимида амалиётга татбиқ этилган эди.

ССВ матбуот хизмати хабар беришича, ҳозирга келиб бу жараёнлар тўлиқ якунланиб, 2024 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудларида меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномаларини фақат электрон шаклда расмийлаштириш белгиланди.

Касаллик варақаларини шакллантиришда 2 та рол белгиланган:

  • Яратувчи (меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини юритишга масъул тиббий ходимлар: IT-оператор ҳамшира, бош ҳамшира ёки бошқа тиббий ходим);
  • Тасдиқловчи (бош шифокор, унинг ўринбосари, мудир). 

Шунингдек, ҳозирда республика ташкилотлари, хусусий клиникалар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида бўлмаган бошқа вазирлик ва идоралар тиббий қисмларининг расмий мурожаати бўйича уларга тасдиқлаш роллари бериляпти.

Тизимга киритилган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари тўғрисидаги маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» (my.gov.uz) ахборот тизими ҳамда UZASBO дастурий таъминотига электрон шаклда юборилади.

Хусусий ташкилотлар ходимининг меҳнатга лаёқатсизлик варақалари тўғрисидаги маълумотларини олиш учун Mehnat.uz ахборот тизими ҳамда UZASBO дастурий таъминотига интеграция қилинган бўлиши лозим.

Мавзуга оид