Жамият | 20:07 / 12.02.2024
28043
3 дақиқада ўқилади

Ҳаётий ҳикоя: Катта онанинг васияти

Фото: Getty Images

“Негадир қабулимга келганлар “ёшгина қиз экансиз, балки, тушунмассиз” деб гапни бошлайдилар. Мен кулиб, “қани келинг, ўтиринг-чи, тушунишга ҳаракат қиламан, ҳар ҳолда 18 ёшли эмасман”, дейман кулиб”. Бугунги ҳаётий ҳикоя қаҳрамонлари бироз бошқача. Бири иккинчисини парвариш қилган, бири кундошининг фарзандларига уйини мерос қолдираётган икки аёл ҳақида. 

“Бир куни қабулимга ийманиб, тортиниб бир аёл келди. Анчагача гапни нимадан бошлашга қийналиб ўтирди. Бир пиёла чой қуйиб узатдим ва муаммосини сўрадим. 

Айтишича, бир ҳовлида яшайдиган кундоши (турмуш ўртоғининг расмий никоҳдаги хотини) унинг ўғилларининг номига ўзи яшайдиган уй-жойни васият қилиб бермоқчи экан. 

- Тушунмадим, қандай қилиб, бир ҳовлида, бизнинг давлатимиз қонунларига кўра, икки хотинлик мумкин эмас... 

- Эҳ, синглим, - деб йиғлаб юборди аёл. – Тушунишингиз қийинлигини билардим. Гап шундаки... 

Аёлнинг ҳикоя қилишича, турмуш ўртоғининг биринчи оиласидан 1 нафаргина фарзанди бўлган экан. Шу йигит каттагина бўлганида номаълум сабабга кўра ўзини осиб қўйиб, вафот этади. Онаизор фарзанд доғидан инсультга чалинади ва оёқлари юрмай қолади. Эр 5 йил давомида уни даволатади, олиб бормаган жойи қолмайди. Охири умиди узилгач, ўзи яшаган маҳалладан турмуш қурмаган, 40 ёшлардаги бир аёлга совчи қўяди. Бўлғуси оиласига биринчи аёлининг аҳволини, уни ташлаб қўя олмаслигини, у билан бир ҳовлида яшашга тўғри келишини айтади. Бахти очилишини кутишдан чарчаган аёл бу шартларга кўнади. Турмушга чиқади ва “опа”сини парваришлайди. Шу орада унинг икки нафар ўғли туғилади, иккаласи “катта она”сини буви ўрнида жуда яхши кўришади. Бу ҳол эри вафот этгандан кейин ҳам давом этиб келмоқда экан.

- Шу кунларда опам жуда безовта, вафот этмасимдан олдин, уй-жойларини ўғилларимга васият қилишни истаяпти. Кейинчалик, бошқалар даъво қилмасин деяптилар, - деди аёл қимтинибгина.

Хуллас, уйига бориб, бемор аёл билан суҳбат қилдим. Жуда катта фожиани бошидан ўтказган аёл, ҳақиқатан ҳам “синглиси”нинг фарзандларини ўз фарзандларидек кўришини ва номидаги уй-жойни уларга васият қилмоқчи эканини айтди. Мен васиятномани тузиш ва тасдиқлаш тартибини тушунтирдим ва унинг иродасини тасдиқлаб бердим.

Нотариуслик фаолиятимда шу каби воқеалар ҳам учраб туради”.

Юнусобод туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Чарос Раззоқованинг саҳифасидан олинди.

Мавзуга оид