Жаҳон | 11:18 / 16.02.2024
13614
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда йўлда қолиб кетган 27 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинди

Остонадан Россиянинг Челябинск шаҳрига қараб кетаётган автобус Ақмола вилояти ҳудудида бузилиб қолган. Расмий маълумотларга кўра, уловдан 27 нафар ўзбекистонлик ва 33 нафар тожикистонлик фуқаро эвакуация қилинган. Қутқарилганларнинг 17 нафари – болалар. Аввалроқ Қозоғистондаги ватандошларга об-ҳаво шароити сабабли узоқ масофали йўлларга машинада чиқмаслик сўралган эди.

Фото: Ақмола вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти

Қозоғистонда йўлда қолиб кетган 27 нафар Ўзбекистон фуқароси қутқарилган. Бу ҳақда Kun.uz'га Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Остонадаги элчихонаси Ақмола вилояти Фавқулодда вазиятлар департаментидан олган маълумотга кўра, 15 феврал куни Остона-Челябинск йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи автобуси “Жақси-Есил-Бузилиқ” йўлидаги Жақси қишлоғи яқинида бузилиб қолган.

Жақси тумани қутқарувчилари автобусдан 64 кишини эвакуация қилган. Улардан 27 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, шундан 12 нафари – болалар. Қутқарилганлардан яна 33 нафари – Тожикистон фуқаролари (шундан 5 нафари – болалар).

Қутқарилганлар Жақси қишлоғидаги 1-сонли ўрта мактабда жойлашган исиниш жойига олиб боришган. Йўловчилар тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаган.

Олдинроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги совуқ ҳаво ҳарорати сабабли Қозоғистонда бўлиб турган ва транзит йўналишида ҳаракатланаётган Ўзбекистон фуқароларига огоҳлантириш билан чиқиб, зарурат бўлмаганда узоқ масофали йўлларга машинада чиқмасликни сўраганди.

Мавзуга оид