Ўзбекистон | 18:52 / 13.02.2024
14650
2 дақиқада ўқилади

Дарс қолдирган ўқувчиларнинг ота-онасига огоҳлантириш хати юборилмоқда

Мактаб дарсларига сабабсиз қатнашмаётган болаларнинг ота-онасига огоҳлантириш хати юборилмоқда, унда ота-она фарзандининг таълим олишини таъминлаш бўйича жавобгар экани эслатилган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бундай чоранинг моҳиятини тушунтирди. 

Ижтимоий тармоқларда мактаб дарсларига сабабсиз қатнашмаётган ўқувчиларнинг ота-онасига юборилган огоҳлантириш хати намунаси тарқалди. Унда болаларнинг таълим олишига ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс томонидан тўсқинлик қилиши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига кўра, БҲМ 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 млн сўм – 5,1 млн сўм) миқдорда жарима, бу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМ 15 бараваридан 25 бараваригача (5,1 млн сўм – 8,5 млн сўм) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши келтирилган. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова бундай огоҳлантириш хати ҳақиқатан ҳам юборилаётганини тасдиқлади. 

Унинг эслатишича, давлат раҳбари топшириғига кўра, мактаблардаги инспектор-психолог штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилган. Уларнинг асосий вазифаси, ўқувчиларнинг таълим-тарбиясини ташкил этишда мактаб жамоаларига яқиндан кўмаклашиш, мунтазам дарс қолдирувчи ўқувчиларнинг ота-онаси билан ишлашдан иборат. 

«Шу мақсадда дарсларга мунтазам (уч ўқув куни ва ундан ортиқ) сабабсиз қатнашмаётган ўқувчиларнинг яшаш манзилларига тезкор равишда «Огоҳлантириш хати» юборилмоқда. Унда ўқувчиларнинг ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилган... Бундан кўзланган мақсад, дарсда иштирок этмаётган ўқувчилар оила аъзоларининг масъулияти ва жавобгарлигини оширишдан иборат», дейилади изоҳда.

Мавзуга оид