«Уруш математиги». Украина армиясининг янги бош қўмондони ҳақида асосий фактлар
Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони ким экан ва бу тайинловдан нималар кутиш мумкин?
BBC Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони ким экани ва бу тайинловдан нималар кутиш мумкинлиги ҳақида ҳикоя қилди.
Олександр Сирскийнинг танишлари айтишича, у уруш Украина ғалабаси билан тугамаслиги ҳақидаги ҳар қандай гап-сўзни қатъиян рад этади.
«У урушга математик нуқтайи назардан қарайди. Унинг учун бу ҳал қилиниши керак бўлган масала ва у бу масалани ечмоқчи. Бу вазифа шартлари: душман бор ва уни йўқ қилиш керак», — дейди Украина мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, хизматдалигида Сирский билан яқиндан ҳамкорлик қилган Анна Маляр.
«У ҳарбий амалиётларни шу қадар пухталик билан режалаштирадики, ҳар бирининг бошланиши ва якунланиши керак бўлган кун ва соати бўлади. Оркестрда ҳар бир чолғу асбоби ва унинг қисмлари бўлгани каби, унда ҳам ҳар бир бўлинма ва унинг вазифалари бор», — дея давом этади у.
Володимир Зеленский ва Валерий Залужний ўртасидаги зиддият яққол кўзга ташлана бошлагач, мамлакат ичкарисидагилар ва хориждаги кузатувчиларнинг кўпчилиги Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони айнан Сирский бўлишини прогноз қилаётганди. Украинанинг Россияга қарши ҳозирги урушдаги энг катта икки ғалабаси унинг номи билан боғлиқ, 58 ёшли генералнинг биографияси ва тажрибаси ҳам ушбу тайинловни оқлайди. Бу тайинловга қаршилар янги бош қўмондоннинг оддий ҳарбийлар орасидаги обрўси жойида эмаслигига эътибор қаратиб, ҳозирги вазиятда Украина ҚК қўмондонлигидаги ҳар қандай ўзгариш жанг майдонидаги вазиятни ўзгартира олмаслигини, шу билан бирга Украина ҳукуматини жиддий сиёсий хавф-хатарга дучор қилишини айтишган.
Москвадан Киевга қадар
Олександр Сирский 1965 йилда РСФСРнинг Владимир области Новинки қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси ҳарбий бўлган ва у болаликдан унинг ортидан боришни орзу қилган. 70-йилларда Сирскийнинг отаси Украинада хизмат қилишга юборилган, бутун оила у билан бирга кетган. Олександр мактабни Харкивда тамомлаган ва бу шаҳарни ўз она шаҳри деб билади.
Владимирда унинг қариндошлари қолган, аммо унинг акаси Олег Сирский Россия давлат агентлигига шундай деган: «
Мен у билан мулоқот қилмайман, ҳатто унинг қаердалигидан бехабарман. <…> Мен у ҳақида ҳеч нарса билмайман. Анча олдин, жуда кўп вақт олдин у у ерга [Украинага] кетган. У бутун ҳаётини ўша ерда қурган, у ўша ерда хизматга кирган ва уни давом эттирмоқда, оиласи ўша ерда». Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига кўра, Олег Россия босқинини қўллайди.
Олександр Сирский аълочи сифатида Москва олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига юборилади, у бу ерни 1986 йилда аъло баҳоларга тамомлайди. Билим юртида Сирский 1982 йилдан 1986 йилга қадар ўқиган. Россия 58-армиясининг собиқ қўмондони, ҳозир эса Давлат думаси депутати ва асосий россиялик ҳарбий спикерлардан бирига айланган Андрей Картаполов ҳам у билан бир вақтда ўқиган, аммо билим юртини бир йил олдинроқ, 1985 йилда тамомлаган. 1987 йилда эса бу ерни ЛДПРдан дума депутати бўлган, собиқ разведкачи Александр Литвиненкони ўлдиришда гумонланган Андрей Луговой битирган.
Аммо Олександр Сирскийнинг ҳарбий хизмати тўлиқ Украина билан боғлиқ. 80-йилларда у Полтава области Лубни шаҳридаги мотоўқчилар взводига командирлик қилган, 90-йилларда — Украина миллий гвардиясининг базаси Харкив областида жойлашган 6-дивизия баталёни ва полкига раҳбарлик қилган, 2000-йилларда — Украина ҚК 72-бригадаси штабини бошқарган ва қўмондонлик қилган.
1996 йилда у Украина қуролли кучлари академиясини, 2005 йилда — Украина миллий мудофаа академиясини аъло баҳолар билан тамомлайди. У диссертацияни ҳам Украинада ёқлайди ва ҳарбий фанлар номзоди бўлади. 2009 йилда Сирский президент Виктор Юшченко фармони билан генерал-майор унвонини олади.
2013 йилда, Украина учун сўнгги тинч йилда Сирский Украина ҚК Бош қўмондонлик маркази биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган. У бу лавозимда украин армиясининг НАТО билан ҳамкорлигига ва Украина қуролли кучларида алянс стандартларининг бир қисмини бажаришга масъул бўлган.
Сирскийни танийдиган одамларнинг айтишича, у инглиз тилида эркин гаплашади. Катта урушга қадар репетитор билан шуғулланган, ҳозир эса тилни мустақил равишда ўрганмоқда.
Дебалцеводан чиқиш
Донбассда ҳарбий ҳаракатлар бошлангач, Сирский аксилтеррор амалиётлар (АТО - украин кучишлатар тузилмаларининг Украина шарқидаги амалиёти 2018 йилга қадар шундай номланган) штабига раҳбар бўлган.
2015 йил февралида Сирский Донецк областидаги Дебалцево шаҳарчаси чеккасига шахсан ташриф буюради. Бу ерда АТО давридаги энг қизғин жанглар кетаётганди: Дебалцево ва атрофдаги қишлоқлар ўзини ўзи эълон қилган «ДХР» назоратидаги ҳудудга санчилган ханжар шаклини ҳосил қилганди. Украина қуролли кучлари келгуси ҳужум амалиётларида плацдарм вазифасини ўташи мумкин бўлган ушбу шаҳарни ушлаб қолишга ҳаракат қиларди, Россия ҳарбийлари томонидан очиқчасига қўлланаётган айирмачилар эса (ДХР томонида туриб жанг қилаётган бурят танкчиларини илк бор шу ерда пайқашганди) Дебалцево бўртиғини «кесиб ташлаш»ни истаётганди.
Сирский бу ерга дастлаб вазиятни тушуниб олиш учун ташриф буюрганди, якунда эса айнан у айрим тўқнашувларда қўмондонлик қилади, кейин эса — шаҳардан украин кучлари олиб чиқиш билан шуғулланади.
Россия пропагандаси Украина қуролли кучлари Дебалцевони тарк этишини кўп сонли қурбонлар берган ҳолда ваҳимага тушиб қочиш сифатида тасвирлайди. Сирский эса кейинроқ бунинг аксини таъкидлаган: чекиниш синчковлик билан режалаштирилган ва яхши ташкиллаштирилганди.
«Мен ўз бўлинмам билан чекиниш амалга ошириладиган йўл бўйидаги икки тепаликни эгалладим. Бу ерга десантчилар жойлашишди ва ўша тепаликларни бўлинмаларимиз Дебалцевони тарк этгунига қадар ушлаб туришди… Чиқиш вақтида рақибнинг барча асосий таянч пунктлари ва бўлинмалари бостирилган, рақиб бизнинг кетишимизга таъсир кўрсата олмасди. Шунинг учун чиқиш — хоҳ пиёда, хоҳ машинада бўлсин, уюшқоқлик билан амалга оширилганди», — деганди у кейинроқ «Украинская правда» нашрига.
Дебалцево амалиётининг сиёсий жиҳати ҳам бор эди. Шаҳар учун жанглар кетаётган маҳалда Беларус пойтахтида Украина, Россия, Германия ва Франция етакчиларининг учрашуви ўтказилаётганди. Унда Владимир Путин «Дебалцево котёли»да минглаб украин аскарлари қамалиб қолгани, уларни қутқариш учун Киев жиддий ён бериши кераклигини айтади.
Шаҳарни Минск музокаралари якунлангунича ушлаб туриш, кейин эса — Украина қуролли кучлари Дебалцеводан нисбатан ташкиллаштирилган ҳолда олиб чиқилиши Украинанинг ўша вақтдаги раҳбарияти томонидан ижобий баҳоланади. Бу воқеа учун Сирскийни 3-даражали Богдан Хмелницкий ордени билан тақдирлашади.
Кейинроқ Сирский Донбассдаги украин қўшинлари қўмондонлик тузилмасида юқори лавозимларни эгаллайди: Украина ҚК Бирлашган оператив штабини бошқаради, АТО қўмондони бўлади, кейинроқ – АТО ўрнига тузилган Бирлашган кучлар операциясига қўмондонлик қилади.
2019 йил августида президент Володимир Зеленский Олександр Сирскийни Украина ҚК Қуруқлик қўшинлари қўмондони этиб тайинлайди. 2020 йил 23 августида – Украина мустақиллик куни муносабати билан – Сирский генерал-полковник унвонини олади.
Киев мудофааси
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланиши арафасида Сирский мамлакат раҳбариятидан ўзини Киев мудофааси қўмондони этиб тайинлашни таклиф қилган. Кейинроқ генерал россияликлар Украина пойтахтига бу қадар таптортмасдан юриш қилиши мумкинлигига ишонмаганини тан олган.
«Менга фаол ҳарбий ҳаракатлар бошланса ҳам, бу катта эҳтимол билан шарқда — Донецк ва Луҳанск областлари чегараларида ёки шунга яқинроқ жойларда кечадигандек туюлганди», — деганди у Washington Post нашрига берган интервюсида.
«Аммо биз ҳарбийлармиз. Шунинг учун мен бунга ишонганим ёки ишонмаганимдан қатъи назар ва барчаси қандай кўринган бўлса ҳам, мен барибир барча зарур тайёргарликни кўриб қўйгандим», — дея давом этади у.
Киев мудофааси учун Сирский икки мудофаа ҳалқаси ташкил этади — бири шаҳар ичкарисида, бошқаси шаҳар чеккасида. Генерал тезлик билан марказий қўмондонлик ва шаҳар ҳамда унинг атрофига ёйиб жойлаштирилган секторлар ўртасида коммуникация тизимини яратади. Шу билан бир вақтда у тактик характердаги шошилинч қарорларни қабул қилишни жойлардаги зобитларнинг ўзига қолдиради.
Асосий кучлар мамлакат шарқига жойлаштирилгани туфайли Киевни ҳимоя қилиш учун ҳарбий кадрлар етарли бўлмаслигини англаган ҳолда Сирский Украинанинг бошқа шаҳарларидаги ўқув-машғулот марказлари ҳамда ҳарбий билим юртлар негизида вақтинчалик баталёнлар тузиш ва пойтахт томон олиб келишга буйруқ беради.
Бундан ташқари, армия авиацияси, артиллерия бўлинмалари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Россия босқинидан олдинроқ ўзининг доимий жойлашув манзилларидан ташқарига олиб чиқилади.
Бу қадамларнинг барчаси, Сирскийнинг айтишича, Украина пойтахтини эгаллаш учун уч кун муддат берилган россияликларнинг дастлабки зарбасига дош беришга имкон беради. BBC’нинг ўшанда Киевдаги қўмондонлик пунктларидан бирида бўлган суҳбатдошининг сўзларига кўра, Сирский россияликлар босқинининг тўртинчи кунига келибгина уйқуга ётган.
«Икки ҳафта деярли уйқусиз, аҳён-аҳёнда мизғиб олиш. Аммо барча вазифалар бажарилди», — дея хотирлайди у кейинроқ «Киев учун жанг» ҳужжатли филмида.
Сирский Киев яқинида вазият критик бўлган яна бир палла сифатида пойтахтдан шимолдаги Мошчун қишлоғи учун жангларни келтиради, бир қанча муҳим йўллар шу ер орқали ўтганди. Россияликлар бу ерга десантчилар ва денгиз пиёдалари билан тўлиб-тошган икки юзга яқин техникаларини олиб келади. Ўшанда Киев мудофааси учун муҳим қарор қабул қилинади: Ирпин дарёсидаги тўғон портлатилиши россияликларнинг режалаштирилган ҳужумини тўхтатади. Катта эҳтимол билан, айнан шу қарор Киевдан хавфни узил-кесил аритади.
Март ойининг сўнгги кунларида Россия қўшини Украина пойтахти атрофидан бутунлай кетади. Бир ойдан узоқ вақт давом этган ушбу амалиёт учун Олександр Сирский давлатнинг олий давлат мукофоти — Украина Қаҳрамони Олтин юлдузи билан тақдирланган.
Харкив атрофидаги юриш
Россияликлар Киевдан чекингач, урушнинг асосий воқеалари Украина шарқига кўчади. Сирский фронтнинг шарқий участкаси учун масъул бўлган «Хортица» оператив-стратегик қўшинлар гуруҳи бошқара бошлайди.
Сирскийни Украина қуролли кучларининг «Слобожанский юриши» номини олган амалиётининг бош архитектори деб ҳисоблашади — 2022 йил сентябрида украин армияси шиддатли ҳужумга ўтиб, бир ҳамлада Харкив, Донецк ва Луҳанск областларида 500 дан ошиқ аҳоли яшаш манзилларини озод этади.
«[Украин ҳарбийлари ўшанда] чекинишдан безор бўлганди. Биз душман гандираклаб қолиб, пароканда бўлишига олиб келадиган зарба беришимиз кераклигини ҳис қилардик», — дея хотирлайди Сирский кейинроқ ТСН учун интервюда.
Украина ҳукумати ўшанда барча ахборот каналлари орқали тез орада жанубий йўналишда юриш бошлашини анонс қилади ва бу билан россияликларни жангга шай қисмларини Херсон мудофааси учун олиб ўтишга мажбур қилади. Сирский қўмондонлигидаги қўшин эса рақиб Харкив йўналишида кучсизланганидан фойдаланиб қолади.
Балаклияда турган россияликлар рақиб кенг фронт бўйлаб юриш қилишини кутганида украин қўшини шаҳарни айланиб ўтади ва қанотлардан зарба бериб, шаҳарни ҳимоя қилишга тайёрланган кучларни ғафлатда қолдиради.
Сирский чекинаётган русларни таъқиб қилатуриб мудофаага ўтишни ўз ичига олувчи дастлабки режадан четга чиқишга қарор қилади ва қочаётган душманни қувишда давом этишга буюради.
Слобожанский юриши давомида украин кучлари улкан миқдордаги ҳарбий техникаларни ўлжа қилиб олади. Wall Street Journal газетаси Oryx таҳлилчиларига асосланган ҳолда Россия армияси Украина қуролли кучлари учун оғир қуроллар етказиб берувчи асосий «таъминотчига айлангани» ҳақида ёзганди.
«[Юриш] натижаси биз кутганимиздан анча каттароқ бўлди. Биз тахминан икки минг квадрат километр камроқ ҳудудни [озод этишни] режа қилгандик», — дея табассум билан ҳикоя қилади кейинроқ Сирский.
Аммо, генералнинг сўзларига кўра, бу амалиётнинг асосий натижаси бошқа нарсада эди: «Барча кўрдики, Россия армияси, дунёдаги иккинчи армия, мағлуб этилди. Уни ҳам енгиш мумкин ва енгиш ҳам керак, улар қочишади ва анча тез қочишади».
Украин кучларининг айнан ўша муваффақиятли ҳаракатлари Владимир Путин қисман сафарбарлик эълон қилишига сабаб бўлган, деб ҳисобланилади. Украина қуролли кучларининг Сватове ва Креминна томон ҳужумларини фақат минглаб янги чақирилган аскарларни олдинги чизиққа ташлаш орқалигина тўхтатиш мумкин бўлганди.
Бахмут масаласи
Агар Слобожанский юриши шубҳасиз Украина армияси учун Россияга қарши урушнинг энг шонли саҳифаларидан бирига айланган бўлса, Бахмут учун жангларга аниқ баҳо бериш қийин.
Сирскийнинг ўзи ҳам унинг бошқарувидаги гуруҳ масъулиятида бўлган бу шаҳар ҳарбий аҳамиятга эга бўлмаганини тан олган. Аммо 2022 йил кузида унинг эгалланиши асосан «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси отрядларидан иборат бўлган Россия қўшини учун жуда муҳим аҳамиятга эгадек туюлганди. Моҳиятан Бахмут учун жанглар «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожиннинг шахсий пиар-проектига айланди, унинг забт этилиши эса Россия қўшинларининг Харкив атрофидаги мағлубиятини рамзий жиҳатдан компенсация қилиши керак эди.
Натижада 2022-2023 йиллар қишида Бахмут учун кечган жанглар Россия-Украина урушидаги энг қонли тўқнашувларга айланди, ҳарбий ҳаракатлар икки томондан ўн минглаб кишилар ҳаётига зомин бўлди.
BBC манбаси тасдиқлашича, маълум паллага келиб Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний украин кучларини шаҳардан олиб чиқиш тарафдори бўлган. Аммо ўша вақтда Бахмут украин сиёсий раҳбарияти учун муҳим тимсолга айланганди: «Бахмут Фортеці (қалъаси)» Украина қуролли кучлари аскарларининг матонати ва ўз юртини охиригача ҳимоя қилишга бўлган қатъияти рамзи бўлиши керак эди. BBC маълумотига кўра, Залужний ўшанда шаҳарни ташлаб чиқиш бўйича таклифига «рухсат» ололмаган, Бахмут учун қонли жанглар эса у 2023 йил майида россияликлар томон эгаллангунига қадар давом этган.
Сирскийнинг тарафдорлари Бахмут учун жангларни украин қуролларининг ғалабаси деб билишади. «Агар биз ўшанда душманни Бахмутда ушлаб турмаганимизда, у саноқли кунлар ичида бутун Донецк областини эгаллаб олиши мумкин эди. „Вагнер“га қарши кечган оғир жанглар бизнинг ғалабамиз билан якунланди, чунки „Вагнер“ Пригожиннинг ўлимидан олдинроқ ҳам буткул яксон этилганди», — деган BBC га Украина мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Анна Маляр.
«Бахмут қирғинбароти» чиндан ҳам «Вагнер» ХҲКнинг жанговар қобилиятини сезиларли даражада пасайтирганди: Сирский ўша вақтда берган интервюларидан бирида ушбу хусусий ҳарбий компания тарихига якун ясалгани ҳақида ҳам айтганди. Афтидан, Сирский қўмондонлигидаги қўшин бу вазиятдан фойдаланиб қолишга қарор қилган ва 2023 йил июнидаёқ Бахмутни қайтариб олиш учун юриш бошлаганди.
New York Times маълумотига кўра, 2023 йил ёзида қўшма йиғилишлардан бирида америкалик ҳарбий стратеглар украин генералларига кучларни Бахмутга янги ҳужумлар ва жанубий йўналишда тайёрланаётган йирик юриш ўртасида бўлиб юбормасликни қатъий тавсия этишган. Журналистлар ўз манбаларига таяниб ёзишича, ўшанда Валерий Залужний бу фикрга қўшилганди.
Аммо амалда Сирский бошчилигидаги украин қўшини Бахмутни қайтариб олиш учун кетма-кет уринишларни амалга оширишда давом этади. Сирскийнинг ўзи ўша вақтларда тез-тез ғарб нашрларида чиқиш қилган ва ушбу ярим вайрона ҳолатдаги шаҳарга ҳужумларни давом эттириш зарурлигини бот-бот таъкидлаган.
«Бу принципиал масала, шараф масаласи. Биз Бахмутни ҳимоя қилаётганимизда кўплаб биродарларимизни, ҳарбий хизматчиларимизни йўқотдик… Биз уни қайтаришга шунчаки мажбурмиз», — деганди у 2023 йил июлида BBC учун берган интервюсида.
Тахминан ўша кунларда АВС телеканали мухбирининг Бахмутни қайтариб олиш эҳтимоли ҳақидаги саволига жавобан Сирский юзда табассум билан инглизчада шундай деган: «Yes, of course. I’m sure».
Украина қуролли кучларининг ёзги-кузги кампанияси якунида Бахмутни қўлга кирита олмади, кейинроқ айрим экспертлар ресурсларнинг бир қисми ушбу шаҳар учун жангларга ажратилиши украин қўшини Азов денгизи йўналишида режалаштирган ёриб ўтиш амалга ошмаслиги сабабларидан бири бўлганини қайд этишган.
Ўз навбатида, Сирскийнинг атрофидаги одамлар унинг гуруҳи Бахмутни озод этиш вазифасини амалга ошириш учун етарли миқдорда ўқ-дорилар билан таъминланмаганини даъво қилишган: ўшанда устуворлик жанубдаги қарши ҳужумга берилганди.
Украина ҚК бош қўмондони бўлишигача Сирский 2022 йил кузида озод этилган Купянск ва Лиман ҳам жавобгарлик зонаси бўлган «Хортица» оператив-стратегик қўшинлар гуруҳини бошқаришда давом этди. Бу ҳудудларда Россия қўшини украин позицияларига тинимсиз ҳужум қилиб келади.
«Бизнинг мақсадимиз ўзгармас: ўз позицияларимизни сақлаб қолиш… душманга максимал даражада йўқотиш етказиш йўли билан уни ҳолдан тойдириш», — дея таърифлаган Сирский январ ойида Reuters учун берган интервюсида фронтнинг ўзига бириктирилган участкасидаги вазиятни.
«Имконият доим бор»
2014-15 йилларда Донбассда кечган ҳарбий ҳаракатлар вақтидаёқ Сирский — «Барс» чақирув белгисини олган.
«Менга бу жонивор ёқади, у айёрлик, куч ва жасоратни ўзида мужассам этади, ўзидан вазн ва куч борасида ортиқроқ бўлган рақиб билан курашга киришдан қўрқмайди. Биз ҳозир шундай вазиятдамиз», — деган у ТСН учун интервюсида .
Умуман олганда, Сирский Guardian газетасига берилган бошқа бир интервьюда шундай деган: «Мен ҳеч қачон сон жиҳатдан биздан кичикроқ бўлган рақибга қарши жанг қилмаган; улар доимо биздан кўпчилик бўлган».
Сирскийнинг ҳарбий бошлиқ сифатидаги ўзига хос хусусиятлари ҳам шу билан белгиланади. Уни таниганлар генерал ўзининг барча ҳаракатларини икир-чикиригача режалаштиришга муккасидан кетганини айтишади.
«Асосий принцип — тикка ҳужумлар, рўпарадан қилинадиган ҳаракатлардан қочиш. Шунчаки ўз имкониятингиз, кучли ва кучсиз томонларингизни билишингиз керак. Ва душманни яхши билиш, уни ўрганиш, унинг кучли ва кучсиз томонларидан фойдаланиш даркор», — дейди Сирский.
Ўз вақтида Economist Сирский илк ҳарбий таълимни Москва олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида — бу Америкадаги Вест-Пойнтнинг советча муқобили — замонавий Россия армиясининг кўплаб қўмондонлари билан биргаликда толганига эътибор қаратган.
«Аммо ўхшашлик шу ерда тугайди. Унинг бошқарув услуби совет ва рус иерархик амалиётидан кескин фарқланади. У НАТОнинг марказлашмаган қўмондонлик тамойилларига риоя этади ва жанговар руҳнинг муҳимлигини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, замонавий командир доимий алоқада бўлиб туриши керак. У ҳар куни аскарлардан 300 тагача хабар олади», – дея ёзган нашр.
Шу билан биргаликда, Олександр Сирский маълум маънода Валерий Залужнийнинг тескарисига ўхшайди. Собиқ қўмондон оддий аскарлар учун доим уларнинг ёнини олувчи «отадек» бўлиб қолган, ҳарбийлар ўзаро суҳбатда у ҳақда уни яқиндан танийдигандек гапиришади. Сирский эса, BBC суҳбатдошлари фикрича, оддий аскарлар орасида у қадар таниқли эмас, у билан учрашганлар уни фақат ўзини ўйлайдиган одам сифатида билишади, у ҳатто яқин ходимларидан ҳам масофа сақлайди.
Сирский билан гаплашган одамлар унинг кундалик ҳаётда аскетик (таркидунё қилганлар ҳаёти) эканини қайд этишади: у кунига тўрт ярим соатдан ухлайди. Guardian нашрига интервюсида у урушга қадар беш соатдан, дам олиш кунлари эса беш ярим соатдан ухлаганини айтган.
Сирский бир кун олдин тунги соат иккиларда олдинги чизиқдан қайтган бўлса ҳам, эрталаб соат 5:20 да уйғониши маълум. У кунни бир соат тренажёрда машқ қилиш билан бошлайди (тренажёрни ўз штабига ҳам ўрнатган). Агар имконият бўлса, куннинг иккинчи ярмида ҳам яна бир бор спорт билан шуғулланади.
Сирский чекмайди, деярли ичмайди, имкон қадар — соғлом овқатланишга риоя қилади. Унинг кабинети доимо идеал даражада тартибли туради.
Имкон туғилиши билан Сирский олдинги чизиққа йўл олади, дейишади унинг яқин ходимлари. Генералнинг ноодатий ҳоббилари ҳам шундай саёҳатлардан келиб чиққан.
«Қоидага кўра, улар олдинги чизиққа жуда барвақт чиқиб кетади, қайтиш эса жуда кеч. Шу туфайли Украина шарқида осмон жуда гўзал эканини пайқайди ва бу гўзалликни, даҳшатли уруш ва табиат чиройи уйғунлигини тасвирга ола бошлайди», — дейди Анна Маляр. Сирский фотосуратларини энг яқин сафдошларига юборади. Малярнинг айтишича, у генерални Украина ғалабасидан кейин фотосуратлар кўргазмасини ташкил этишга ундамоқда, аммо ҳозирча унинг розилигини ололмаган.
Ҳеч қачон Украина армиясининг таниқли генераллари сирасига кирмаган Сирский қандай қарашларга амал қилишини аниқ айтиш қийин. Ўзидан олдинги раҳбардан фарқли ўлароқ, у қарийб икки йиллик катта уруш даврида у бирор марта ҳам матбуотда унинг армия, уруш ва унинг келажаги борасидаги позициясини тавсифловчи сиёсий мақолалар эълон қилмаган.
Лавозимга тайинланганидан кейин, 9 феврал куни ўз телеграм-каналида эълон қилган илк постида Сирский барча ҳарбий қўмондонлик ва назорат органлари, қўшинлар ва қисмларнинг ҳаракатларини аниқ ва батафсил режалаштириш биринчи галдаги вазифа эканини қайд этган.
«Янги техник ечимларни жорий этиш ва муваффақиятли тажрибани кенгайтириш, масалан, учувчисиз тизимлар ва замонавий электрон уруш тизимларидан фойдаланиш озодлик учун урушда ғалаба қозонишнинг келажакдаги векторларидан биридир. Фақатгина уруш воситалари ва усулларини ўзгартириш ва доимий такомиллаштириш бу йўлда муваффақиятга эришиш имконини беради», — дея ёзган у.
Бошқа томондан, BBC корреспонденти Жонатан Билнинг ёзишича, Сирский армияда катта ҳурматга эга: у гўёки ўз диққат-эътибори, қатъияти ва айёрлиги билан аскарларни ҳайратга солади. Генералнинг ўзи унда хизмат қилаётган оддий одамларни украин армиясининг энг олий қадрияти деб атаган. «Одамлар — бу биринчи қадрият, Ҳаймарслар, MLRS, ҳаво ҳужумидан мудофаа, артиллерия эса кейин», — деган у ТСН учун интервюда.
«Ҳарбий хизматчилар ҳаёти ва соғлиги ҳамиша украин армиясининг бош қадрияти бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади», — дейилади Сирскийнинг телеграмдаги постида.
Бошқа томондан — Украина қуролли кучларининг BBC билан гаплашган бир қанча зобитлари Сирский қаттиққўл қўмондон сифатида танилгани, у ўзига бириктирилган бўлинмалардан улар эриша олиши мумкин бўлганидан ҳам кўпроқ натижани талаб қилишини айтишган. «Ҳарбий ҳаракатлар олиб боришдаги қатъий ёндашуви туфайли аскарларнинг бир қисми у ҳақда яхши фикрда эмас», — дея ёзган Economist. «Қуруқлик кучлари қўмондони вазифанинг бажарилишини уни бажариш учун қурбон қилинадиган одамлар сонидан кўра муҳимроқ деб билган одам сифатида гавдаланади», — дея таъкидлайди «Украинская правда».
Сирскийнинг тарафдорлари бу каби айбловларни ҳам россияликлар, ҳам Украина ичидаги рақиблари томонидан уюштирилган ахборий хуружлар деб аташади. BBC суҳбатдошлари Украина ичкрисидаги рақиблар деб ким назарда тутилганига аниқлик киритишмаган: улар уруш даврида қарама-қаршиликларни янада кучайтириш мақсадга мувофиқ эмаслиги, улар билан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари шуғуллангани маъқул эканини билдиришган.
Ғарб нашрларининг Сирский билан гаплашган журналистлари унинг билимдонлигини тез-тез тилга олишади.
«У тарихга жуда қизиқади. Агар вақтингиз бўлса ва унинг гапини бўлмасангиз, у тарихий сюжетларни, масалан, Рим империяси даврини чексиз узоқ вақт давомида энг кичик тафсилотлари билан айтиб бериши мумкин. У шунчаки ноёб хотирага эга», — дейди Анна Маляр.
Ўтган йил июнида Харкив областининг қайсидир нуқтасидаги махфий қўмондонлик пунктида ушбу генералдан интервю олган Guardian мухбири Сирскийнинг каравоти ёнидаги тумбочкада Карл фон Клаузевицнинг бир жилди турганини кўрганини айтган.
«Плутарх ва бошқа муаллифларни ўқиб, Қадимги Юнонистон тарихи ҳақидаги ҳужжатли филмларни кўриб чиққан одам сифатида мен сизга айтаман: улар ҳам биз бугунги кунда қўллаётган уруш тамойилларидан фойдаланган. Чунки урушларнинг асосий тамойиллари ўзгармаган. Каннда Ганнибалнинг римликлар билан жанги [эрамиздан аввалги 216 йил] ҳақида ўқир экансиз, принциплар бир хиллигини кўрасиз: рақибни қанотлардан айланиб ўтиш, уни қуршаб олиш, асосий зарбдор кучни душманнинг энг заиф нуқтасида тўплаш, душманни синчковлик билан ўрганиш зарурати. Ҳеч нарса ўзгармаган. Хўп, қуролларнинг мураккаблиги ва жараёнларнинг автоматлаштирилганлик даражаси ўзгарган», - дея унинг сўзларини келтирган нашр.
Январ ойида Reuters агентлигига берган интервюсида Сирский айни вақтда уруш янги босқичга ўтганини айтганди – юқори технологик уруш босқичига. Ва бу, ғарблик кузатувчилар қайд этишича, Украина қуролли кучлари янги бош қўмондонининг уруш келажаги борасидаги позицияси собиқ бош қўмондон нуқтайи назарига яқинлигини кўрсатиши мумкин.
Ҳар ҳолда, Сирский ўша интервюда украин армияси фаол мудофааланиш тактикасига ўтиши ҳақида шундай деганди: «Биз шунчаки мудофаада ўтирмасдан, доимий равишда қарши ҳужумлар уюштирсак, баъзи йўналишларда эса ҳужумга ўтсак, душман буни билиб туради».
Ҳозирги шароитда уруш Украина фойдасига ҳал бўлиши мумкинми, деган саволга жавоб бераркан, Сирский шундай деган: «Имконият ҳамиша бор. Уларни топиш ва фойдаланиш керак».
«Ғалабамиздан кейин»
Ғарб матбуоти азалдан Олександр Сирскийни Залужнийдан кейинги иккинчи муҳим украин генерали деб атайди. Россияликлар ҳам Сирскийнинг аҳамиятини ўзига хос тарзда баҳолашган: яқинда Reuters учун берган интервюсида у ўз ҳаётига «бир неча бор» суиқасд уюштирилгани ҳақида айтган. Россиядаги ҳарбийлашган телеграм-каналлар камида икки бор Сирский йўқ қилингани ҳақида хабар беришган. Сирский хавфсизлик нуқтайи назаридан ўзига қилинган суиқасдлар тафсилотларини очиқламаган. «Айтайлик, биз шундай ракета зарбалари ҳақида билардик», — деган у.
Сирский душманни жуда жиддий қабул қилади. «Россияликларга тўғри баҳо бера олмаганларнинг ҳар бири мағлубиятга маҳкум», — деган у Economist’га берган интервюсида.
Ўтган йил май ойида журналистлар Сирский РФ Жиноят кодексининг қайсидир моддалари бўйича Россия ИИВ томонидан қидирувга берилганини аниқлашган. Генералнинг ўзи бу фактга ҳеч қандай муносабат билдирмаган.
Сирский 2019 йилда ҳам, янги сайланган президент Володимир Зеленский Руслан Хомчакни Украина қуролли кучлари бош қўмондони этиб тайинлаганида бу лавозим учун номзодларнинг шорт-листида бўлган, 2021 йил июлида, Хомчак ўрнига Сирский қўли остидаги Валерий Залужний қўйилганида ҳам у номзодлардан бири эди.
«Парда ортидаги айрим сиёсий ўйинчилар бу фактдан фойдаланиб, ўзаро зиддият қўзғаши мумкин. Ҳатто президент администрацияси машҳур, аммо мустақил фикрли Залужнийни собиқ раҳбарига алмаштиришга мойиллиги ҳақида миш-мишлар бор», — дея ёзганди 2022 йил декабридаёқ Economist.
Бу нашр билан суҳбатда Сирский бундай миш-мишларни кескин рад этганди: «Армия сиёсатдан холи. Шундай бўлиши ҳам керак, қонун шуни талаб қилади».
«Сирский Залужнийга ҳасад қилиши ҳақида ёзганлар шунчаки Сирскийни яхши билишмайди. Бу одам шунчаки бошқача руҳиятга эга», — деган BBC’га янги бош қўмондоннинг танишларидан бири.
Шунга қарамай, Киевдаги ҳукуматга яқин доираларда Зеленскийнинг Сирскийга шахсан яхши муносабатда экани ҳақида хабарлар тарқалган — Валерий Залужний эса 2022 йил баҳоридан буён бундай муносабат кўрмаган.
Аслини олганда, янги бош қўмондоннинг лавозимдаги асосий муаммоларидан бири истеъфога чиқарилган ўтмишдоши билан сиртдан рақобатлашиш бўлади. Украиналик кузатувчилар ҳозирданоқ шундай прогноз қилишмоқда: унинг ҳар қандай қадамидан кейин, хоҳ муваффақиятли, хоҳ муваффақиятсиз бўлсин, уни Валерий Залужний билан солиштиришади. Ва бундай таққос, катта эҳтимол билан Сирскийнинг фойдасига бўлмайди — «Залужний вақтида бундай бўлмасди» дейишади — айниқса, янги бош қўмондоннинг машҳурлигини кескин ошириши мумкин бўлган катта муваффақиятлар кутилмаётган, Украина эса жамоатчиликда яхши қарши олинмаётган навбатдаги сафарбарлик остонасида турган маҳалда.
Сирскийнинг стартдаги позициялари ҳам собиқ бош қўмондонники билан солиштирганда кўнгилдагидек эмас: Киев халқаро социология институтининг декабр ойидаги сўровлари кўрсатишича, Валерий Залужнийга украинларнинг 92 фоизи ишонч билдирган, мамлакат аҳолисининг 72 фоиз қисми унинг истеъфосига қарши чиққан. Таққослаш учун: Сирскийга украинларнинг фақат учдан бир қисми ишонч билдирган, сўровномада қатнашганларнинг тенг ярми уни шунчаки танимаган.
Валерий Залужнийнинг истеъфога чиқарилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам оловга мой сепмоқда, бу биринчи навбатда президент жамоаси коммуникация блокининг саъй-ҳаракатлари билан ёмон сценарийдаги узоққа чўзилган сериалга айланганди. Бундай вазиятда, дейди украин экспертлари, Зеленский Залужний ўрнига Наполеонни тайинлаган тақдирда ҳам — барибир миллионлаб украинлар бу генерал тайинловини бутунлай президент хоҳиши билан бўлган сиёсий тайинлов деб билишади.
Бироқ, бизни ҳали «Сирский — Зеленский — армия — жамият» кўпбурчагида муносабатлар қандай қурилиши кутмоқда.
Ҳозир эса Сирский, афтидан, Зеленскийнинг бошқа, бугунги Украина учун энг муҳим масала бўйича позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Ўтган йил ёзида, ABC News мухбири Ян Паннелнинг у урушни қандай якунламоқчи экани ҳақидаги саволига Сирский жилмайганча жавоб қайтарганди: «Биз тинчлик тарафдоримиз. Аммо фақат бизнинг ғалабамиздан кейин».
Журналистни бундай формулировка қониқтирмайди ва у саволни конкретлаштиради: «Урушнинг физик якуни бўйича тасаввурларингиз билан ўртоқлашинг. Бу қандай кўринишда бўлади?»
«Қачонки Украина байроқлари бизнинг бутун чегараларимиз бўйлаб, жумладан Қримда ҳам ҳилпирай бошлаганида», — дея энди тўла жиддий оҳангда жавоб берганди генерал.
Мавзуга оид
20:12
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024