Ўзбекистон | 10:20 / 14.02.2024
9002
2 дақиқада ўқилади

Навоийда “Ақлли чорраҳа” лойиҳаси ва “Яшил йўлак” режими синовдан ўтказилди

Сунъий интеллект ёрдамида машиналар оқимини бошқарувчи “Ақлли чорраҳа” қурилмаси Навоий шаҳридаги энг гавжум чорраҳада тирбандликни 45 фоизга камайтирган.

Навоий шаҳрида йўллардаги тирбандликни камайтиришга қаратилган “Ақлли чорраҳа” лойиҳаси ҳамда лойиҳанинг бир қисми бўлган “Яшил йўлак” режими синовдан ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz’га лойиҳа ташаббускорлари хабар берди.

Маълум қилинишича, “Ақлли чорраҳа”ни сунъий интеллект бошқаради: чорраҳанинг қайсидир қисмида тирбандлик юзага келган бўлса, светофор автоматик равишда яшил чироқни ёқиб, ҳаракатда ўша йўлакдаги машиналарга устунлик беради. Қурилманинг яна бир қулайлиги, у электр-энергиясиз ҳам 8 соат давомида ишлаши мумкин.

“Ақлли чорраҳа” синови Навоий шаҳридаги энг гавжум бўлган чорраҳада синовдан ўтказилган. Синов жараёнида чорраҳадаги тирбандлик 45 фоизга камайган. Ҳозирда қурилма шаҳардаги учта чорраҳага ўрнатилган.

Шунингдек, 11 феврал куни лойиҳанинг бир қисми бўлган “Яшил йўлак” режими ҳам синовдан муваффаққиятли ўтказилган.

Мазкур режим фавқулодда ҳолатларда махсус танспорт воситалари шаҳар бўйлаб тезкор ҳаракатланиши учун имкон яратади. Яъни, сунъий интеллект масофадан светофорларни бошқариб, тез ёрдам, ўт ўчириш ҳамда жамоат транспортлари учун яшил чироқни ёқиб беради.  

Олдинроқ Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Kun.uz’га берган интервюсида Навоий шаҳрида “Ақлли чорраҳа” лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани, лойиҳанинг биринчи қисми тугатилиб, тақдимот қилингани ҳамда қайта ишлашга берилгани, бу ишни айнан навоийлик ёшлар амалга ошираётгани ҳақида гапирганди.

Мавзуга оид